Турмуш чорраҳаларида ОНА МЕҲРИ

Меҳр кўп кўргиздим аммо,
Меҳрибоне топмадим...
Алишер Навоий
Сарви момо эрталаб туриб намозини ўқидида, ҳовлига чиқиб тоза ҳаводан тўйиб нафас олди. Ҳассасига суяниб бироз ҳовлини айланди. Сўнг катта ўрик дарахти остига қўйилган чорпояга ўтирди. Атрофда жимлик. Неваралари ҳали тўйиб ухлашмоқда эди. Ўғли молларга қарар, келини эса ҳовлига сув сепиб супурарди. Чорпоя ёнига экилган гул райҳонга урилган сув туфайли унинг муаттар ҳиди ҳузур бағишларди. Момо шу ўтирганча хаёлга берилди. Ўғли катта бир ташкилотнинг раҳбари бўлсада, рўзғор ишларига қарашиб туради. Ҳар йили бир неча бош қорамолни семиртириб бозорга сотади. Бундан ташқари, ҳовлидаги экилган картошка, сабзи, пиёз, карам сингари озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ҳам вақт топади. Момо ўзи билан ўзи гаплашиб ўтмишини ҳам эслаб қўярди. Бир ўғил, уч қизнинг онаси бўлсада баъзан ўзини ёлғиз сезади. Сабаби, уч қизи уч томонга тарқаб кетган. Барчаси уйли-жойли, ўзидан тинчишган. Қиз боланинг ўрни бошқачада. Буни момо касалхонага тушганда яққол сезади. Яқинда ҳам касалхонада икки хафтача даволанди. Шу даврда ҳар куни қизлари йўқлаб турди. Бири ош пишириб келса, яна бири товуқ шўрва олиб келиб онасини кўпроқ овқат  ейишга ундайди. Аммо қани иштаҳаси бўлса. Шунда она қизларим, менга сенларнинг овқатларинг эмас,  меҳрларинг керак. Ўзларингни ҳам, набираларимни ҳам кўп соғинаман. Касалхонага тушганимда эмас, балки уйда соғлом пайти юрганимда кўпроқ йўқлаб туринг, дегиси келадию, лекин айта олмайди. Барибир, қачондир бу сўзни айтиши кераклигини ўйлайди. Тўғри, байрамларда, ёки туғилган кунларда қизлари, набиралари билан уй тўлади. Бироқ улар кетишгач хонадон ҳувиллаб қолади. Шунда қизларининг ва набираларининг ўрни яққол сезилади. 
Шуларни ўйлар экан, она шу кеча- кундузда қизларини чақириб, уларга дилидаги бор гапни айтишга жазм қилди. Шу туфайли ҳар бирига телефон қилиб дам олиш куни келишларини тайинлади. Уларга айтмоқчи бўлган фикрларни ҳам ўйлаб қўйди. Бунга асос бор эди. Негадир кейинги пайтларда онанинг қон босими ошиб турар, юраги ҳам тез-тез уриб қоларди. Ана шундай пайтда қизларининг узоққа тушганлиги сезиларди. Ниҳоят, якшанба куни қизлари набираларини олиб келишди. Ҳамма йиғилиб овқатланишгач, она фикрларини жамлаб деди:
- Азиз  болаларим, хабарларинг бор, кейинги пайтларда соғлигим бўлмай тез-тез касалхонага тушаяпман. Шунинг учун мендан иложи борича кўпроқ хабар олишларингни сўрайман. Сенларнинг меҳрларингни қумсайман. Янада очиқроқ айтсам, касал бўлганимда эмас, соғлом пайтимда ҳам йўқлашларингни истайман. Менга фақат ҳаммаларингни бахтли бўлишларинг, фарзандларинг билан соғ-саломат юришларинг керак.
Шу сўзларни айтди-ю, онанинг кўзларига ёш қуйилиб келди. Атрофда ўтирган қизлари бу ҳолни кўриб дарҳол онасини атрофида парвона бўлишди. Онажон биз сизни яхши кўрамиз. Бундан буён ҳар куни хабар оламиз, дейишганда, момонинг кўзларида севинч ёшлари пайдо бўлди. У қизларининг меҳридан ниҳоятда мамнун эди... 
Фароғат ЭСИРГАПОВА,
Истиқлол маҳалласи.
Мавзуга оид: