Қутлов МЕН БИЛГАН "ЖАННАТ ҚУШИ" ёхуд "ДАРВЕШ АЁЛ" ТАНИҚЛИ АДИБА ВА ШОИРА ОЙГУЛ МАМАТОВА 70 ЁШДА!

Ойгул Маматова (Ойгул Муҳаммад Жиян қизи). Бу аёл ҳақида кўпчилик жуда кам маълумотга эга. Унинг депутат бўлганлиги, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира эканлиги ва охирги йилларда "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини ободонлаштираман, деб юрган мухлис сифатида билишадилар. Мен бугун Ойгулнинг очилмаган қирралари, унинг тўғрисида айтилиши лозим бўлган аммо ҳали эътироф этилмаган ижодий меҳнатлари ҳақида қисқа маълумот ёзишга қарор қилдим.
Ойгул билан болаликдан дўстмиз, ижодий, маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнларда бирга қадам ташладик. Ойгул Маматова мен қирқ йилдан буён ишлаб, ҳозирда муҳаррирлик қилаётган "Оқдарё овози" туман газетаси жамоатчи мухбирларининг қаҳрамони, десам муболаға эмас. Чунки 1970-йиллардан буён у ўзининг фалсафий мушоҳадага бой шеърлари, долзарб мақолалари, ташкилий тадбирлари билан газета мухлисларининг қалбини забт этган ҳамда газетамиз қошидаги "Навниҳол" ижодий клубимизнинг раҳбари. У бутун умри давомида Оқдарё халқи билан, уларнинг дарди, орзулари билан яшади. Халқимиз уни 1990-1995 йилларда Ўзбекистон Халқ Депутати этиб сайлади ва у сайловчиларининг ишончини қозонди, чунки бугунга қадар халқимиз унга "Депутат опа!" деб, ҳурмат билан мурожаат қилади, улар доим Ойгулнинг ҳақиқатни қарор топтиришига ишониб, муаммоларини айтадилар ва мамнун бўладилар. Ойгул ҳамиша ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ниманидир кашф этишни, доим янгилик яратиш, биринчилар қаторида бўлишни орзу қилиб яшади ва буни уддалади. У миллий қадриятларимизни асраш, тарғиб этиш борасида истибдод таъқиқларига қарамасдан 70-йиллардаёқ туманимиз мактабларида "Наврўз" байрамини нишонлашни бошлаб берган эди. Ўша йилларда туманимизда биринчи бор "Омонёр" фольклор ансамбли ҳамда "Читтигул" болалар фольклор ансамблларини ташкил этиб, оммалаштирди ва республика миқёсига чиқарди. Колхоз раисининг муовини, туман "партбюро"си аъзоси сифатида ҳам бир қанча курилишлар, боғча, мактаблар, ободончилик ишларига бош бўлди.
У ўта камтар, инсонпарвар аёл. Ватанининг, халқининг беминнат хизматкори. Унинг кўксида олий маълумот нишонидан бошқа, ҳатто қўлида Мустақиллик йилларида олган бирорта фахрий ёрлиғи ҳам йўқ, аммо у ўзини дунёдаги энг бахтли аёл, деб ҳисоблайди. Чунки у Мустақиллик учун кураш майдонига тушган, озодлик учун биринчилардан бўлиб овоз берган ўзбек аёли. Ҳар йил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган сана ҳамда Мустақиллик эълон қилинган кунларни у оила аъзолари билан даласида, мўъжазгина "Тоҳир ва Зуҳра" боғида фахр ва ифтихор ҳамда кўзларидаги қувонч ёшлари билан нишонлайди. Хотираларини саҳифаларга туширади. Хуллас, бу аёлнинг ўзига хос ажойиб олами бор. Ижодда эса, халқ ҳаётидан илҳом олиб, туҳфаларини яна халқига тақдим этади. Ойгул қалбидан отилиб чиққан халқчил, жанговар шеърларини тўплаб, "Дарвеш аёл" мажмуасини чоп эттирди ва эл-юрт дардини елкасида кўтариб, "Ҳақ дўст!" қўшиғини айтиб бораётган, рамзий маънода аёллар зотидан чиққан биринчи дарвеш сифатида энг чиройли ном "Дарвеш аёл" тахаллусини олди.
Ойгул Маматова - Ўзбек адибалари сафидан чиққан биринчи романнавис аёл. Унинг 1992 йил ў.ўулом нашриётида 30 000 нусхада чоп этилган "Жаннат қуши" романи республикамиз китобхонлари томонидан зўр қизиқиш билан кутиб олинган эди. Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов романнинг сўзбошида Ойгулнинг ижодига, ҳаётига чиройли таъриф берган. Роман тўғрисида таҳлилий мақола ёзган адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев асарга ижобий баҳо бериб, ўз ўрнида ўзбек адабиётидаги ўрнини ҳам ҳам эътироф этган эди. Кейинги йиллардаги Ойгулнинг ҳаётидаги муаммолар, қишлоқдаги мураккаб ҳаёт, адабий муҳитдаги узилишлар унинг асарлари ҳамда ижодий фаолиятининг адабиётшунослар томонидан чуқур ўрганилмай, тарғиб этилмай қолишига сабаб бўлди. Аммо, мен билган Ойгул ҳеч қачон тушкунликка тушмади, машаққатлар ичидан янада кашфиётлар топди. Бахтли оиласи, турмуш ўртоғи, олти нафар фарзанди, ўн тўққиз набираси, етти эвараси билан бирга бугун ҳам шиддатли, шарафли ҳаёт билан ҳамнафас, ғайрат-шижоат билан яшамоқда, ижод қилмоқда. Шогирдлари даврасида "Оқдарё баёзлари"ни чоп этмоқда. Унинг ҳозирги дақиқалардаги энг улкан ва буюк орзуси - ўзи улғайган Оқдарёнинг "Қоработир" қишлоғида жойлашган "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳи қошида "Ўзбек халқ достонларининг очиқ музей хиёбони "МУҲАББАТ ҚАСРИ" мажмуаси қурилишининг лойиҳасини амалга оширмоқдир. Бу борада илмий изланиб, зиёратгоҳ тарихини ўрганиш, халқимиз орасидаги ривоятлар ҳамда саргузашт воқеаларни тўплаш асносида "Менинг Тож-Маҳалим" бадиий публицистик китобини чоп эттирди, лойиҳалар тузди. Дунёга машҳур ўзбек халқ достонларига, жаҳон адабиёти муҳаббат достонларининг шоҳ асари "ТОҲИР ВА ЗУҲРА" достонига, достон қаҳрамонлари Тоҳир, Зуҳра ва Қоработирлар дафн этилган "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳига жаҳон сайёҳларининг эътиборини жалб этмоқ, дунё тамаддунида жонажон Ўзбекистонимизнинг буюк тарихини мадҳ этгувчи яна бир олтин саҳифасини очмоқ - Ойгулнинг олий мақсадига айланди. Аминмизки, Дарвеш аёл - мен билган "ЖАННАТ ҚУШИ" ушбу режасини ҳам уддалайди. "ТОҲИР ВА ЗУҲРА" зиёратгоҳи қошида қад кўтарган "МУҲАББАТ ҚАСРИ" нафақат Оқдарёни, Самарқанду, Ўзбекистонни оламга машҳур этади! Бу Ойгулнинг ҳамда биз оқдарёликларнинг шиоримиз, қароримиз!
Оқдарёнинг забардаст ижодкори Ойгул Маматовани туғилган куни ва 70 ёшли юбилейи билан жамоамиз аъзолари ва барча оқдарёликлар номидан муборакбод этамиз.
Сизларнинг эътиборингизга Ойгулнинг навбатдаги шеърлар тўпламини тақдим этамиз. Ушбу бетакрор шеърлар шукуҳидан сизнинг ҳам қалбингизда "Муҳаббат қасри" бунёд этилишига аминмиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

"ТОҲИР-ЗУҲРА" ВА ТУРИЗМ ОҚДАРЁНИ ДУНЁГА МАШҲУР ЭТАДИ
- 01 фев, 12:30

Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22