ОНАЖОНИМСИЗ БУ ДУНЁ ҲУВИЛЛАБ ҚОЛДИ


Онам Тошбуви Эсиргаповани эслаб...
Неча кунки йўқ оромим,
Келолмайман ҳушимга.
Онажоним кечалари
Кириб чиқар тушимга.
Қўлларида оқ елпиғич
Ой нурида ялтирар.
Онажоним имлаб мени
Қошларига чақирар.
Келтирарлар гоҳо бешик
Кўзларида ҳаяжон.
Ётар пайтинг бўлди-ку дер,
Кела қол, дер, болажон.
Қайларгадир югураман,
Фиғонимдан чиқар дуд.
Йиғлама, деб қўлларимга
Тутқазарлар сўнг тобут...

Абдулла Орипов.
 
Шоирнинг юқоридаги мисралари ҳар биримизни онамизга бўлган меҳримизни оширганлиги бор гап. Бу шеърни билмаган, таъсирланмаган фарзанднинг ўзи бўлмаса керак. Ҳар гал шеърни ўқир эканман, азиз онажоним кўз олдимга келаверади. Онам билан боғлиқ хотиралар шу қадар кўпки, ёзсак бир китоб бўлади. Айниқса, у кишининг етти ёшга тўлганимда Учтепадаги 15-ўрта мактабнинг биринчи синфига олиб борганлиги ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қўлимда гул, мактаб формасини кийган ҳолда устозимиз Гулсара Йўллиевага гулларни топширдим. Ўша пайтда онам устозимга менинг қизимни яхши ўқитсангиз, насиб бўлса сиздек ўқитувчи бўлади, ишончингизни оқлайди, деганди. Мактабни аъло баҳолар билан тугатдим. Лекин онажонимнинг орзуси амалга ошмади. Оиладаги шароитимиз тўғри келмай, олий ўқув юртига ўқишга бора олмадим. Шундай бўлсада, онажонимнинг оилада берган тарбияси туфайли тинимсиз китоб ўқирдим. Рўзғор ишларини ҳам у кишидан мукаммал ўрганиб олгандим. Мактабни битиргач, турмушга чиқдим. Қишлоғимиздан сал узоқда бўлсада, тез-тез онамнинг ёнига келиб турардим. У киши менинг дардкашим, сирдошимдай бўлиб қолганди.
Отамнинг вафотидан кейин онам негадир ўзини ёлғиз ҳис қила бошлади. Бундан ташқари тез-тез тоби қочиб қолар, шу боис шифокорларга мурожаат қилишга тўғри келарди. Оиладаги рўзғор ишларидан бўш вақтларимда ҳеч бўлмаганда ҳафтасига бир марта онажонимни йўқлаб боришни одат қилгандим. Борган пайтимда ҳам ниҳоятда қувониб кетар, мен севган, ёқтирган таомларни тайёрлашга уринарди. Мен ўшанда бу дақиқалар ҳам ниҳоятда қадрли, азиз эканлигини ҳис қилмаган эдим. Фақатгина онажоним бу дунёдан ўтгандагина у кишини ўрни ниҳоятда сезилганлигини, уйлар онамсиз ҳувиллаб қолганлигини юракдан ҳис этдим. Илгарилари уйда бирон нарсадан хафа бўлсам, зериксам онажонимни олдига бориб, дардлашиб қайтардим. Ёз пайтларида эса укам уйимизнинг ён томонидаги кўчага қараган томонидан бир туп ўрик остига чорпая қилиб берар, то мавсум тугагунча онам ўша ерда ўтирарди. Тез-тез бориб турганлигим боисми, у кишига боғланиб қолгандим. 
Бир куни уйга борсам ҳовлида жимжитлик ҳукм сурарди. Укамдан сўрасам, касал бўлиб қолди, акам уйига олиб кетди, деди. Шунда онам мени кутгану, мен келмаганлигим учун касал бўлиб қолган, деган хаёлга бордим.  Ўшанда ушбу гарчи шеър бўлмасада, тўртликни битган эдим:
Болам деб ўтди умринг,
Азобларга бўлдинг сабринг
Ёлғизликда ўтирган онам
Дардларингга бўлайин малҳам...
Биз оилада икки ўғил, уч қиз эдик. Онажоним ва отажоним бизларни оқ ювиб, оқ тараб уйли-жойли қилишди. Турмушга узатишди. Яратганга минг бор шукрки, ўзим ҳам бир ўғил ва уч қизни онаси бўлдим. Ўғлим Турдимурод олий маълумотли шифокор бўлиб тумандошларимизнинг соғлигини муҳофаза қилишда ўз хизматини аямаяпти. Онам бетоб бўлиб қолганда ҳам ўғлимни ўзи бориб ҳолидан хабар олар, зарур ҳолларда эса туман тиббиёт бирлашмасида фаолият кўрсатаётган тажрибали устозларидан маслаҳат олиб даволарди. Қизларим Нафиса, Турсуной ва Башоратлар ҳам тез-тез бувисини кўргани боришар, бундан онам ниҳоятда қувониб кетар, хабар олиб туринглар, биз ҳам омонатмиз дея орқаларидан гапириб қоларди. Ҳар 8-март куни онамнинг уйи байрамга айланарди. Биз фарзандлар, набиралар барчамиз тўпланишиб у кишини қутлардик. Биримиз куйлаклик, яна биримиз кексалар боб рўмол, яна қайсимиз чинни нарсалар билан у кишини табриклардик. Шундай бўлган пайтда ҳам онам бекорга харажат қилибсизлар, ўзларинг келганларингда ҳам шуни ўзи етарли эди дея бир неча бор такрорларди.
Ҳар хотира арафасида қишлоғимиздаги қабристонга бориб у кишининг қабрига анвойи гуллар қўяман. Беихтиёр лабларим пичирлайди. Жойингиз жаннатда бўлсин азиз онажоним, биз сизни доимо соғинамиз. Уйларимиз сизсиз ҳувиллаб қолди...
Фароғат ЭСИРГАПОВА,
Оқсулот қишлоғи. 
Мавзуга оид: