Қутлов! ОТА ДУОСИНИ ОЛГАН ЎҒИЛ

Устоз педагог Шуҳрат Мўминов 70 ёшда

Ёш авлодимизни баркамол, эл-юрт учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашда биз муҳтарам нуронийларимизга    таянамиз.

                             Шавкат Мирзиёев.

Шуҳрат Мўминов билан ўтган асрнинг саксонинчи йиллари арафасида танишган эдик. Ўша пайтда у Самарқанд давлат университетининг биология факультетини эндигина битириб, 8-мактабда ўзининг меҳнат фаолиятини бошлаган пайтлари эди. Адабиётни жон дилдан севган, кўп китоблар мутолаа қилган, ҳар қандай бадиий асарга ўзининг муносабатини билдира оладиган бу инсон билан суҳбатлашган пайтимизда мавзумиз асосан бугунги матбуот ҳақида, ўзбек адабиётида яратилаётган янги асарлар ҳақида борарди. Унинг адабиёт ҳақидаги қарашлари, ҳикоя, қисса ёки романга бўлган фикрларини эшитиб ҳайрон қолардим. Шунда сиз аслида биолог эмас, балки адабиётчи бўлишингиз керак экан, деб ҳазиллашардим.

Мактаб ўқувчилари биология ва кимё фанларидан туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олишди. Жамоада ҳам унинг обрўси оша борди. Чунки мактаб маъмурияти томонидан берилган ҳар бир топшириқни кўнгилдагидек адо этиб, уларнинг ҳам ишончини оқлади.

Тиниб-тинчимас, изланувчан, ёш педагогни 1984 йилда район партия комитетига ишга таклиф этишди. Бу ерда у агитация ва пропаганда бўлимида самарали фаолият кўрсатди. Мактабларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар билан танишиш жараёнида эндигина ишга келган кўплаб ёш ўқитувчиларга йўл-йўриқлар кўрсатди. Вақт билан ҳисоблашмай ҳаракат қилди, тинимсиз ўқиб ўрганди. Ўша пайтда ўзи истиқомат қилаётган собиқ Карл Маркс номли жамоа хўжалигида оқсоқлик сезилаётган эди. Туман раҳбарлари хўжаликни оёққа турғазиш учун раис излай бошлашди. Шунда фаоллардан кимдир Шуҳрат Мўминовнинг номзодини айтиб қолди. Бу фикр туман раҳбарларига ҳам маъқул келди. Шу тариқа 1990 йилда район партия комитетида фаолият кўрсатаётган Шуҳрат Мўминов кўпчиликнинг овози билан хўжалик раиси этиб сайланди. Оддий ўқитувчи билан жамоа хўжалиги раиси ўртасида анча фарқ бор. Кўп йиллар мактабда ўқувчиларга сабоқ берган педагогнинг бирданига хўжаликни бош-қариши осон кечмади. Шунда у кўп йиллар хўжаликда фаолият кўрсатган фахрий инсонлар билан учрашиб, йўл-йўриқлар сўради. Уларнинг маслаҳатларига, асосан, хўжаликда фаолият кўрсатаётган бош мутахассислар билан   фикрлашди. Бу йиғилишда шундай хулосага келиндики, хўжаликда қишлоқ хўжалигига алоқадор барча ишларга бош агроном, илғорларни рағбатлантириш ишларига, касаба уюшмасининг раиси турли тадбирларни ўтказиш, одамларнинг дам олишини тўғри ташкил этиш, маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш ишларига раис ўринбосари, чорвачилик билан боғлиқ бўлган ишларга бош зоотехник масъул этиб тайинланди. Албатта бу ўзгаришлар аста-секин ўзининг ижобий самараларини кўрсата бошлади, хўжаликда зиммага олинган давлат режалари ошириб уддаланди. Меҳнаткашларнинг ҳам моддий даромади орта борди, хўжалик қолоқлик гирдобидан чиқиб, илғорлар сафидан жой олди. Албатта бунда тиниб-тинчимас раҳбар Шуҳрат Мўминовнинг ҳиссаси салмоқли бўлди.

1995 йилда хўжалик ҳудудида касб-ҳунар мактабининг филиали ўз фаолиятини бошлади. Туман раҳбарлари ҳеч иккиланмасдан Шуҳрат Мўминовни филиалга раҳбар этиб тайинлашга қарор қилишди. Бу масканда у 6 йил фаолият кўрсатди. Шу давр мобайнида филиални моддий техника базасини яхшилашга алоҳида эътибор бериб, ўқувчиларнинг билими ва ҳунарли бўлишларига бор эътиборини қаратди. Шундан кейинги йилларда у туман халқ таълими бўлимида услубчи, 8-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиш билан бирга ўқувчиларга сабоқ берди. Мактабда ишлаш жараёнида ўнлаб, юзлаб шогирдлар тайёрлади. Уларнинг барчаси устозлари ҳақида илиқ гапларни айтишади.

- Устозимдан кўп билим олганмиз, - дейди 8-мактаб директори Сирожиддин Очилов. - У киши ҳар бир дарсни қизиқарли ўтиш билан бирга бизга оддий тарзда тушунтирарди. Ўқувчиларга яхши муомалада бўлар, дарсни ўзлаштирмаётган ўқувчилар билан алоҳида шуғулланади. Шу боисдан биз шогирдлар устозимиздан доимо миннатдормиз.

- Шуҳрат ака маҳалламизнинг энг фаол нуронийларидан бири - дейди Ойтамғали маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Алижон Жалолов. - У киши маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида тотувлик ва аҳилликни яратиш, ёшлар тарбиясига ва уларни иш билан таъминлашга, хонадонларни санитария ҳолатини яхшилашга ва тозаликни сақлашга, оила аъзоларни зарарли одатлардан воз кечишга, тўй-маъракаларда иштирок этиб, тўйларимизнинг камчиқим ва мазмунли ўтишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Маҳаллада "Камбағалликдан - фаровонлик сари" дастурини амалга оширишда фаол нуронийлар ва маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда ижобий ишларга бош-қош бўлиб келмоқда. 

- Шуҳрат Мўминов энг фаол фахрийларимиздан бири ҳисобланади, - дейди туман "Нуронийлар" жамғармасининг раиси Ҳамидулло Қаршиев. - У киши Ойтамғали маҳалласида бизнинг доимий вакилимиз бўлиб, кексалар ўртасида амалга ошираётган ишларини ҳар жиҳатдан ибратли эканлигини таъкидлашни истардим. Шуҳрат Мўминов "Бир нуроний - ўн ёшга масъул" кўрик-танловининг туман босқичида фахрли ўринни эгаллаб, "Нуроний" жамғармаси Республика бошқаруви раиси, Ўзбекис-тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев томонидан ФАХРИЙ ЁРЛИҚ ва пул мукофоти билан тақдирланди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шуҳрат аканинг оиласини ўқитувчилар оиласи дейиш мумкин. Турмуш ўртоғи Моҳия Эшмонова 8-мактабда 30 йил мобайнида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида самарали фаолият кўрсатди. Қизлари Маш-ҳура ва Бахтинисо, келинлари Гулноза ва Чарослар 8-мактабда меҳнат қилиб келмоқда. Катта ўғли Илҳом тадбиркор, Дилмурод ички ишлар тизимида фаолият кўрсатади.

10 нафар набиралари, улардан Севара ва Севинчой ота изидан бориб олийгоҳда педагогика йўналишида таълим олмоқда.

- Биринчи устозим отам ҳисобланади, - дейди Шуҳрат ака суҳбат чоғида. - Падари бузрукворим Мўминжон Эргашев 17 йил мобайнида 8-мактабда директор бўлиб ишладилар. Оилада 10 фарзанд бўлсак, барчамиз отамизнинг изидан бориб, педагоглик касбини танлаганмиз. Одамларга яхшилик қилишни ўзимизни бурчимиз деб ҳисобладик. Энг муҳими, шогирд ва фарзандларимизга ҳар жабҳада ўрнак бўлишга интилдик. Буюк бобомиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари айтганидек, "Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам". Бунинг мағзини чақишимиз керак. Бугунги фаровон ҳаётга, тинчлигимизнинг қадрига етиш, меҳр-оқибатли бўлиш, шукрона қилиш муҳим деб ҳисоблайман.

Устоз педагог Шуҳрат Мўминов шу кунларда ўзининг табаррук етмиш ёшини нишонлаш арафасида турибди. Бир умр педагоглик касбини шарафлаб келаётган биродаримизни юбилейи билан қутлаган ҳолда у кишига доимо сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаб, Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисраларини келтириб ўтишни жоиз деб билдик:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф 

                            ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг 

                         ҳақин минг ганж ила.

Биз Шуҳрат Мўминовдек ўз умрини ёш авлод тарбиясига бағишлаган нуроний инсонлар билан фахрланишимиз ва уларни эъзозлашимиз керак.

Зеро, эл-юрт тараққиёти, жамият равнақи учун китобхон, илмли-салоҳиятли, касб-ҳунарли авлод керак. Бунинг учун биз нуронийлар маҳаллаларда, мактабларда қайта-қайта маърифий тадбирлар ўтказишимиз, тарғибот тадбирларини кучайтиришимиз ҳамда ёш авлодни   тарбиялашимиз кераклигини асло унутмаслигимиз лозим.


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.