ОНАЛАРНИНГ МЕҲНАТ СТАЖИДАН КЕСИШ НОҲАҚЛИК ЭМАСМИ?

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 37-моддаси "ж" бандига мувофиқ, бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йилдир. Масалан, агар ишловчи аёллар 30 йиллик иш стажига эга бўлса, шунинг ичида умумий ҳисобда уч нафар бола парвариши учун 8 йил таътилга чиққан бўлса, унга пенсия тайинлаш учун иш стажи жами 25 йил деб белгиланади. (30 йил - 8 йил + 3 йил = 25 йил). Бола парвариши таътилида бўлган давр (шу жумладан, ҳақ тўланган давр) имтиёзли ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажига киритилмайди.
Қарийб қирқ йиллик меҳнат стажи билан пенсияга чиқдим. Шундай бўлсада, пенсиям 1 миллион 400 минг сўмни ташкил этади. Матбуотда, таълим соҳасида фаолият юритиш билан бир қаторда 4 нафар фарзандимни тарбиялаб вояга етказдим. Ўша фарзанд тарбияси учун чиққан 4 йиллик меҳнат стажим пенсияни ҳисоблаш чоғида олиб ташланди. Ваҳоланки, илгари пенсия тайинлашда ҳар бир бола учун стаж қўшиб берилган экан. Фарзандларимнинг келажагини ўйлаб, уларнинг ҳар бирини олий маълумотли қилиш учун тинимсиз меҳнат қилдим. Уларнинг 2 нафари ўқишни тугаллаб, олий маълумотли мутахассис сифатида жамиятимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Айни пайтда 2 нафар фарзандим ва келиним  СамДУ талабалари, контракт асосида таълим олишади. Ўйлаб-ўйлаб, ҳайрон қоласан киши. Шунча йиллар давомида меҳнат қилиб, 4 нафар болани парваришлаб, тарбиялаб вояга етказиб, пенсияга чиқиш чоғида 4 нафар бола учун 4 йиллик стажни олиб ташлаш адолатданми? Ахир оналаримиз ҳам ишлаб, ҳам фарзанд тарбиялаганликлари учун айбдорми? Бу саволни албатта мен фақат ўзимни ўйлаб айтаётганим йўқ. Юзлаб, минглаб оналаримиз ҳам пенсияга чиққан чоғи бу каби ноҳақликдан норози бўлаётганликлари айни ҳақиқат-ку. Менинг фикримча, ушбу қонунни бола туғиш ва уни парваришлаш ҳақида умуман тушунчаси бўлмаган кишилар тузган ва қабул қилганга ўхшайди шекилли. Акс ҳолда, фарзандни дунёга келтириш, уни гўдаклигида тарбиялаш қанчалар оғир меҳнат эканлигини билар эдилар ва ноҳақликка йўл қўйилмаган бўлар эди.
Ахир, илгари оналаримиз фарзанд тарбияси учун ишлаш, ишламаслигидан қатъий назар 2 ёшгача пуллик нафақа, шунингдек, ҳар бир боласи 16 ёшга тўлгунча нафақани олишар эди-ку. Мисол учун менинг онам 11 нафар фарзандни туғиб, тарбиялаб вояга етказгани учун "Қаҳрамон она" медалини олган эди. Албатта ўз ўрнида кўп болали она сифатида бир қанча имтиёзларга эга бўлган онажонимнинг ёши бугунги кунда 80 ёшдан ошган бўлсада, айни дамда бирор бир имтиёзга эга эмас. Ҳаттоки, маҳалла ёки бошқа ташкилотлар бирор байрам ёки тадбирларда йўқлашмайди ҳам. Албатта, онамнинг бирор нарсага муҳтожлиги йўқ, лекин у киши ҳам жамиятнинг бир аъзоси сифатида бирор эътиборга, эътирофга лойиқ инсондир балки. Айниқса, бизнинг туманимизда "яхши" одатлар бор: "Ой туғса ҳам, кун туғса ҳам шуларга туғсин" қабилида 5-6 нафар доимий эътибордаги кишилардан бошқаларни кўришмайди гўё. Майли, буни қўя турайлик. 
Айни пайтда бола парвариши учун 2 ёшгача нафақани олишда ҳам турли хил талаблар (тўсиқлар) мавжуд. Ҳар бир ёш она боласи 2 ёшга тўлгунга қадар пуллик нафақани олса, уларнинг фарзанд тарбияси билан шуғулланиши ҳамда мактабгача таълим ташкилотига жойлаштиришда муаммога дуч келмаган бўлар эди. Ундан ташқари ёш оналаримизнинг ўзлари ҳам туғруқдан кейин икки-уч йил давомида ўзларининг соғлигини тиклаб олишар эди. Айтаман десангиз, ёзаман десангиз, буларнинг ҳар бири алоҳида муаммодир. 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жамиятимиз ривожланиши, тараққий топиши учун билимли, соғлом, дунёқараши кенг ёш авлодни тарбиялаш ва вояга етказиш масъулиятли вазифа ҳисобланади. Ана шу масъулиятни, шарафли вазифани аёллар ўз зиммаларига олган экан, аёллар, оналаримиз ҳақидаги ғамхўрликларни ҳар томонлама ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, оналаримизга пенсия миқдорини белгилашдаги ноҳақликка чек қўйиш вақти етиб келмадимикан?
Бу борадаги муаммоларни бартараф этишда албатта, халқимизнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларимиз бош-қош бўлишади, деган умиддамиз!
Мавзуга оид: