Устоз – миллат фахри Оқдарёлик устоз – таълим ва тарбия фидойиси

Н.Бўлтакова 1928 йилда Оқдарё туманида туғилган. Табаррук ёшли онахон қирқ беш йил давомида Қоратери қишлоғидаги 33-умумтаълим мактабида бошланғич синфларда ўқитувчилик қилган. Минглаб болаларни саводли қилган, меҳр билан ҳар бир ҳарфни, сўзни, инсонийликни ўргатган. Унинг шогирдлари орасида бугунги кунда шифокорлар, устозлар, олимлар, муҳандислар бор. Барча шогирлари онахонни “Она устоз” деб ҳурмат билан тилга олади.
Одатда кексайган инсонлар ҳаётда кўпни кўрган, сабр-тоқатли бўлишади. Лекин бундай ёшда ҳамон китоб ўқиш, унинг мазмунига чуқур кириб бориш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. 98 ёшли фахрий педагог Нарзибийи Бўлтакова эса ҳамон зеҳни ўткир китобхон сифатида китоб мутолаа қилишни ўзининг кундалик одатига айлантирган.
Шунинг учундир, ҳар қанча вақт ўтмасин, устоз онахоннинг зеҳни чархланган, хотираси равшан. Айни пайтда фахрий устоз “Юлдузли тунлар” романини иккинчи марта мутолаа қилмоқда. Шу ўринда, табиий равишда савол туғилади. Бу ёшда ҳам кўра оладиган кўз, тушунадиган ақл, эслаб қоладиган хотира қандай сақланади? Жавоб эса оддий – тўхтовсиз ақлий машқ, яъни китоб мутолаасидир.
- Китоб менинг ёлғизлигимни тўлдиради. У менга фарзандларим, набираларим йўқ бўлган пайтда ҳам ҳамроҳ бўлади. Китобда ҳаёт бор, тажриба, тинчлик бор, - дейди она устоз Нарзибийи Бўлтакова.
Она устоз ўн нафар фарзандларини вояга етказиб тарбиялади. Бугунги кунда фарзандларининг барчаси жамиятимизнинг турли соҳаларида хизмат қилиб, мамлакат тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Фурсатдан фойдаланиб, қарийб бир асрлик ёшни қаршилаш арафасида турган фахрий онахон Нарзибийи Бўлтаковани 1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни байрами билан барча педагоглар жамоаси номидан қизғин ва самимий муборакбод этамиз! Ҳамиша устозга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик тилаган ҳолда юз билан юзлашиб юришини Яратгандан сўраб қоламиз.
Суннатулло ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид:

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 10 дек, 13:21

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Таълим ва тарбия
- 21 дек, 11:11