Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаат келтиради

Ўзбек  халқининг улуғ маърифатпарвари, мутафаккири ва буюк шоири Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳирот шаҳрида дунёга келади.
Бўлажак шоир болалик даврларданоқ Темурий шаҳзодалар билан тарбиялана бошлайди. Чунки унинг отаси Ғиёсиддин Кичкина темурийлар авлодидан эди. Алишер ўзининг ўқиши, одоби билан бошқалардан ажралиб турар эди. Алишер Ҳиротда ва Машҳадда ўқиган, мантиқ, фалсафа, мусиқа, ҳусниҳат ва бошқа фанларни, араб ва форс тилларини ўрганган. Навоий ўн беш ёшидаёқ истеъдодли шоир сифатида халқ оммасига танилган. Ўзбек туркий тилдаги шеърларига "Навоий", форс-тожик тилидаги шеърларига "Фоний" таҳаллусларини қўйган. Унинг ўзбек тилидаги ҳамма шеърлари "Болалик ажойиботлари", "Ёшлик нодирликлари", "Ўрта ёш гўзалликлари", "Қариликнинг фойдалари" тўрт қисмдан иборат "Хазойин ул-маоний" тўпламига, форс тилидаги шеърлари эса "Девони фоний" тўпламига жамланган.
Шоир мактабдор ёки мударрис бўлиб дарс берган бўлмаса ҳам, таълим-тарбия ишида жуда катта хизматлар қилди. Илм-маърифат ҳомийси бўлган Навоий мактаб ва маориф ишларига ҳар доим катта эътибор берди. Меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун мактаб ва мадрасалар ташкил этишни давлат олдида турган бош масалалардан бири деб қаради, илм аҳлларига, муаллимларга муҳаббат билан муносабатда бўлди.
Алишер Навоий ёш авлодларнинг илм-ҳунарни ва энг яхши инсоний фазилатларни эгаллаган кишилар бўлишини орзу қилди. Бу ҳақда шоир ўзининг "Маҳбуб ул-қулуб" достонида, ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар у подшо бўлиб кетса ҳам устоз-ўқитувчи олдида қарздор эканлигини таъкидлаш билан муаллимлик касбини улуғлайди:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф 
                                      ўқитмиш ранж ила,
   Айламак бўлмас адо, онинг 
                                      ҳақин юз ганч ила. 
Шоир ўзининг кўп асарларида болалар тарбиясига оид фикрларни илгари сурди. Айниқса, "Ҳамса"га кирган "Ҳайрат ул-аброр", "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун" каби достонларининг баъзи бобларини бола тарбияси эгаллаганлигини кўрамиз. Булар орасида "Ҳайрат ул-аброр" (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши") фалсафийлиги, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалаларни қамраб олганлиги билан ажралиб туради. Шоир болаларни ўқимишли, одобли, ростгўй, ҳалол, пок, сахий бўлишга, ота-онани, ўзидан катталарни  ҳурмат  қилишга , инсофли ва адолатли кишилар бўлиб камол топишга ундайди.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомиз таваллуди муносабати билан ҳар йили 9 февраль куни юртимизда тантанали ва байрамона кайфиятда нишонланиб келинади. Навоий бобомизнинг ижоди жаҳон адабиёти дурдонасига жавоҳир бўлиб қўшилганлиги билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам эндиликда Алишер Навоий сиймосини ўрганишга бутун дунё қизиқиш уйғотмоқда. Буни хусусан, Япония, Москва ҳамда Озарбойжон давлатларида улуғ даҳомиз шарафларига ҳайкаллари ўрнатилганлиги мисолида ҳам илғаш қийин эмас.
Ўзбекистонда эса Навоий бобомиз номлари билан юритилувчи боғлар, илм-фан, маданият масканларига номлари берилиши давлатимизнинг, халқимизнинг шоир сиймосига бўлган эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.
Алишер Навоий туркий ва форсий тилларда ғазаллар битган. Унинг назмий асарлари 120 минг байтдан ортиқ. 51230 мисрадан ташкил топган. "Хамса" эса шоирнинг шоҳ асаридир. "Хазойин ул-маоний" (Маънолар хазинаси) девони қарийиб 45 минг мисрадан иборат.
Мир Алишер Навоий бутун умрини нафақат ижодга, балки халқ фаровонлиги йўлида бунёдкорлик ҳамда эзгулик ва хайр-саховат ишларига бағишлаган. Бобокалонимиз фақат Ҳиротда эмас, Хуросоннинг барча вилоятларида ҳам кўплаб хайрия уйлари, кўприк ва работлар, ҳовузлар барпо эттиргани тарихдан бизга маълум. Барчамизга яхши аёнки, Навоий ўз даврида замондош шоирлар, олимлар ва санъат аҳлининг моддий ва маънавий кўмакчиси, санъат ва адабиётнинг ҳақиқий ҳомийси бўлганлар.
Шу сабаб шоир: "Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаат келтирганидир" деганлар ва қуйидаги мисрани келтиради: 
Халқ аро яхшироқ дединг кимдир, 
Эшитиб айла шубҳа рафъандин.
Яхшироқ бил ани улус ароким, 
Этса кўпрак улусға нафъандин.
Халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир. Яъни Навоий бобомиз айтганидек: 
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий умри давомида ўзбек халқи ва маданияти манфаати учун тинмай меҳнат қилди, дурдона асарлар яратди. Бир сўз билан айтганда, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида беқиёс ҳисса қўшди. Бу ўз навбатида, одамларнинг яхшиси деган номга мушарраф бўлиш эмасми?! 
Ҳаёт аслида тарих ва бугуннинг, керак бўлса истиқболни боғловчи кўприкдир. Алалхусус, ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавиятли, ҳар томонлама комил инсонлар этиб тарбиялаш эса тарихдан Навоий бобомиз орзу қилган ёруғ кунлар саодатига асос бўлади. 
Бошқача қилиб айтганда, Темур тиғи етмаган жойни Навоий бобомиз қалам билан забт этгани ҳам айни ҳақиқатдир. 
Мавзуга оид: