Мутолаа СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ

- Берган ерингизни ҳаммасига янтоқ экаман,- деди. Рости гап, бошлаб унинг сўзларига кулгим қистади.-янтоқ нуқул тикан бўлса, эси жойидамикин ўзи. Бу тиканзорга нима қилмоқчи, у? - дедим ичимда. У жилмайганича:
- Ҳойнаҳой, бу таклифим сизни ўйлантираётган бўлса керак. Ҳайратга асос йўқ. Ҳоким бобо туячиликни йўлга қўйсак бўлади,- деди. Сўнг янтоқнинг хусусиятларини илмий асослай бошлади.
- Олимлар янтоқни чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланганлар. Уни дони чорвани етилтириб, қўшимча омухта ем маҳсулотларига ҳожат қолмайди. Ўсимлик таркибида эфир мойи, стероидлар, илдизида 0,19 фоиз алкалоидлар, 0,19 фоиз с витамини кўмаринлар, 3,9 фоиз ошловчи моддалар. Ер устки қисмида эфир мойидан ташқари органик кислоталар, каучик, алкалоидлар, В группага доир витаминлар, К витамин, катенинлар, флавоноидлар, шох ва тиканларида С витамини, баргларида рутин, гулларида эфир мойлари, мевасида ошловчи моддалар мавжуд. Халқ табобатида янтоқ илдизларидан бавосил, ичбуруғ, жигар, ичак-меда ярасини даволашда, ўт ҳайдовчи, сийдик сурувчи дориворлик хусусияти бор. Ер устки танасидан гален препаратлари кўринишида калитлар, гастритлар, меъда яра касаллиги, ичбуруғ, бурун-ҳалқум касалликлари, ангина, йирингли отитлар, ўт ҳайдовчи, чан-қоқни қолдирувчи, аёллардаги жинсий эрозиялар, қўл-оёқлар гўш касалликларини даволовчилик хусусияти бор. Булардан ташқари, грипп шамоллашда, иссиқни туширишда фойдали томонлари Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" китобида қайд этилган.
Ота-боболаримизнинг ривоят қилишларича, янтоқ ўсимлиги туяларнинг энг севимли озуқасидир. Янтоқдан тўйиб озуқаланган туялар узоқ муддат емаксиз юрганлари ҳикоятларда қайд этилган.
Катта амакимни айтишларича, кичик амаким анча йиллардан буён геморрой касаллиги билан безовталанар экан. Катта амаким у кишини пойтахтдаги номи машҳур шифокорга олиб борибди. Шифокор беморнинг шикоятини ўрганиб, уни жарроҳлик йўли билан даволашни таъкидлабди. Ва жарроҳлик амалиёти вақтини белгилашибди. Қайтишларида йўлда табобатдан хабари бор кишига дуч келишибди. У беморни дардини тинглаб;
- Бу дардга янтоқ даво! Янтоқнинг илдизи ер остига узун кетади. Янтоқ илдизидан кавлаб олиб қайнатасиз. Уни совутиб икки-уч қават докадан ўтказасиз. Сўнг илиқ ҳолда кунига уч-тўрт маҳал таҳорат қиласиз. Бу ҳолни беш ёки етти кун такрорлаверасиз. Ҳар ҳолда натижаси сизни хурсанд қилади,- дебди.
Амаким табибнинг айтганини қилибди. Оғриқлар бартараф бўлибди. Улар жарроҳ билан ваъдалашган эмас-ми, шифохонага йўл олишибди. Жарроҳ иш либосини кийиб беморни операция столига ётқизиб ишини бошлабди. Не кўз билан қарамасин беморда геморройдан дарак топмабди. У ҳайратда. Бундан етти кун олдин кўриниб турган геморрой қандай қилиб йўқолиб кетишига ҳайратланибди. Ва бунинг сирини бемордан сўрабди. Жарроҳ шифокор ўша кун-тун Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" китобига қайта-қайта кўз югуртирибди...
Ҳоким бобо, мана шунақа гаплар. Илмда изланиш бўлса, олимнинг уриниши зое кетмайди. Ҳар касб эгасининг изланишида ҳар томонлама эгалланган пухта илм албатта зарур. Енгил илм самарасиз меҳнат кабидир.
Мен Холбибининг илм-ирфонга бу қадар берилганидан фахрландим. Унга:
- Шу илмингиз билан илмий иш қилсангиз-чи, - дедим.
- Насиб қилган бўлса ниятим бор...
- Эҳ, журналист биродар! Бизда мана шунақанги ҳайратомуз гаплар. Бу воқеаларга роппа-роса беш йиллар бўлди. Холбиби ниятларига етди. Ҳозир у икки фарзанди билан эрига ва элига садоқатини кўрсатмоқда. Сиздан бир нарсани илтимос қилардим. Холбиби ҳақида бирор бир асарни дунёга келтиринг. Шояд элнинг назари ниятингизни ижобат қилади. У ёғи муаллифлик маҳоратингизга боғлиқ.
Суҳбатлар маромига етди. Хайрлашув онлари яқинлашди.
- Мени қаҳрамонингиз билан таништириб қўйсангиз. Зеро, қаламимга у-бу нарсалар илинар, - деди журналист.
- Бош устига, меҳмон!
Меҳмон ҳокимнинг қизғин ва мунозараларга бой суҳбатидан тавсифларга берилди. У замона қаҳрамонларидан ана шундайларни ёзаётган асарига детал тўплаш орзусида эди ва ниҳоят муаллифнинг орзулари ушаладиган бўлди. Фақат у Холбибининг эгилган кўнглига қандай йўл топишини узоқ ўйлади.
Тангри суйган бандасига синов беради. Сўнг толеъини мушарраф қилади. Синовларда тобланган киши инсон қадрини улуғлайди.
Инсон - мураккаб шахс. Либосини кунда алмаштирган тана каби. Феълига қараб бир неча бор ўзгаради. Бу ўзгаришларнинг тагида манфаат туради. Манфаат турлича. Унинг ёзувлари, битиклари турлича. Ҳар ким уни ўзича, турлича ҳазм қилади.
Меҳмон бир оз ўйдан кейин ҳокимга:
- Мени ўша тадбиркор аёл билан таништирсангиз,- деди.
- Унда кетдик,- деди ҳоким чеҳраси очилиб.
Бир пайтлардаги жамоа хўжалиги даласининг аксарияти дарё соҳилидаги майдонни ташкил қиларди. Жамоа хўжаликлари тугатилиб ўрнига ер бир нечта тадбиркорга берилди. Лекин, Холбиби бутунлай бошқача иш қилди. Жамоа хўжалиги ерига қўл узатмади. Сув хўжалиги тасарруфида турган дарё ўзанини ўзлаштириб эл ишига бел боғлади.
Дарё анчагина кенгиш оқади. Тинч ва мавж-ланиб оқиши гўёки олисларга чўзилиб кетган кўлни эслатади. Дарёнинг икки соҳили турли ёввойи ўсимликлар, ўт-ўланларнинг қийғос кўкка бўй ростлаб, табиат кўксида турлича ранг-тасвир кўркамлиги киши назарини ўзига қаратади.
Дарёдан уч чақиримча жанубда катта автомобиль йўли ўтган. Енгил автомашиналар осмонда сайр қилиб бир-бирини кимўзарга қувлашиб учаётган бир чала чумчуқларни эслатади. Қишлоқни учбурчак қилиб кесиб ўтган йўл тўғри Холбибининг даласига бошлаб боради.
Март ойининг сўнгги кунларининг бири эди. Холбиби матега ер ҳайдаб техникасини ёллаб бир сотих ер майдонини унидан урвоқ чиқариб, экин экишга тайёрлаб турганида, ҳоким Ашурали Сиддиқовнинг хизмат машинаси соҳил йўлига тушиб Холбибининг даласига ўгрилди. Машина тўхташи билан икки киши машинанинг орқа эшигини очиб тушишди. Холбиби ҳайрат билан уларга разм солди. Ҳокимни таниди. Улардан иккинчини танимади...
Эр-хотин тортилган пушталарга бодом уруғи қадаётган эди. Кутилмаган меҳмонларни кўриб иккисиям пешвоз бўлишди. Салом ва ҳол сўрашишлардан сўнг:
- Эр-хотин пушталарга мўккасидан энгашиб олгансизлар. Қуёш жазирамаси елкаларингни куйдирмадими? - деди.
- Деҳқон деганингиз темир одамни ўзи. Агар у шундай бўлмаса мақсади самара бермайди. Деҳқон деганингиз элни едиради, кийгизади, тўйғизади...
- ...Ерга нима қадаяпсизлар?
- Бодом уруғи. Хандон писта каби ҳосил берадиганидан...
- Яна қандай ниятларни кўзлаяпсизлар?
- Бир сотих ерга бодом уруғи қадаб ундан соғлом ниҳоллар етиштирмоқчимиз. Ниҳолларимиз ўсиб-улғайиб бўй кўрсатиб қолса бодомзор қилишга ер ажратиб беришга индамай розилик берсангиз бўлгани. У ёғи биздан...
- Бош устига синглим, бош устига. Сизлардек серғайратли ёшларга бўз ерлар кўксини очади,- деб ёнида ўйчан турган кишига: - Мана кўрдингизми, бизда ана шундай ёшлар бор,-деган маъно билан кўз уруштириб қўйди, ҳоким.
Холбибининг сўзларидан ҳокимнинг дил пардаси сурилди. Шу топ кўнглида аллақандай яқинлик пайдо бўлиб, унга юрагидан жой бергиси келди.
- Буни Ватан фидоийси деса бўлади, қаҳрамонлик деса бўлади,- деди ҳоким, журналистга ўгирилиб.
- Мен ҳали қаҳрамонликка арзийдиган иш қилганим йўқ. Иннайкейин бор-йўғи зонадан чиқиб келиб, ўз ишончини оқлайдиган кимсаман,- деди Холбиби, интикиб. Негадир ҳокимнинг танаси бўшашиб кетди. Унга нисбатан қандайдир акалардек меҳр юрагига кириб келди. Бир зум хаёллардан йироқлашиб деди:
- Холбиби, менинг синглим йўқ. Кел, ака-сингил бўлайлик. Эринг Зокиржон эса севимли куёвим. Бу дунёда бундан-да ортиқ оқибат ришталари бўлмаса керак. Мен сенинг кўнглингга чин акалик меҳрини бағишладим. Дунё шуниси билан гўзал. Лойқаланган сув албатта бир кун тинийди. Сув тиниса ойнинг акси ҳам жимирлаб, кулиб боқади. Кулганда юракларнинг зирқираши ором олади. Биласан-у, сингилжоним ойнинг ярми албатта ёришиб қора тунни оппоқ нурга безайди. Ой ёришса қаршингдаги яхши-ёмон нарсалар кўзингга ташланади...
Ҳамма ҳайратга қолди. Холбиби эри Зокиржонга қаради. Кўзида ёш, кўнгли севинчдан-ми, бўшашиб кетди. Бу бўшашишни у кўнгил ва кўз ёши билан юпатди.
Меҳмон кимсасиз оролга тушиб қолган кишидек сукутга кетди... Қаршисида содир бўлаётган воқеалар тушми ёки ҳақиқат-ми, буни сира англолмай қолди, анчагача. У тутинган ота-бола, ака-сингиллар қисматини бир неча бор ҳаётда кўриб баъзан қувонган, баъзан ҳайратланган дамларининг гувоҳи бўлган. Бир воқеа унинг хаёлидан сира йироқлашмаган. Кунларнинг бирида бойтўра тадбиркорнинг ҳаддидан ошган ноғора қилиқлари устидан тушган арзномани ўргангани хизмат юзасидан таҳлил қиладиган бўлди. Текширишда тадбиркор отахоннинг найрангларини шамол кўтариб қолди. Тадбиркор аввал юқоридаги тўрани орқа қилиб кеккайиб кек сақлаб қолди. Қараса, ишининг бу ёғи чатоқ, муомала стрелкасини тескарига айлантира бошлади.
- Ўғлим, ҳали ёшсан. Бунақа ишларни кўриб ҳали кўзинг қотиб кетади. Бошқаларнинг қисмати олдида меники ҳали ҳолва. Сиримни фош қилганинг билан нимага эришардинг. Қўя қол, бу ишларни. Ундан кўра ота-бола киришайлик. Бу дунёда шу қолади...
(Давоми бор).
Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00