Саодат Донабоева

БАҲОР
ЁМҒИРЛАРИ
Баҳор ёмғирлари, гўзал ёмғирлар,
Шивирлаб ёғиши ғазал ёмғирлар,
Баҳор чечакларин ғуборин ювиб,
Майсалар сочини тарар ёмғирлар.
Муҳаббат - қалбимдан отилган оҳим,
Ватан - бошимдаги соям, паноҳим.
Бағрингга ёмғирдай тўкилсин умрим,
Бисотимда борим, сен саждагоҳим.
***
Айирмагин толеим мени,
Руҳимдаги ҳайратларимдан.
Улгу олиб яшагим келар,
Орифларнинг сийратларидан.
Гоҳ ҳуд бўлдим, гоҳида беҳуд.
Замонанинг ғурбатларидан.
Қочишга жой топмадим гоҳо,
Қондошларнинг ғийбатларидан,
Енгмоқликка Аллоҳим берди,
Илоҳий бир қудратларидан.
Ажратмасин бу тақдир энди,
Атаган бу ҳимматларидан,
Фарзандларнинг бахти, камоли,
Неваралар - неъматларидан.
УшшоҚни тинглаб
Оғир-оғир таралар қўшиқ,
Қанотида олиб армонни.
Кимдир нолир бебош тақдирдан,
Кимдир қарғар машъум замонни.
Оғир-оғир таралган қўшиқ,
Олиб учар менинг ўксимни,
Тўкилмоқчи бўлган ҳисларим,
Тўкилолмай тирнар кўксимни.
Эҳ,қийналиб кетдим мен жуда,
Қўшиқ эса айни авжида.
***
Олисларда кетиб борар бир одам,
Нигоҳлари уфқларга қадалган.
Босиб ўтган йўли ўзи бир олам,
Нималардир ахтаради у олддан.
Гўё уни олис йўлнинг сўнггида,
Кутмоқдалар тонгдай ёрқин
бир иқбол.
Ўйламайди олддан кутган нарсасин,
Орқасида қолдиргандир эҳтимол.
***
Қирларда бинафшалар,
Тарқатади ифорлар.
Юртимга наврўз келар,
Келаверар баҳорлар.
Ўзлигингни топганинг,
Рост бўлсинда илойим.
Юртим наврўзларингда
Кўринади чиройинг.
Элим наврўз шукуҳин,
Дунёларга йўлласин.
Эл деб ёнган ўғлонни,
Қирқчилтонлар қўлласин.
Наврўзни тонги отди,
Бирам гўзал наҳорлар.
Юртимга наврўз келар,
Келаверар баҳорлар.
Саодат Донабоева.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Навоийни ўрганамиз
- 19 фев, 14:44

Навоий ғазаллари
- 05 фев, 13:41

"ТОҲИР-ЗУҲРА" ВА ТУРИЗМ ОҚДАРЁНИ ДУНЁГА МАШҲУР ЭТАДИ
- 01 фев, 12:30

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22