ОҚДАРЁЛИК МУНИСА САИДҚОСИМОВА –ТАҚДИРЛАНГАН ЁШЛАР ОРАСИДА

Муниса Саидқосимова Самарқанд давлат ветеринария ва медицинаси чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг “Маҳсулотларни қайта ишлаш технологияси ва стандартлаштириш” факультетини бу йил тамомлади. У тўрт йил давомида мазкур олийгоҳда қунт билан ўқиди ва изланишда бўлди. Шу боисдан ҳам у   2023 йилда амалиёт ўтаган корхонаси ҳамкорлигида уч ой давомида Германиянинг Бонг шаҳрида ҳам назарий, ҳам амалий билимларини янада мустаҳкамлаб қайтди. 
Жорий йилнинг 8-июл куни Самарқанд давлат ветеринария ва медицинаси чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Битирувчи-2025” тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда  ўзларининг чуқур билими ва кенг салоҳияти билан бошқаларга ўрнак бўлган бир гуруҳ талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари таклиф этилди. Ўз мутахассисликлари бўйича фаол илмий изланишда бўлган битирувчиларнинг бир гуруҳига Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобиловнинг ТАШАККУРНОМАлари топширилди. Қувонарли эса улар орасида оқдарёлик Муниса Саидқосимова ҳам мазкур олийгоҳ ректори Худайназар Юнусов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаевларнинг алоҳида миннатдорлик эътирофлари билан бирга қимматбаҳо совғаларини қабул қилиб олди.
Ватан равнақи учун тайёр кадр бўлиб камолотга эришган Муниса Саидқосимова эндиликда ўз ўқишини магистратурада давом эттириб илмий изланишда бўлиш ҳамда келажакда Ўзбекистоннинг жаҳон стандартига мос сут маҳсулотлари, жумладан, пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали сифатли маҳсулот билан халқимизни таъминлашни мақсад қилган. Унинг бу борадаги барча эзгу ишларига улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Мавзуга оид: