КЎЧА ҚАЧОН ТАРТИБГА КЕЛТИРИЛАДИ, МАСЪУЛЛАР

Туманимиз маркази Лойиш шаҳарчаси кундан кунга чирой очиб, барчани кўзини қувонтирмоқда. Бу ерда қад ростлаётган замонавий бинолар, аҳолига хизмат кўрсатиш савдо шахобчаларининг қурилаётганлиги аҳолини беҳад мамнун этмоқда. Бироқ айрим муаммолар ҳам мавжудки, буни айтмаслик мумкин эмас. Ана шундай муаммолардан бири Амир Темур номи билан аталувчи шоҳ кўчада мавжуд. Бир неча йиллардан буён бу кўчада вилоят миқёсидаги қурилиш ташкилоти таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда. Ачинарли томони шундаки, энг кўп транспорт воситалари ҳаракатланадиган йўлнинг қоқ ўртасидаги темир қопқоқларнинг айримлари кимлардир томонидан олиб кетилган бўлса, айримлари чуқурликка тушиб кетган. Негадир бу масала билан мутасадди ташкилотлар шуғулланишмаяпти. Бундан ўн кунча аввал бир неча транспорт воситаси темир қопқоқ йўқлиги туфайли автоҳалокат содир бўлишига бир баҳя қолди. Ҳайдовчилар эса йўлнинг бундай ҳолатидан норози бўлишиб, мутасаддиларга ўз "ташаккур"ларини ёғдиришмоқда. Агарда четдан бирорта меҳмон машинасида келадиган бўлса Лойишнинг қоқ марказидаги бундай аҳволдан бехабарлиги туфайли кўнгилсиз воқеа содир бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. 
Яна бир масала ҳақида тўхталиб ўтиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Кўчанинг иккинчи томонида қарийб икки минг нафар ўқувчи таълим оладиган 45-ихтисослаштирилган давлат мактаби жойлашган. Ҳар куни эрталаб ва туш пайтида кўчанинг ҳар икки томонига ўтиш учун ўқувчилар ҳаракатланишади. Чорраҳада светофор қўйилган бўлсада, йўлдан ўтиш учун сариқ чизиқлар неча ойдирки чизилмаган. Бу эса мактаб ўқувчиларига хавф туғдирмоқда. Чунки айнан мана шу чорраҳада тезликни оширган бир неча ҳайдовчилар томонидан йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлигининг гувоҳи бўлганмиз. Ўйлаймизки, йўлсозлар биз юқорида таъкидлаган камчиликларни тез орада бартараф этиб, оқдарёликлар ҳурматини қозонишади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
ЖЎШҚИН.
Мавзуга оид: