САМАРҚАНДГА ҚАЙТГИМ КЕЛАДИ... 1. Оқдарёдан оққан наволар (йўл дафтаридан)

Биз бу  сўлим тупроққа  қўшни Пайариқда туғилиб - ўсиб, ўқиб - униб, туманимиз газетаси қошидаги шеърият тўгарагида танишиб, шеърнинг илк таъмини, исини  бирга-бирга ҳис этиб келган шоира дўстим Саодат Донабоева билан кириб келдик. Оқдарё сувларини тўлқинлантирган шамоллар юзларимизни силади. Баҳорнинг гўзал ойи - апрель ёмғирлари сочларимизга марвариддек сочилди. 
Биз шу туманнинг фахрли қизи, гўзал ва нозиктаъб шоираси, ўзбекнинг истеъдодли адибаси, илғор фикрли сиёсатчи аёл (1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлис депупати), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бугунги кунда ҳам бор иқтидори ва меҳнатини туман маданияти ва маърифатига бағишлаётган Ойгул Маматова ҳамроҳлигида билмаганларимизни билдик, кўрмаганларимизни кўрдик. Опа туман ҳаёти ва бугунги кунда олиб борилаётган хайрли амаллардан сўзлаб берди. 
- Ўзим ҳам тинч ўтиролмайман. Самар-қанд Давлат университетининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олиб, ушбу факультет   қошидаги журналистика бўлимида ўқитувчилик қилдим. Шу кунгача "Жаннат қуши" (роман), "Дарвеш аёл"(шеърлар), "Ўлик шоҳ" (трагедик драма), "Садоқат"   (достон), "Менинг Тож-Маҳалим" (тарихий - публицистик рисола), "Оналар баёти" номли китобларимни китобхонларга тақдим этдим. Ҳозирда Ўзбекистон Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасини бошқариб келмоқдаман, - дейди Ойгул Маматова. Ижодий суҳбатимиз туман "Оқдарё овози" газетаси таҳририятида янада жўшқин тус олди. 
- Энг муҳими, опа бугунги кунгача газетамиз қошида ташкил этилган "Навниҳол" ижодий жамоа ва "Жамоатчи мухбирлар мактаб"ларини янада ривожлантириш  йўлида беминнат хизмат қилмоқда, - дейди мамнуният билан мазкур газетанинг фидойи  бош муҳаррири, ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Йўлчи Муҳаммадиев. - Опанинг ҳам ижодий, ҳам ижтимоий-сиёсий фаолияти муносиб тақдирланиб,  кўксини "Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги", "Мўътабар аёл",  "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишонлари безаб турибди. Туманимиз адабий муҳити ва босиб ўтаётган тарихий йўлида жуда кўплаб устоз ижодкорлар, замондош адиб ва шоирлар қаторида келаётган ёш қобилиятли ижодкорларни ҳам кўриб қувонамиз. Буни қатор йиллардан буён чоп этилиб келаётган "Оқдарё баёзи" сўзлаб турибди.
Бугунги кунда  Ойгул опа Маматова  туманда тугатилиб кетган Халқаро "Олтин мерос" жамғармасини қайта очиб (2014 йилда), адабиёт, санъат, миллий урф-одатларимиз, тарихий ёдгорликларимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш соҳасидаги давлат ташкилотларида ишлаб орттирган тажрибаларини, қонунчилик ва ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, жамоат ташкилотлари ва жамоатчилик бўйича амалга оширган  тарғибот ишларини нодавлат ташкилот раҳбари сифатида иштиёқ билан давом эттирмоқда. Ташкилот ўз иш фаолияти даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс-титутларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг кўплаб грант танловларида иштирок этиб, 6 та лойиҳа ғолиби бўлди. Бу ҳаракат ва меҳнат қатор Фахрий Ёрлиқлар, Ташаккурномалар, 2023 йилда эса "Энг фаол ташкилот" номинацияси бўйича рутба ва диплом билан тақдирланди. 
- Опа айни пайтда туманимизда жойлашган "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳи лойиҳаси ва "Оқдарё наволари" мумтоз, фолькнор этнографик ансамбли жамоаси билан жуда хайрли  ишларни амалга оширмоқда, - дейди туман газетаси бош муҳаррири. 
- Ушбу зиёратгоҳ  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Маданият ва маърифат" жамғармаси қошидаги Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги 1996 йилги 29 сентябрь № 299 сонли қарори ҳамда 1999 йилги 2 декабрь № 300 сонли Оқдарё туман ҳокимининг қарорлари билан зиёратгоҳни ободонлаштириш, тарихини ўрганиш ва туризм масканига айлантириш мақсадида давлат тасарруфига олинган. 2020 йилдан буён ташкилот томонидан мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида қабристон тозаланиб, атрофига 600 туп манзарали дарахт кўчатлари, атиргул ва настаринлар экилиб келинмоқда. Ниятимиз улуғ: шу қадамжони ободонлаштириб, зиёратгоҳда "Муҳаббат қасри" ва сайилгоҳлар яратишдир,  - дея суҳбатимизни давом эттирди Ойгул  Маматова. - Бундан ташқари, фаолиятим доирасида туман "Оқила аёллар" ҳаракатини ҳам бошқариб келмоқдаман. Ўз хонадонимда ташкил этган кутубхонамни "Халқ кутубхонаси", деб атайман. Ундаги  китобларни олиб ўқиётган қишлоқдошларимни кўриб, ўзим ҳам қувонаман. Бугунгача ўз қўлларим билан кашта тикишни, бу ҳунарни ёш қизларга ҳам ўргатишни канда қилмадим. Бу менга завқ бағишлайди, илҳом беради. Тиккан кашталарим, китобларим ва ўзимга тегишли бошқа ашёларни жойлаган хоналарни "Ижодхонам"га айлантирганман. Бу ерга дўстларим, ижодкорлар тез-тез келиб туришади, улар билан ижодий суҳбатлар ўтказаман. 
Туман таҳририятида бўлиб ўтган қизғин суҳбатдан сўнг опа билан йўлимиз "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳига уланди. Қабристонга кириш йўлагига 15 та достоннинг номлари ва улардан келтирилган ибратли иқтибослар тошларга ўйилиб ёзилган, китоб шаклида очилиб, қаторасига темир илгакларга ўрнатилган. Бу достонлар адабиётимизнинг ўлмас бойлигига айланган: "Тоҳир ва Зуҳра", "Баҳром ва Дилором", "Алпомиш", "Суманбар", "Вомиқ ва Узро", "Лайли ва Мажнун", Гул ва Наврўз"... Опа бу йўлакни "Достонларнинг очиқ музейи" деб атади. Қабристондаги Тоҳир ва Зуҳра, Қоработир қабрларининг атрофида майда яшил баргли садақайрағочлар майин шамолда тебраниб, шовуллаб турибди. 
Зиёратдан сўнг шаклланиб, ўз номига муносиб бўлишга интилаётган "Оқдарё наволари" ансамблининг жамоаси - хушовоз хонандалару раққосалар билан учрашдик. Шу туман қишлоқларида туғилиб, ўсиб, ўқиб, ўз ҳаёти ва йўлини топиб олган, ширин оиласи ва фарзандларини ардоғида бахтиёр умр кечираётган бахтли онахонлар, санъатга меҳри баланд ёшлар, кўнгли ҳамон қўшиққа, шеърга, мусиқага ошуфта, ажойиб овоз соҳибалари. Уларнинг чиқишлари ва концертларини кўриб, тинглаб, завқландик, илҳомландик.
- Бу борада мақсад ва интилишларимиз улкан. Яқинда бўлиб ўтадиган "Бойсун баҳори" фестивалига катта  тайёргарлик кўрмоқдамиз, - дейишди улар. Миллий либослари, рақслари ва халқ қўшиқлари ўзларига ярашиб турган бу санъатсевар онахонлар ва ёшларга чин кўнгилдан омадлар тиладик. 
2.Самарқанд соғинчи 
Ҳар гал Тошкентдан  ота уйимга боришим билан албатта бир кунимни шаҳарни айланишга, ўлмас обидаларимизни зиёрат қилишга бағишлашга одатланганман. Орадан 25 йил ўтибдики, Самарқанд соғинчи ҳамиша қалбимда яшайди, янги шеърларга айланади. Бу сафар Оқдарёнинг сувини кечиб, ҳавосидан ичиб, юқорида айтиб келаётганим - қадрдон ижодкор дўстларим билан қадим пойтахтга йўл олдик...
                 ***
Умрим бўйи шамоллар эсса,
Ёмғирлар ҳам ёғса шивирлаб.
Юрагимда бир оташ сезсам,
Йилларимга айтсам шивирлаб: -
Самарқандга қайтгим келади...
Дарахтлар тик, ҳаволар енгил,
Осмон яна кўклам кутади. 
Кенгайгандан кенгаяр кўнгил,
Йиллар ҳамон гуллар тутади -
Самарқандга қайтгим келади...
Биз нафақат зиёратгоҳлар, балки энг аввало, вилоят матбуоти билан янада яқинроқ танишиш мақсадида бу қутлуғ даргоҳларга боришни ҳам ният қилдик.  Улуғ   номи ва тарихий йўли билан республикамиздаги қалдирғоч ва етакчи отахон газета "Зарафшон" ўзининг 110 йиллик (1913 - 2023), "Самаркандский вестник" эса 105 йиллик тўйини нишонлади. 
Бу тўй бизга ҳам ёшлигимизни, шу газета саҳифаларида ҳали ўқувчилик ва талабалик йилларимизда чоп этилган шеърларимизни эслатади. Ўша пайтда вилоят газетасида битта шеъримизни чиқиши бутун оиламизга, дўстларимизга ҳам катта қувонч келтирарди. Яна бир воқеани ҳеч унутолмайман. Мактабни битириш йилларим бўлиши керак,  ушбу газетада (у пайтда "Ленин йўли" дейиларди) ижодкорлар   учун танлов эълон қилинган ва мен ҳам ўз шеърларимни почта орқали газетага юборганман. Ўша шеърларим "Конкурсга" деган рубрика остида (2 та катта шеър: "Илҳом" ва "Онажон") босилиб чиққан. Сўнгра танлов натижалари эълон қилинган. Мен ҳозиргача ўша шеърларим босилган газета варағи, натижалар эълонини ҳам сақлаб келаман. Сабаби, унда менга - мактаб ўқувчиси деб ёзилган, рағбатлантирувчи ўрин берилган. Ўшанда раҳматли отам ниҳоятда хурсанд бўлган. Мени Самар-қандга олиб келиб, мукофотни газета таҳририятидан бирга уйга олиб қайтганмиз. Шунда отам:   муҳими - мукофот эмас, шундай катта танловда қатнашиб, ўзингга, шеър-ларингга муносиб ўрин олганинг, деган эди. Отам узоқ  ва мазмунли умрининг қирқ йилдан ортиғини фақат ўқитувчиликка бағишлаган ўта маданиятли ва зиёли инсон эди.
Илк бор  оташқалб  жадидчи бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ташаббуси билан юз очган "Самарқанд"дан "Зафаршон"гача бир асрдан зиёд тарихий йўлни босиб ўтган газетамизда бугунги кунда ҳам мақола ва шеърларим  билан  қатнашиб келаётганимдан фахрланаман. Бизни очиқ чеҳра билан кутиб олган таҳририят масъуллари ва ходимлари газетанинг янги сонлари билан таништиришди. Ушбу даргоҳда қалами чархланиб, қайноқ нафас билан ижод қилаётган, бизга ҳам публицистик китоби -         "Нафосатнинг қудрати"ни ҳадя этган мухбир Гулруҳ Мўминова етакчилигида шу бинода жойлашган вилоят Журналистлар уюшмаси бўлимига ташриф буюрдик. Бу ерда бизга Ҳусан Элтоев нафақат бўлим фаолияти, балки ажойиб маскан - Самарқанд   журналистикаси тарихидан сўзловчи "Зарафшон воҳаси матбуоти тарихи музейи" билан батафсил таништирди. Журналистика соҳасида мамлакатимизда ҳозирча ягона саналмиш музей  2013 йилда  "Зарафшон" газетасининг бир асрлик тўйи - 100 йиллиги  муносабати билан очилган. Унда шу кунгача тўпланган 450 дан зиёд   ашёлар катта тарихий, маданий ва маърифий аҳамиятга эгадир. 
Музейдаги  ўзбек журналистикасига тамал тошини қўйган беназир зиёлилар - Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Садриддин Айний каби жадидчи - маърифатпарварлар, турли даврларда газетага муҳаррирлик қилган Ҳожи Мўйин, Шароф Рашидов, Раҳим Шокирбеков, Абдужабборов, Марди Нуриддинов, Холмуҳаммад Нуриллаев, Аҳмаджон Мухторов, кўплаб фахрий журналистлар ҳамда ҳозирда "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошевга тегишли буюм ва иш воситалари бебаҳодир. Бу ерда рус матбаачи Морозов томонидан чоп этилган "Самарқанд", Махмудхўжа Беҳбудийнинг "Ойина" журналининг илк нусхалари, бир дарё -Зарафшондан сув ичган Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудларида чоп этилган илк газеталар нусхалари яқин мозийдан садо беради. 1920 йилдан то Иккинчи жаҳон уруши давригача фойдаланилган ёғоч ва қуйма ҳарфлар, техник асбоб-ускуналар, бетакрор тарихий фотосуратлар ўта қимматлидир. Саидризо Ализоданинг 1920-1925 йилларда Эрон-Туркияда яшаган давридаги  ижод намуналари, китоб ва рисолалари, Самарқанд Давлат университетида талабаларга араб ва форс тилларидан сабоқлари акс этган, Шароф Рашидовнинг республика раҳбари сифатида Самарқанд вилояти аҳолиси билан учрашувлари тасвирланган фотосуратлар ноёб саналади. 
- Бу музей бугунги кунда ҳам ўзининг шафарли ишини давом эттирмоқда. Самарқанд Давлат университети, Самарқанд Давлат чет тиллари институтида таҳсил олаётган бўлажак журналистлар ва мухбирлар учун тажриба мактабини ўтамоқда. Республикамиздаги  кўплаб олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтларининг изланувчи - тад-қиқотчилари ва мозийшунослар ҳам "Зарафшон" газетасининг 110 йиллик, "Самаркандский вестник" газетасининг 105 йиллик жилд - тахламларидан кенг фойдаланадилар. Беҳбудий қўлёзмалари асосида тайёрланган "Самарқанд" газетасининг 1913 йилдан Ўрта Осиё бўйлаб тарқалиши ва газета тарқатилган шаҳарлар харитаси  муҳим тарихий манбадир. 1997 йилда таҳририятда илк бор ишлатилган компьютер ва принтери газетанинг компьютерда тайёрланган илк сони  ҳақида сўзлайди. Мустақиллик йилларида   тасвирланган фаолият музейнинг асосий қисмига айланиб бормоқда. Унда ўзбек матбуотидаги ислоҳотлар, соҳа тараққиётини белгиловчи ашёлар ўрин олган, - дейди вилоят Журналистлар уюшмаси ходими Ҳусан Элтоев.
Бир сўз билан айтганда, олис мозий билан бугунги кунимизгача босиб ўтилган ва ўтилаётган олмос ижодий - тарихий йўлни боғловчи кўприкка айланган тарихий  музей бизда катта таассурот қолдирди. Қўлида қалам, дилида илҳом билан яшаётган ҳар бир ижодкор бундай  қутлуғ ва нурафшон даргоҳларни албатта келиб кўришлари зарур, деб ўйлайман. 
Биз вилоят телерадиокомпаниясига ҳам ташриф буюриб, бу ерда вилоят аҳолисига зиё бахш этаётган жонкуяр журналист ва ижодкорлар, хусусан, телерадио компания директори ўринбосари, шоир Дилмурод Исматов ва радио катта муҳаррири, журналист Ҳулкар Нурматовалар билан ижодий суҳбатда бўлдик. Радио тўлқинларида янги шеърларимиз жаранглади. 
Сафаримиз давомида  асрлар  оша дунё сайёҳларини  ҳайратга солиб келаётган Амир Темур мақбараси ва Мирзо Улуғбек расадхонасини зиёрат қилдик. Шаҳарга киришимизда ёғаётган хушбўй апрель ёмғири аста-секин тиниб, сўнгги томчилари тарқалаётган, эриётган оқ булутлар орасида жилмайиб турган  қуёш нурларида товланиб кетди. Биз ҳам кўҳна   шаҳарнинг  кенг равон ва узун кўчалари бўйлаб, яна ота уйимиз - Пайариққа унутилмас таассуротлар билан қайтдик. 
***
Энг гўзал кунларнинг бирида яйраб 
Мен йўлга тушаман яна, Самарқанд. 
Меҳримдан, юрагим қўридан сайраб,
Йўлга қўл қўшаман, она Самарқанд. 
Эй, кўҳна дунёнинг ўлмас  навоси,
Минг битта ташбеҳлар ичра 
                                               гуллайман.
Айтгин, кимнинг менга келмас
                                               ҳаваси - 
Бағрингдан дунёга салом йўллайман!
Ойгул СУЮНДИҚОВА,
 шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар
 уюшмаси аъзоси.
15 апрель 2024 йил, Самарқанд.