Булғор қалампирининг етиштирилиши
Булғор қалампири очиқ майдонларда ҳам, иссиқхоналарда ҳам яхши ўсади. Шунинг учун уни эртанги сабзавотлар қаторида етиштириш мумкин. Шунингдек, махсус иситгичларсиз ҳам бемалол етиштириш мумкин. Февраль ойининг охирларида иссиқхона 2 қават плёнка билан ёпилади. Кўчатлар январь ойидан бошлаб, юқори ҳароратли махсус иссиқхоналарга олинади. Бу ерда улар керакли ҳарорат ва парвариш билан тайёрланиб, февраль ойи охирларида бошқа жойларга ўтказилади. Бунда кўчатлар махсус целлофан идишлар (стакан)ларда ўстирилади.
Булғор қалампири кўчатлари орасини 30-35 см.дан қилиб, қатор ораларини 60-70 см.дан қилиб экилади. Фақат қуёш нури орқали иситиладиган иссиқхоналарда кўчатлар февраль ойида ва март ойининг илк кунларида экилганда иссиқхона ичига қўшимча яна бир қават целлофан плёнка ёпилиши керак. Чунки бу даврда ҳаво ҳарорати совуқ бўлиб, тунда тушадиган қировлар натижасида кўчатларни совуқ уриши мумкин.
Кўчатларни экишдан олдин иссиқхона тупроғи яхшилаб ўғитланади ва юмшатилиб, ишланади. Бунда ерга аммофос, фосфор, озроқ миқдорда калий ўғитларини солиш мумкин. Маҳаллий ўғитларнинг эса яхши чиритилганларини солиш мумкин. Янгиларини солиш мумкин эмас, чунки ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан, ҳали чириб улгурмаган гўнглар чиришни бошлайди ва тупроқни қиздиради ва натижада ўсимлик илдизини қиздириб, куйдиради. Бунинг оқибатида эндигина мевага кирган ниҳоллар қуриб қолади.
Янги экилган кўчатларга ҳар куни сув қўйиб турилади. Чунки қиш пайтида эгатлаб суғормаган маъқул. Шунда иссиқхона тупроғи қуруқ бўлиб, қуёшнинг ёруғида тезда исиб кетади ва кўчатлар бемалол ўса олади.
Кўчатлар ерга яхши ўрнашиб олгандан сўнг, ерни ўғитлаш ва суғориш мумкин. Ўғитни кўчатга жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам солмаслик керак. Шу билан бирга ўғит эгатнинг суғориладиган томонига солиниши шарт. Чунки кўчатлар ҳали кичкина бўлганлиги учун, эгатнинг бир томонига экилган бўлади ва кейинчалик чопиқ қилиш жараёнида эгат ўртасига олинади. Агар бу даврда ўғитни эгатнинг қуруқ томонига солиб қўйилса ва намлик яхши етиб бормаганда ёш ниҳоллар қуриб қолиши мумкин. Ёки эндигина шоналаган кўчатларнинг шоналари қуриб, тўкилиб кетиши мумкин. Бу жараён ўғитни ҳаддан ортиқ миқдорда кўп солинганда ҳам юз беради. Бу билан дастлабки олинадиган ҳосиллар нобуд бўлади. Ўсув даврида ўсимликка ҳар галги суғоришда озроқ-озроқдан селитра, сулфат аммония каби ўғитлардан солиш мумкин. Маҳаллий ўғитларни эса шарбат усулида суғориш билан қўшиб амалга ошириш мумкин.
Булғор қалампири ҳар 5-7 кунда суғориб турилади. Суғоришдан кейин тупроқ етилиши билан чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозалаб турилади. Булғор қалампирлари оқариб, ялтираши билан териб олинади. Ҳосилнинг дастлабкилари кўчат экилгандан 40-45 кун ўтиб етилади, кейингилари эса тезроқ 20-25 кун давомида етилади. Ҳосилларни 4-5 кун ўтказиб йиғиб олинади ва ўғитланиб, суғорилади.
Иссиқхона ҳарорати 30-35°C гача кўтарилиб, ўсимлик тўлиқ гуллашни бошлаши билан, кундузи иссиқхонанинг икки чети очилиб иссиқхона ҳавоси янгиланиб турилади. Акс ҳолда гуллар ва мевалар тўкилиб кетиши мумкин.
Булғор қалампиридан ёзнинг июль-август ойларигача ҳосил олиш мумкин. Аммо бу пайтга келиб ҳосил ўсимликнинг юқори қисмига чиқади ва майдалашиб кетади.
Шаҳзод Олимов,
Умид Очилбоев,
Абдулла ДЎстҚобилов,
туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими агроном-инспекторлари.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00
Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22