Шахсий фикр МАКТАБ ДИРЕКТОРИНИНГ ОЙЛИГИ ҚАНЧА?

Қўшни туманда ҳарбий хизматда бўлган қадрдон дўстим мактаб директори вазифасида фаолият кўрсатади. Қачон меҳмондорчиликка борсак шошиб муаммолар гирдобида юради. Яқинда учрашиб қолганимизда сўрадим: - Доимо шошиб юрасан, ойлигинг ҳам минг доллар бордир, - дедим ҳазиллашиб.
- Қанийди, минг доллар бўлса? Дўппимни осмонга отардим. Шунча йил стажим бўлса ҳам уч миллион сўм оламан. Яқин-яқингача ўз фаним бўйича ўн соат дарс берардим. Бу меҳнатимга ҳар ҳолда пул олардим. Яқинда директорларга дарс бериш мумкин эмас, деган буйруқ келди. Шундан буён уч миллион сўмдан ошмаяпти. Ўзинг биласан, ўғлим ва қизим контрактда ўқийди. Хотин иккаламиз бир амаллаб қийналиб бўлсада, тўлаяпмиз. Тепадан текширувчи кўп. Уларга чой-пой қилиш керак. Мактаб ремонтига ҳам деярли бюджетдан пул ажратилмайди. Ўқитувчиларга айтиш, ремонт учун пул бер     дейиш мушкул. Ота-оналарга айтсангиз айримлари нотўғри тушунади. 
- Газеталарга обуна масаласи-чи...
- Ярамга туз сепдингиз-да, дўстим. Бу оғриқли масала. Илгарилари ўқитувчилар ҳам обуна масаласида ҳеч қандай эътироз билдиришмас эди. Ҳозир эса бутунлай бошқача манзара. Обунани айтишимиз билан жавоблари тайёр. Порталга чиқаман, Президентга ёзаман деган гаплар кўпайиб бораяпти. Ахир газета ўқимаса ўқитувчи янгиликни қаердан олади? Афсуски, юқоридаги айрим "донолар" мажбурий обуна бўлмайди деганларидан сўнг аҳвол мураккаблашди. Бироқ шундай бўлсада, ихтиёрий обуна бўлаётган педагогларимиз ҳам анчагина. Обунани йўлга қўйиш учун ўқитувчининг ойлигини ошириш зарур деб ҳисоблайман. Сиз ички ишлар ходимларини ойлик маоши неча сўм деб ҳисоблайсиз, - деди дўстим менга савол назари билан қараб.
- Билмадим, тахминан беш, олти миллион бўлса керак.
- Билмасангиз билиб қўйинг. Туман ички ишлар бўлими бошлиғининг бир ойлик маоши ўн олти миллион сўм экан. Оддий ходимники эса етти-саккиз миллион сўмни ташкил этади. Ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам ички ишлар ходимларникига чиқаяпти, - деди дўстим асабийлашиб. - Қанчадан-қанча ваколатлар, имкониятлар ва имтиёзлар уларга берилаяпти. Касал бўлиб қолишса санаторияда бепул даволанишади. Бу ҳам етмагандек, фарзандлари ҳам имтиёз асосида олий ўқув юртларига қабул қилинади. Бечора ўқитувчига ҳеч қандай имтиёз йўқ. Шундай бўлгач, обунагами ёки бошқа масалагами пул бер, дейишса малол келади.
- Сиз мактаб директорининг ойлик маоши қанча бўлиш керак, деб ҳисоблайсиз?
- Менимча, директорнинг ойлиги ҳеч бўлмаганда етти миллион сўм бўлиши лозим. Бундан ташқари унга ўз фани бўйича ўн соат дарс берилса мақсадга мувофиқ бўларди. Оддий ўқитувчиларнинг ойлиги эса ўртача беш миллион сўмни ташкил этса ўйлайманки ҳар бир педагог ўз ишига масъулият билан ёндашади. Бундан ташқари коммунал тўловлар масаласида ўқитувчиларга имтиёз берилиши лозим. Собиқ шўро даврида бундай имтиёз мавжуд эди. Афсуски, ҳозир бундай имтиёз мавжуд эмас. Ўқитувчиларнинг фарзандлари учун ҳам олий ўқув юртларига киришда имтиёз йўқ. 
Хуллас, директор дўстим билан бу масалаларда анча суҳбатлашдик. Демак, педагогларнинг ойлик маошларини ошириш ниҳоятда зарур. Бунинг учун аслида иқтисодчи касбига эга бўлган, айни пайтда халқ таълими вазири вазифасида ишлаётган жаноб Бахтиёр Саидов айнан шу масалада муҳтарам Президент билан суҳбатлашиши ва педагогларнинг ойлик маошларини ошириш ҳақида ўз фикрларини айтиши лозим деб ҳисоблаймиз. Чунки мамлакатимизда фақат Президент топшириқ берсагина соҳа ходимларининг ойлик маоши оширилади. Бунга бизнинг ишончимиз комил.
Мавзуга оид: