ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИ УЧУН ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ

Давлат хизмати давлат бошқаруви тизимининг муҳим элементи бўлиб, унинг самарали фаолияти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини, мамлакатнинг изчил ва барқарор ривожланишини белгиловчи муҳим омиллардан бири саналади. Шу сабабли барча давлатлар давлат хизматининг таркибий қисми бўлган давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тартибга солишга ва ушбу тизимни доимий ислоҳ  қилиб боришга ҳаракат қилишади.
Бироқ, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда давлат хизматчилари  фаолияти билан боғлиқ турли маълумотлар тарқалиб, давлат органи вакилларига бўлган халқ ишончини муайян даражада пасайишига, уларга нисбатан муросасиз кайфиятнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Бугунги кунда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг этикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган "Давлат  бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари" орқали, судьяларнинг  одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари қоидаларига, одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган хулқ-атвор қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг 2013 йил 28 февралдаги 5-сонли қарори билан тасдиқланган  "Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси" орқали назорат қилиб борилади. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, давлат хизматчиларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
"Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари" нинг 3-бандига кўра давлат бошқаруви органи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига ишга кираётган шахслар одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништирилиши белгиланган. Давлат хизматчилари қонун ҳужжатлари ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш давлат хизматчисининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.
Қоидаларнинг 6-бандида давлат хизматчилари мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, давлат хизматчилари хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш, ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш, юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш ва бошқалардан иборат эканлиги келтирилган.
Бироқ мазкур одоб-ахлоқ қоидаларини амалиётда қўллаш билан боғлиқ бир қанча масалалар мавжуд:
Биринчидан, ушбу Қоидаларнинг 17-бандида давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилиши ва одоб-ахлоқ комиссияси, махсус таркибий бўлинма мавжуд бўлмаган тақдирда, давлат органи ходимларидан камида 5 кишидан иборат таркибда тузилиши кўрсатилган.
Фикримизча, қоидаларга риоя этилишини назорат қилишнинг ушбу механизми холислик принципини амалда таъминламайди. Яъни, муайян давлат органи ходими томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишини шу орган ходимларидан иборат таркибда шакллантириладиган комиссия кўриб чиқади. Бу эса ҳолатни ўрганиш ва ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишларини баҳолашда субъектив ёндашувга олиб келади.
Иккинчидан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш усуллари мавжуд эмас. Яъни давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши қандай усуллар орқали аниқланиши ва мониторинг қилиб борилиши масаласи мазкур қоидаларда белгиланмаган.
Учинчидан, қоидаларнинг 17-бандида давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкинлиги белгиланган. Масалан, уларни муайян турларини бузганлик учун жавобгарлик маъмурий ва жиноят қонунчилигида белгиланган. Бироқ қоидаларда давлат хизматчиларига маънавиятига нисбатан қўйилган яна бир қанча талаблар (жумладан, ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки давлат органининг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик ёки хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари шунингдек, фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик ва ҳ.к.) борки, уларга нисбатан жавобгарлик қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда давлат хизматчиларининг этикасини тартибга солувчи қонунчиликка одоб-ахлоқ қоидаларини давлат хизматчиларига ўқув дастурлари, маълумот ва маслаҳатлар бериш орқали етказиш амалиётини йўлга қўйиш лозим.
И.Умаров,
       туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.                               
Мавзуга оид:
Адлия ва суд

Адлия ва суд

  • 05 фев, 11:52
Ижтимоий ҳаёт

Ижтимоий ҳаёт

  • 27 ноя, 13:46
Қарорлар

Қарорлар

  • 23 ноя, 15:07