Инсон хотираси азиз ШОГИРДЛАРИГА ДОИМО НАМУНА ЭДИ, ҒУЛОМ АКА!
Умрлар бўладики, тиригида ўликдир,
Умрлар бўладики, ўлганда ҳам тирикдир.
Мақсуд Шайхзода.
Ғулом Мўминов 1939 йилнинг 22 сентябрда Янгиқўрғон қишлоғида туғилди. Бу пайтда отаси Мўмин Ҳакимов қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси вазифасида фаолият кўрсатарди. 1941 йилда иккинчи жаҳон уруши бошлангач, отаси Ватан ҳимоясига отланди ва урушдан қайтиб келиш унга насиб этмади. Шу боисдан Ғулом аканинг болалик йиллари оғир уруш даврига тўғри келди. Онаси Каромат Ҳакимова дала ишларида қатнашиш билан бирга ўғлининг тарбиясига алоҳида эътибор берди. Шу туфайли Ғулом ҳам биринчи синфдан бошлаб то мактабни битиргунча мактабни аъло баҳолар билан битирди. 1956 йилда мактабни муваффақиятли битиргач, ҳайдовчиларни тайёрлаш курсида ўқиди. Ўзининг ташаббускорлиги ва билимдонлиги билан тезда элнинг ҳурматини қозонди. Шу туфайли 1968 йилда вилоят ички ишлар бошқармасининг давлат автомобиль назорати инспекциясига ишга қабул қилишди. Бир неча йил оддий инспектор бўлиб ишлади. Бу даврда ўзининг ҳалоллиги, ширинсуҳанлиги ва адолатпарварлиги билан маъмуриятнинг ҳурматини қозонди. Натижада 1974 йилдан бошлаб Оқдарё туман ички ишлар бўлимининг давлат йўл назорати инспекциясининг бошлиғи вазифасига тайинланди. Ўн йил вақт давомида бу вазифада самарали фаолият кўрсатди. У кишининг бевосита ташаббускорлиги ва ҳаракатчанлиги туфайли туманда автоҳалокатлар сони кескин қисқарди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ишдан ажралмаган ҳолда Ғулом Мўминов Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини сиртдан тамомлади. Вилоят ички ишлар бошқармаси маъмурияти 1984 йилда бу инсонни туман ички ишлар бошлиғининг ўринбосари вазифасига тайинлашди. Ғулом Мўминов бу вазифада то пенсияга чиққунга қадар, аниқроғи 1991 йилгача фаолият кўрсатди.
Мен ўулом Мўминов билан бирга кўп марта суҳбатлашганман. У кишида ўз миллатига бўлган ҳурматни кўриб қойил қолганман. Чунки 1989 йилда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши арафасидаги ҳаракатлари, чиқишлари тумандошларимизда катта таассурот қолдирганди. У киши ҳар бир инсон ўз тилини яхши билиши, урф-одатларга амал қилиши керак, деб ҳисоблар, фарзандларини ҳам миллий урф-одатларимизга содиқ қолган ҳолда тарбияларди. Шу боис 9 нафар фарзандларининг барчаси эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишди. Фарзандлари Ғафур, Клара, Шавкат, Фарида, Фур- қат, Дилфуза, Отабек, Улуғбек ва Мангубердилар ўзларининг одоби, ахлоқи туфайли ўз оталарига раҳматлар олиб келишди. Айни пайтда Ғафур ва Фурқатлар вафот этган бўлсада, уларнинг ишларини фарзандлари давом эттиришмоқда. Ўғли Шавкат Ғуломов кўп йиллар давомида вилоят ички ишлар бошқармаси йўл назорати бўлинмасида самарали меҳнат қилди.
- Мен устоз Ғулом Мўминов билан кўп йил бирга ишлаганман,- дейди ҳуқуқшунос Шавкат Қурбонов суҳбат пайтида. - У киши қатъиятли, кўнгли очиқ, миллатпарвар, шогирдларига ўта меҳрибон инсон бўлганлигини кўпчилик яхши билади. Туманда етмишинчи йиллардан кейин ички ишлар тизимига келган барча ходимларни бевосита у кишининг шогирдлари дейишимиз мумкин. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, устоз доимо бизга газета, журнал ва китоб ўқишимизни ўқтирардилар. Ўзи ҳам мунтазам равишда китоб ўқиб борар, шу боисдан ҳам биз у кишидан ўрнак олишга ҳаракат қилардик. Ўта адолатпарвар инсон бўлганлиги учун туманимизнинг барча аҳолиси у кишини ҳурмат қилар, кези келганда маслаҳатлар сўрарди. Камтарлик у кишига хос бўлган одатлардан бири эди. Буни туманимиз раҳбарлари ҳам доимо таъкидлашарди.
- Отам билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди ўғли Шавкат. - Биз ҳам отамизнинг изидан бориб шу соҳада меҳнат қилдик. Оилада қаттиққўл бўлиш билан бирга ниҳоятда меҳрибон эдилар. Мунтазам равишда мактабда қандай ўқиётганлигимизни суриштириб турар, кундалик дафтарларимизни эринмасдан варақлаб чиқарди. Аъло баҳо олсак елкамизга қоқиб қўйиб баракалла, ана шундай ўқиш керак, келажак ёшларники, деб кўнглимизни кўтарарди. Биз ҳам отамнинг бу сўзидан илҳомланиб барча фанлардан аъло ўқишга ҳаракат қилардик.
Оқдарёнинг фидойи фарзанди, ташаббускор раҳбар, миллатпарвар инсон Ғулом Мўминов 2018 йилнинг 31 январида вафот этди. У киши ҳозирда орамизда бўлмасада, Говбанд қишлоғи аҳолиси ўулом аканинг амалга оширган хайрли ишларини эслаб туришади. Чунки қишлоқда фойдаланишга топширилган футбол стадионининг қурилишида, савдо мажмуаларининг ишга туширилишида бу инсоннинг хизмати ниҳоятда катта бўлган. Демак, бундай инсонларнинг номи мангу яшайди.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00