Бу илм маскани, зиё гулшани, Бунда бор: меҳрга йўғрилган ҳаёт. Бағринг кенг, ҳаммага кенгдир даргоҳинг, 100 билан юзлашди муборак ёшинг! Ушбу саҳифа 8-умумтаълим мактаби ташкил этилганлигининг 100 йиллигига бағишланади
МИЛЛАТНИНГ ЭРТАСИ МАКТАБДАН БОШЛАНАДИ
Оқдарё туманидаги энг кўҳна таълим даргоҳларидан бири бўлган 8-мактабнинг ташкил бўлиши 1924 йилга тўғри келади. Ана шу йиллар давомида мактабимизнинг туман, вилоят ва республика миқёсидаги обрў-эътиборини кўтаришда қанчадан қанча устоз-мураббийларимиз фидойилик кўрсатганлигини ҳурмат ва эътибор билан тилга оламиз.
Айни пайтда илм даргоҳимиз 624 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 453 нафар ўқувчиларга 54 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келишмоқда. Мактабнинг ЎИБДЎ Ҳ.Тиловова, ММИБДЎ З. Нуриддинов, ХИБДЎ А.Воҳидов, мактаб амалиётчи психологи М.Пардаева ва жонкуяр устозларимиз С. Муҳаммадиев, С.Раббимов, М.Тошмуродов, Н.Исломова, Ш.Эргашова, Г.Кўбаева сингари фидойи устозларимизнинг номларини алоҳида тилга олсак арзийди. Улар мактабда "Устоз-шогирд" анъанасини давом эттиришиб, Г.Қўчқорова, Ш.Холбоева, Д.Шералиева, Ч.Арбобова, Б.Раббимова ва бошқа устозлари билан биргаликда қатор ютуқларга эришиб келишмоқда.
Шогирдларимиздан Раббимов Қодир 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилган Республика танловининг стол теннис тури бўйича Б категориясида 1-ўринни эгаллаб, мактабга Варкавус спорт майдонини қурилишига ўз ҳисасини қушди. Рустамова Дилдора спортнинг қўл жанги турида 3 маротаба Ўзбекистон чемпиони, бир қанча камарлар соҳибаси ҳисобланади.
Биология фани ўқитувчиси Холбоева Шоҳиста туман ва вилоят миқёсида ўтказиб келинаётган фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлдан бермай келмоқда. Мактабимиз битирувчиларнинг ОТМга кириши юзасидан ўртача балли 82,4 ва 43 %ни ташкил қилмоқда.
Мактабда ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида 18 та фан тўгараги, 5 та спорт секцияси ва 4 та касб тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Бу борада "Оила-маҳалла ва таълим муассасаси" ҳамда "Ота-оналар университети" қўмиталарининг фаолияти мунтазам равишда режа асосида ташкил қилинмоқда. Бунда "Очиқ эшиклар куни" ва турли хил қизиқарли тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ташкил қилинмоқда. Ўқувчиларни китобга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида "Китоб тақдимот"лари мунтазам равишда ўтказилиб, "Ҳар бир оила китобхон" шиори остида тарғибот акциялари ташкил қилинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугунги ҳаётимизнинг қайси масалалари ва вазифалари ҳақида, қайси истиқболлари ҳақида гапирмайлик, бошқариш ва ишлаб чиқаришнинг барча бўғинларида - ҳамма нарса бугунги кадрларга бориб тақалади. Шундай экан, бугунги ислоҳатларимиз мактаб ва ўқитувчиларга бериладиган эътибордан бошланади. Чунки, ўқитувчилар биз учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб беради.
Сирожиддин ОЧИЛОВ,
8-мактаб директори.
МАКТАБНИНГ ТАРИХИ ВА БУГУНИГА БИР НАЗАР
8-мактаб 1924 йил Оқдарё туман Ойтамғали қишлоғида ташкил топган. Мактабни ташкил қилишда Ўроқ Тоғаев ташкилотчилардан бири ҳисобланади. Мактаб аввал 5-сон тўлиқсиз ўрта мактаб бўлиб ташкил этилган. Мактабни ташкил қилишда Ўроқ Тоғаев билан бирга Туйма Шомуродов, Абдуғани Жуманов, Парда Жуманов, Зиёд Жуманов, Қарши Воҳидовларнинг хизмати катта бўлган.
Мактаб ташкил топганда дастлабки мудир ўани Мардиев бўлган. 1934 йилга келиб, мактаб янги бинога кўчган. Шакар Тоғаева, Асал Жуманова,
Анор Шомуродов, Ўғилой Тоғаева, Раббим Хушвақтов ва бошқалар мактабнинг биринчи ўқувчилари эди.
1937 йили мактабга Ўзбекистон Республикаси раҳбари Йўлдош
Охунбобоев ташриф буюрди.
Мактабга турли йилларда Малик Воҳидов, Эргаш Ҳамраев, Бошмон Ўроқов, Тўхтаев, Жалол Бердиқулов, Жиян Ҳусанов, Анвар Ўтаев, Мўминжон Эргашев, Сатторхон Нуриддинов, Мурод Қўчқоров, Собир Муҳаммадиев, Худойқул Худойназаров, Сайдулло Олтибоев, Маҳбуба Мўминова, Дилфўза Мансурова ва ҳозирги кунда Сирожиддин Очилов каби ташкилотчи ўқитувчилар раҳбарлик қилиб келишган.
Ўтган давр мобайнида мактабда фаолият кўрсатган "Халқ таълими аълочиси" унвонига сазовор бўлган Рисолат Бобоева, Қаюм Туймаев, Алиқул Умиров, Қўчқор Тошмуродов, Мўминжон Эргашев, Насим Шодиев, Ойшаҳар Умирова, Руқия Маннонова, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" Эшмон Эштурдиевлар фидойи устозлар сифатида ёшлар қалбидан чуқур жой эгаллаган. Фахрий устозларимиздан Саида Умрқулова ҳам "Халқ таълими аълочиси" ва "Фидокорона меҳнатлари учун" ордени билан мукофотланган.
Ушбу мактабни битириб, айни пайтда жамиятимизнинг турли жабҳаларида масъул вазифаларда ишлаётган ўнлаб, юзлаб шогирдларимизни фахр ва ифтихор билан тилга оламиз. Самарқанд Ветеренария медицина университети ўқитувчиси, Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Комил Мўминов, Республика Маҳаллалар ходимлари малакасини ошириш бошлиғи Хуршид Очилов, СамДУ жаҳон тарихи кафедраси мудири, доцент, "Шуҳрат" медали соҳибаси Самарқанд шаҳар 1-ИДУМ ММИБДЎ Ўринова Дилрабо, СамДУ Ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Светлана Умирова, Оқдарё туман ҳокимлигида кадрлар бўлими бошлиғи Жасур Ҳамрақулов, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар полковниги Самандар Қўчқоровлар бизнинг фахримиздир.
Бугунги кунда ҳам мактабимиз ўқитувчилари ва ўқувчилари турли мусобақа ва тадбирларда қувончли ютуқларни қўлга киритишмоқда. Жисмоний тарбия ўқитувчиси Раббимов Қодиржон "Беш ташаббус"олимпиадасининг стол тенниси тури бўйича "Ўзбекистон чемпиони" бўлди ва мактабга 120 миллионлик спорт иншооти қурилди. 7 "Б" синф ўқувчиси Рустамова Дилдора "Қўл жанги" бўйича Осиё спорт мусобақасида фахрли ўринни эгаллаб, бир неча бор "олтин камар" соҳибаси бўлди.
11-синф ўқувчиси Шералиева Гулюз, 10-синф ўқувчиси Абдусаматова Райҳона, 4-синф ўқувчиси Қўчқорова Ширинахон спортнинг стол тенниси бўйича республика босқичида фахрли 1-2- ўринни эгаллашди. Ушбу ютуқларга эришишда ўқитувчи Саидов Қўчқорнинг хизматлари катта эканлигини алоҳида тилга оламиз.
Шуҳрат МЎМИНОВ,
фахрий ўқитувчи.
МОЗИЙГА ҚАРАБ ИШ ТУТМОҚ ХАЙРЛИДИР
Туманимиздаги энг кўҳна илм масканларидан бўлмиш бизнинг 8-умумий ўрта таълим мактаби ташкил топганига бир аср, яъни 100 йил тўлди. Ана шу шонли давр мобайнида ўқувчиларга тарих-ҳуқуқ фанларидан жуда катта тажрибага эга бўлган устозлар таълим-тарбия бериб катта натижаларга эришганлигини фахр билан тилга оламиз. Бу борада Бобоева Рисолат, Турдонов Хушвақт, Шодиев Насимхон, Ўтаев Анвар, Нуриддинов Сатторхон, Очилов Абдуалим, Нарзуллаева Махфират, Арбобова Раъно, Маликов Илҳом каби устозларнинг ўрни беқиёсдир. Тарихчи устозлардан Ўтаев Анвар, Нуриддинов Сатторхон, Очилов Абдуалим устозларимиз мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида фаолият юритишган.
Бугунги кунда устозлар иш тажрибасини давом эттираётган тарих ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчилари ҳам самарали фаолият юритиб келишмоқда. Мен ҳам ўзимнинг 32 йиллик педагоглик фаолиятим даврида ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ бериб келмоқдаман. Педагоглик иш фаолиятим давомида ўқувчиларга пухта билим бериш билан бир қаторда уларнинг фанга бўлган қизиқиши ва меҳр-муҳаббатини оширишга ҳамда турли хил тадбирларда, фан олимпиадаларида фаол иштирокини таъминлашга астойдил ҳаракат қилмоқдаман.
2005 йилда "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик- танловининг туман босқичида фахрли ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Мактабда фан ойликлари давомида бир неча маротаба туман, вилоят миқёсида семинарлар ташкил этдик. Ушбу тадбирларга вилоят ўқитувчиларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказидан профессор ўқитувчилар К.Ҳайдаров ва Г. Тагаевлар иштирок этишиб, семинар намунали ташкил этилганлиги ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек, Самарқанд тажрибаси сифатида ташкил этилган Мобил гуруҳда тренерлик фаолиятини олиб бормоқдаман.
Ўқувчиларимдан Гулида Норқулова, Шаҳноза Жўраевалар 2012 йилда Зулфия номидаги мукофотга номзод танлашда фан йўналиши бўйича қатнашиб, вилоятда фахрли 2-ўринни эгаллашди. Дилмурод Аҳмедов, Юлдуз Сулаймонова фан олимпиадасининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичида фахрли ўринларни эгаллаган.
Мактабимизнинг яна бир тарих фани ўқитувчиси - Дилшод Худойназаров олий тоифали ўқитувчи ҳисобланади. Унинг ўқувчиси Меҳрож Ўроқов 2021-2022 ўқув йилида тарих фанидан фан олимпиадасининг туман босқичида 3-ўринни эгаллади. 2022-2023 ўқув йилида Дилноза Муродуллаева Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган "Конс-титуциямиз - эркинлигимиз кафолати" танловининг туман босқичида 1-ўринни, вилоят босқичида 3-ўринни эгаллаган.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган даврлар мобайнида мактабимиз жуда катта ютуқларга эришган. Шундай экан, бизлар ҳам мактабимиз шаъни ва қадр-қимматини оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Айни пайт-да эса бизнинг ўқувчиларимиз республикамизнинг турли жабҳаларида фаолият юритиб, она-Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганлиги биз устозларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Нодира Исломова,
тарих-ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси.
ОРЗУИМГА АЛБАТТА ЭРИШАМАН
Мен таҳсил олаётган илм даргоҳи юз ёшни қаршиламоқда. Мен эса эндигина 12 ёшни қарши олмоқдаман. Шуни қувонч билан тилга оламанки, мен ўзим таҳсил олаётган жонажон мактабимни, қолаверса, бу илм даргоҳида ёш авлодга таълим-тарбия бераётган меҳрибон ва жонкуяр устозларимизни жон-дилимдан яхши кўраман. Мактабимизда биз ёшларнинг таълим-тарбия олиши ҳамда бўш вақтларимизда турли хил тўгаракларда шуғулланишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Мен устозим Шокир Низомов фаолият кўрсатадиган "Қўл жанги" спорт тўгарагига 4-синфимдан бошлаб қатнашиб келаман. Бу спорт тури айниқса, қиз болалар учун анча оғир бўлса керак деб ўйлар эдим. Лекин, инсон астойдил шуғулланса, ҳаракат қилса ўз мақсадига албатта эришар экан. Устозимнинг ёрдами билан тинимсиз меҳнат қилдим, туман, вилоят биринчилиги мусобақаларида иштирок этиб, биринчи ўринларни эгаллашга муваффақ бўлдим. Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 1-ўрин ғолиби бўлдим.
2022 йилда ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди. Ўша йили Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида "Комбат айкеда ММА" тури "Нокдаун А" йўналиши бўйича иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллаб, Осиё чемпиони бўлишга сазовор бўлдим. Ҳозиргача 20 та медаль, 7 та камар соҳибаси бўлдим. Бундай улкан ютуқларга бир ўзим эришдим, дея олмайман. Албатта, бу каби ютуқ ва натижаларга эришишимда барча устозларимнинг ҳиссаси катта эканлигини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламан.
Шуни қувонч билан айтиш лозимки, спорт билан шуғулланишим учун дадам уйда ҳам мен учун барча шарт-шароитларни яратиб берган. Мен ҳозирга қадар Тожикистон, Қирғизистон давлатларида бўлиб ўтган мусобақаларда иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллаб, жонажон Ўзбекистонимизнинг байроғини кўкларга кўтарганимдан жуда хурсандман.
Келажакда орзуларим жуда кўп. Қани эди, мен ҳам машҳур спортчи қиз Диёра Келдиёровага ўхшаб Ўзбекистоннинг фахрига айлансам! Бунинг учун барча қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтишга, албатта ўз мақсадимга эришишга астойдил ҳаракат қиламан.
Дилдора РУСТАМОВА,
8-мактаб ўқувчиси.
УСТОЗИМ БИЛАН ФАХРЛАНАМАН
Саида Умирқулова 1977 йилда 9-умумтаълим мактабини олтин медал билан тугатган. 1981-1986-йилларда Самарқанд давлат университетининг кимё факультетида таҳсил олган.
1986-2014-йилларда 8-умумтаълим мактабида олий тоифали ўқитувчи сифатида самарали фаолият олиб борган. Тажрибали ўқитувчи дарсларини доимий равишда интерфаол усулларда ўтганлиги сабабли ўқувчиларда кимё фанига катта қизиқиш уй-ғотган. Шунингдек, ўқувчилар билан дарсдан ташқари ҳам шуғулланиб "Ёш кимёгар" тўгарагини йўлга қўйган.
Устознинг берган чуқур билимлари боис мактаб ўқувчилари ва жамоаси турли кўрик-танловлар, фан олимпиадаларининг туман ва вилоят босқичларида мунтазам фахрли ўринларни эгаллаб келган. Саида Умирқулованинг "Кимё фанида дидактик воситалардан фойдаланиш" мавзусидаги иши туман ва вилоят миқёсида оммалаштирилган.
Устознинг узоқ йиллик меҳнатлари самараси ўлароқ, 2010-йилда "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони ҳамда 2011-йилда давлатимизнинг олий унвони - "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланган.
Бугун устознинг кўплаб шогирдлари фан, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият олиб бормоқда. Шогирдлари билан бир қаторда устознинг фарзандлари ҳам Янги Ўзбекистоннинг ривожи учун самарали хизмат қилмоқда. Катта қизи Светлана Умирова филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Самарқанд давлат университети доценти, кичик қизи Сурайё Умирова тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори ва Самарқанд давлат тиббиёт университети доценти. Ўғли Шуҳрат Умиров Ватан ҳимоясида, капитан ҳарбий унвонига эга. Келини Баҳора Раббимова ҳам таълим соҳасида меҳнат қилади, у ҳам олий тоифали ўқитувчи бўлиб, мактабимизда математика фанидан сабоқ беради.
Устоз Саида Умирқулованинг таълим ва тарбия йўлидаги машаққатли ва шарафли касбидан эришган ютуқлари биз ёш ўқитувчиларга дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Мен ҳам шундай фидойи устознинг шогирди эканлигимдан фахрланаман.
Ҳабиба Тиловова,
кимё фани ўқитувчиси.
СПОРТНИНГ ЎРНИ БЕҚИЁСДИР
Спорт ҳақида гап кетганда, 8-умумий ўрта таълим мактабида ишлаган устозларимиз ва бугунги кунда ўз фаолиятини олиб бораётган ўқитувчилар, ўқувчилар эришган натижаларни фахр билан тилга олсак арзийди.
8-умумий ўрта таълим мактабида жисмоний тарбия фани бўйича устозларимиздан Насимхон Шодиев, Насим Расулов, Абдуалим Очилов, Асад Самадов, Эшмон Эштурдиев, Зойир Суяров, Абдуҳомид Ҳакимов, Қўчқор Саидов, Хуршид Хушвақтов, Қодиржон Раббимовларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Бугунги кунда фаолият олиб бораётган Рус-там Ҳайитов, Зайниддин Нуриддинов, Нодир Нишонов, Жамшид Насимов, ўайрат Раббимовлар спорт мусобақаларининг туман, вилоят бос-қичларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Жумладан, 2005 йил Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган "Умид ниҳоллари" спорт мусобақаларининг катта теннис бўйича вилоят босқичида иштирок этган Абдуҳомид Ҳакимовнинг 4 нафар ўқувчиси фахрли 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритишган эди. Рустам Ҳайитовнинг шогирдлари Ургут туманида бўлиб ўтган волейбол спорт мусобақасида фахр-ли 2-ўринни эгалладилар. Қўчқор Саидовнинг шогирдлари ва мактабимиз ўқувчиларининг стол тенниси бўйича эришган натижалари эътирофга лойиқдир. Стол тенниси бўйича Шуҳрат Нишонов, Баҳора Бурхонова, Зилола Эшпўлатова, Гулюз Шералиева, Рухшона Норқулова, Ноила Нишонова, Чарос Бурхоновалар Ўзбекистон чемпиони бўлдилар.
2023 йилда жисмоний тарбия ўқитувчиси Қодиржон Раббимов стол тенниси бўйича "Беш ташаббус" олимпиадасида Республикада фахрли 2-ўринни эгаллади.
Бир сўз билан айтганда, ҳаётимизда, айниқса, ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етишида спортнинг ўрни беқиёсдир.
Озода ЭЛМУРОДОВА,
жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.
УСТОЗЛИК - УЛУҒ БАХТ
Мактабимизда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия беришдек муқаддас вазифани адо этиш йўлида ўз ҳаётини бахшида этган устозларимиз жуда кўпчиликни ташкил этади. Бу устозларнинг орасида география фани ўқитувчиси Мўминжон Эргашевнинг номини алоҳида тилга олсак арзийди. Устоз М.Эргашев 60-йилларда Ойтамғали қишлоғидаги 60-сонли (ҳозирги 8-мактаб) мактабда ўқитувчи, 22 йил мобайнида илмий бўлим мудири бўлиб ишлаган. 1970-1980 йилларда директор вазифасида фаолият олиб борган. Ўзбекистон Республикаси Халқ Маорифи аълочиси бўлган.
Биология фани ўқитувчиси Шуҳрат Мўминов 2002-2005 йилларда туман Халқ таълими бўлимида Табиий фанлар методисти бўлиб ишлаган. 2005-2015 йиллар давомида 8-мактабда ММИБДЎ бўлиб ишлаган .
Биология фани ўқитувчиси Маҳбуба Мўминова 1994 йилда "Матонатли зиёкор" медали билан тақдирланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълимга бўлган эътибор янада ортиб бормоқда. Таълим тизимига Сингапурнинг "Маршалл Cавендиш Эдуcатион" ҳалқаро таълим ташкилоти дастури асосида таълим тизими ташкил этилди. Бу таълим тизимида мактабда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўз касбий маҳоратини ривожлантираётган ўқитувчи Шоҳиста Холбоева- нинг ўқувчилари туман, вилоят миқёсида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Дилшода ШЕРАЛИЕВА,
география фани ўқитувчиси.
(Ушбу саҳифани махсус мухбиримиз
Гулсара ТИНИБЕКОВА тайёрлади).
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38
Таълим натижалари
- 21 дек, 10:24