МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

ХIХ аср ўрталарида бошланган рус босқинчилик сиёсати ва унинг оқибатида муҳим сиёсий, маъмурий ўзгаришлар юз берди. Ушбу даврга оид манбалар Л.Н.Соболевнинг "Список населенных мест Зерафшанского округа" номли мақоласида ва бошқа манбаларда маълумотлар сақланиб қолган. 1868 йилда Самарқанд рус қўшинлари томонидан босиб олингач, шу йили Генарал-губернаторликка бўйсунувчи Зарафшон округи тузилди. Округ уездларга, уезлар эса волостларга, волостлар участкаларга бўлиб чиқилди. Ҳозирги Оқдарё туманининг шаҳар ва қишлоқлари анна шу Зарафшон округининг Самарқанд ва Каттақўрғон уездларига киритилиб, кичик волостларга бўлинди. 
1886 йил 12 июлдаги янги низомга кўра, Зарафшон округи тугатилиб, Самарқанд вилояти ташкил этилди. Самарқанд вилояти Статистика кенгаши томонидан М.М.Вирский таҳрири остида 1890 йил нашр қилинган "Сборник материалов для статистики Самаркандской области за 1887-1888 г." номли китобда Самарқанд уездидаги волостлар ва қишлоқлар аҳолисининг ижтимоий иқтисодий ва маданий ҳолати, аҳолисининг умумий сони каби таҳлилий маълумотлар келтирилади.
Бу манбада келтирилишича, Самарқанд уездида 32 та волость бўлиб, ҳар бир волост ҳақида алоҳида маълумотлар берилади. Ушбу манба асосида ўрганилаётган ҳудудга эътибор берсак, Оқдарё тумани ҳудуди ўша даврда 3 тайирик волостга бирлаштирилган бўлиб, булар Даҳбед, Шахоб ва Янгиқўрғон волостлари эди. Манбада Даҳбед волостида 41 та қишлоқ қайд этилган бўлиб, 1530 хонадон уларда жами 7650 нафар киши истиқомат қилган. Шахоб волостида 43 та қишлоқ қайд этилиб, жами 1918 та хонадон бўлиб, унда 9590 нафар аҳоли истиқомат қилган. Янги-қўрғон волостида 50 та қишлоқ қайд этилиб, жами 2126 та хонадон бўлиб, унда 10630 нафар аҳоли яшаган. Волостнинг энг йирик қишлоғи Янгиқўрғон бўлиб, унда 6 та даҳа мавжуд эди. Волостда Чиғатой, Хитой, Қипчоқ қабилалари яшаган.
1888 йилдаги маълумотларда Шахоб волостида Лойиш, Чавка ва Мўзон қишлоқлари энг йирик аҳоли масканлари сифатида тилга олинади. Волостда Хитой, Қипчоқ қабилалари яшаган. Даҳбед волостида энг йирик аҳоли маскани Катта Кумушкент бўлиб, унда 555 киши истиқомат қилган. Волостда Найман, Қипчоқ, Қорақалпоқ, Тожик, Жалоир қабилалари яшаган. Ушбу маълумотлар бўйича Самарқанд уезди бўйича жами 254195 нафар одамлар яшаган бўлиб, уларни 186532 нафари ўзбеклар, 59143 нафари тожиклар, 4020 нафари араблар ва 4500 нафари эса форслар бўлишган. Гувоҳи бўлганингиздек, ҳудудда бир неча миллат ва элат вакиллари турли даврларда аҳил ва иноқ яшаб келишган. Бу даврда юқорида айтиб ўтганимиздек, руслаштириш сиёсатининг ўзига хос жиҳати сифатида рус-тузем мактабларининг кўпайишини кузатишимиз мумкин. Бу мактаблар фаолияти ҳақида таълим тизими бобида яқиндан танишасиз.
Қадимдан ўз қоғозлари билан Шарқ ва ўарбга машҳур бўлган Самарқанднинг шаҳар ва қишлоқларида XIX асрнинг охирларида ҳам қоғоз тайёрлаш устахоналари кўп бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Масалан, Янгиқўрғон волостида 43 та, Даҳбед волостида эса 21 та қоғоз тайёрлаш устахонаси мавжудлиги манбаларда қайд этилган. Айниқса Янгиқўрғон ҳудудида бу соҳа кенгроқ ривожланган. Оқдарёнинг бу даврдаги иқтисодий ривожланишининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтмокчимиз. Волостларда ғишт, мой, кир совун, тери буюмлар, вино тайёрлаш, ойна тайёрлаш, кулолчилик, ипакчилик каби соҳаларининг кенг ривожланганлигини кўришимиз мумкин. Ушбу даврда савдонинг ривожланганлигини савдо расталарининг сони ва карвонсаройларнинг кўплиги билан изоҳлаш мумкин. Юқоридаги статистик маълумотларда, Даҳбедда 7 та, Янгиқўрғонда 5 та карвонсарой XIX асрнинг 80 йилларида мавжуд бўлганлиги келтирилади. Янгиқўрғон қишлоғининг Галаравот ва Тошқози даҳаларида 9 тадан, Бозоржой даҳасида 11 та савдо растаси бўлган. Шахоб волостининг Чавка қишлоғида 8 та савдо растаси, Даҳбед волости марказида 10 та савдо растасининг мавжудлиги иқтисодий тараққиётнинг ўша даврдаги аҳволини белгилайди. М.М.Вирскийнинг 1890 йилда эълон қилган маълумотларида Даҳбед, Шахоб, Янгиқўрғон волостларидаги экин ерлари миқдори ва ҳосилдорлик даражасига оид статистик маълумотлар ҳам ўрин олган. 
Даҳбед волостида 1888 йилда пахта экиш учун ажратилган 86 таноб ер бўлиб, ундан йилига 2,150 пуд пахта ҳосили олинган. 1888 йил октябрь ойида 1 кг пахта нархи 75 тийин (копеек)дан 1 сўм (рубль) 50 тийин (копеек)гача бўлганлиги қайд этилади. Янгиқўрғон волостида 1350 таноб ер пахта учун ажратилиб, ундан йилига 33,750 пуд пахта ҳосили олинган. Шахоб волостида 571 таноб ер пахтага ажратилган бўлиб, ундан йилига 14,275 пуд пахта ҳосили олинган. Волостларда узумчилик ҳам кенг ривожланган бўлиб, унга ажратилган ерлар миқдори қуйидагича тақсимланган. Даҳбед волостида 110 таноб ер узумчиликка ажратилиб, ундан йилига 17,600 пуд ҳосил олинган. Шахоб волостида 70 таноб ердан йилига 11,200 пуд узум ҳосили олинган. Янгиқўрғонда 320 таноб ер узумчиликга ажратилиб, ундан йилига 51, 200 пуд ҳосил олинган.
Оқдарё тумани ҳудудларининг умумдавлат иқтисодий соҳасидаги аҳамиятини бошқа мисоллар билан изоҳлашни ҳожати йўқ. Сабаби, ҳар бир даврда бўлганидек, бу даврда ҳамСамарқанд вилоятининг энг асосий иқтисодий марказлари бўлганлиги юқоридаги мисоллар орқали ўз исботини топади.
М.М.Вирскийнинг "Сборник материалов для статистики Самаркандской области за 1887-1888 г" номли тўпламида Оқдарёнинг асосий шаҳар ва қишлоқларининг аҳоли сони ва иқтисодий даражасига оид жадвал кўринишидаги маълумотлар ҳавола этилган. 1906 йил М.М. Вирский томонидан тўпланган статистик маълумотлар асосида ёзилган "Населенных мест Самаркандской области" номли тўпламда ҳозирги Оқдарё ҳудудидаги шаҳар ва қишлоқларнинг XX аср бошларига оид умумий аҳволи баён этилади. ХIХ асрнинг 70 йиллари охирларида Даҳбед шаҳри Самарқанд уездининг Даҳбед волости маркази вазифасини, 1906 йилдан то 1917 йилнинг охирларигача эса Даҳбед участкаси приставини маъмурий бошқарув маркази вазифасини ўтаган.
Шу ўринда ХХ аср бошларига оид бўлган М.М.Вирскийнинг тўпламида Янгиқўрғон шаҳри тўғрисида шундай маълумотлар берилган. Янгиқўрғон шаҳри Жануб қишлоқ жамоаси таркибига кириб, Галаравот, Азизобод, Қарлуқота, Тошқози, Сарбозор, Бозоржой даҳаларидан иборат бўлган. Унда 240 та ҳовли, 7 та масжид, 6 та мактаб, 66 савдо растаси, 10 та карвонсарой, 1 та пахта тозалаш заводи, 7 та мойжувоз, 3 та ун тегирмони, 1 та обжувоз мавжуд бўлган. Аҳолиси эркаклар 606 кишини, аёллар 488 киши, жами 1094 кишини ташкил этган.
Қоратухум қишлоғида ХХ аср бошларида жами 237 та ҳовли бўлиб, 1086 нафар аҳоли яшаган шулардан 603 нафари эркаклар бўлган. Ҳудудда 8 та масжид, 5та мактаб 1 та мойжувоз, 1 та ун тегирмони, 6 та обжувоз бўлган.
Янгиқўрғон волостига қарашли Арпа қишлоғида шу даврда 5 та аҳоли маскани бириктирилган бўлиб, унда 180 та ҳовли бўлган, уларда 809 нафар аҳоли яшаган. Шулардан 449 нафари эркаклар бўлган. Ҳудудда 6 та масжид, 4 та мойжувоз, 1 та ғишт заводи, 1 та ун тегирмони бўлган. Ҳудудга кирган энг катта қишлоқлар Арпа қишлоқ унда 74 та ҳовли,  Қорахўжада  50 та ҳовли бўлган.
Худди шу даврга оид шундай маълумотлар М.М.Вирский тўпламида Мавлум участкаси ва Найманча (Янгиобод) участка приставига оид Мавлум ҳудудида 168 та ҳовли, 1134 нафар аҳоли, 6 масжид, 6 та мойжувоз, 1 та ғишт заводи, 2 та ун тегирмон ва 5 та обжувоз бўлган бўлса, Янгиобод МФЙдаги Найманча ҳудудида 165 та ҳовли, унда 1112 нафар аҳоли, 7 та мактаб, 7 та масжид, 2 та мойжувоз, 3 та ун тегирмон ва 3 та обжувоз бўлганлиги тўғрисида маълумот келтирилади. Шахоб волостига қарашли Каллар - Қарқарали участка приставлигида 180 та ҳовли, 1213 нафар аҳоли яшаган. Шулардан 673 нафари эркаклар бўлган. 7 та масжид, 8 та мойжувоз, 4 та ун тегирмони бўлган. Ҳозиги Оқдарё тумани маркази бўлган Лойиш шаҳрининг 1905 йиллардаги ҳолати ҳақида қуйидаги маълумотлар берилади.
(Давоми бор).