"ОҚДАРЁ ОВОЗИ" ГАЗЕТАСИ ТАРИХИДАН

Газета илк бор 1931 йилнинг июнь ойида  "Пахта зарбдори" номи билан чиқа бошлаган бўлиб, унинг биринчи муҳаррири Муҳаммадиев эди. Дастлаб газета 900 нусхада Самарқандда чоп этилган. 1938-1939 йилларда М.Ҳамроқулов, М.Муқимов, Х.Алиев, Сафаров, Х.Қўйсиновлар муҳаррир ва масъул муҳаррирлар бўлишган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида соҳа кадрларининг йўқлиги туфайли газета мунтазам нашр этилмаган.
Туманимизда 1954 йилнинг июль ойидан бошлаб "Коммунизм учун" газетаси чиқа бошлаган. Адади 2000 нусхани ташкил этган газетага 1962 йилгача С.Хўжаев, Б.Матлубовлар муҳаррирлик қилишган.
1962 йилнинг бошларида вилоятда туманлараро ҳудудий ҳамда колхоз-совхоз ишлаб чиқариш бошқармалари ташкил этилиб, Оқдарё, Самарқанд, Ургут туманлари Самарқанд бошқармаси таркибига қўшилди ва "Коммунизм учун" газетасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Таҳририят ходимларининг фаоллиги билан газета 1962 йил 10 июлдан "Шарқ тонги" номи билан чиқа бошлади. 1962 йил 25 декабрда Иштихон ва Оқдарё туманлари қўшилганлиги муносабати билан "Колхоз ҳаёти" газетаси ташкил этилиб, Н.Бегимов муҳаррирлик қилган.
1968 йилнинг 25 декабрида Оқдарё тумани қайтадан ташкил этилгач, 1969 йил 25 июндан "Ленинизм йўлидан" газетаси чиқа бошлади. Унинг муҳаррири Мамараҳим Мардиев бўлиб, жамоа унинг бошчилигида катта ютуқларга эришди. 1976-1980 йилларда муҳаррирлик вазифаси Қудратилла Мизомовнинг зиммасига юклатилган. 1980-1986 йилларда истеъдодли журналист Ниёзхон Алиев муҳаррир бўлган. Газетага 1986-1991 йилларда журналист Илаш Суяров муҳаррирлик қилган.
1991 йилнинг 21 октябридан бошлаб газета муҳаррирлигидек масъулиятли вазифани Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси, "Йилнинг энг фаол журналисти" республика танловининг ғолиби  Йўлчи Муҳаммадиев бажариб келмоқда. 
Газета айни пайтда А2 форматда 3200 нусхада рангли тарзда чоп этилмоқда.
Мавзуга оид: