ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМАСИ

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига кириб касалликни вируслар чақиради. Касаллик одамга асосан кана чақиши натижасида юқади. Касаллик вақтида иситманинг 39-40 даражага кўтарилиши организмнинг умумий заҳарланишига, тиш милкларидан, бурундан, ошқозон ичак тизими, бачадондан қон кетиши каби белгилар билан характерланади. Бу касаллик буюк олим табиб Абу Али Ибн Сино яшаган даврларда ҳам маълум бўлиб ўзбек халқи орасида "қора ҳалак" (қора ўлим) деб аталган.
Касаллик манбаи кемирувчилар бўлиб,   қишлоқ шароитларида уй ҳайвонлари ҳисобланади. Баҳор ойларидан бошлаб қишловдан чиққан каналар ҳайвонларга озиқланиш учун ёпишади. Каналарнинг организмда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигини чақирувчи вируслар сақланади. Қора- мол, қўй-эчкиларга ёпишган каналар уй шароитида оғилхона, гўнг уюмларида ҳам сақланади. Вируслар билан зарарланган каналар одамни чақиши натижасида одамлар ҳам касалланиши мумкин. Одамлар кана чаққан вақтида канани чаққанлигини сезмайди, чунки кана сўлагида оғриқсизлантирувчи модда бор. Касалликни яширин даври 4-6 кун, баъзи ҳолларда 2-12 соатни ташкил қилади. Касалликка чалинган беморларда дастлаб иситмани кўтарилиши, майда тошмалар, кейинчалик бурундан, ошқозондан, ичаклардан қон кетиш аломатлари кузатилади, ташхис ўз вақтида қўйилмаса, беморга тегишли мақсадли даво қилинмаса оқибати ўлим билан тугайди. Одамларга касаллик юқиши асосан кана чаққанда, канани ушлаб эзиб ўлдириши, яъни санитария қоидаларига риоя қилмаслик натижасида юзага келади. Беморга махсус даво яъни шу касаллик билан оғриб ўтиб тузалган одамни қонини қўйиш йўли билан ўтказилади. Бундан ташқари, геморрагик белгилари бор беморга ёрдам кўрсатиш жараёнида ҳимоя кийимларисиз ҳаракат қилганда тери орқали гемоконтакт йўли билан одамдан одамга юқади. Бунда асосан, беморга қараш билан машғул бўлган ота-оналар ва шифокорлар касалланиши мумкин.                  
Касалликни олдини олиш чоралари:
1. Аҳоли қарамоғидаги уй ҳайвонлари,  чорвачилик хўжаликларидаги қорамолларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш. 
2. Каналаган ҳайвонларни ўз вақтида аниқлаб, канасизлантириш тадбирларини ўтказиш.
3. Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари сақланадиган оғилхона, фермалар, мол бозорларида доимий равишда канага қарши зарарсизлаш ишларини ўтказиш.
4. Фуқаролар ҳайвонларга қараш жараёнида ҳимоя кийимлар (халат, резинали қўлқоп, этик)дан фойдаланган ҳолда ишлаш.  
Юқорида кўрсатилган қоидаларга амал қилинса, ўта хавфли ва юқумли бўлган Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигидан ўзингизни асраган бўласиз.
М.Примова,
туман  СЭО ва ЖСХ бўлимининг олий тоифали эпидемиолог ёрдамчиси.