УСТОЗЛАРНИ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК

Ҳамма замонларда ҳам жамиятимизда устозга бўлган ҳурмат-эътибор юксак даражада бўлган. Негаки, ҳар қандай инсоннинг шаклланишида, комил инсон бўлиб вояга етишида ул зотнинг хизматлари беқиёсдир. Зеро, халқимиз томонидан "Устоз отангдек улуғ" деган нақл бежизга айтилмаган. Айтишларича, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлиб, ерга туширса, устоз уни кўкка кўтарар экан. Бу ўхшатишнинг замирида қанчадан-қанча маъно мужассам эканлигини англаш қийин эмас.
Шундай бўлсада, минг афсуслар бўлсинким, устозларга бўлган ҳурматсизлик, уларга бўлган нотўғри муносабат ҳамон учраб турганлиги аянчлидир. Бунинг сабаби шундаки, айрим ота-оналар ўз фарзандига тўғри тарбия бериш, унга инсоний фазилатларни сингдириш ўрнига ўғил-қизларига барча нарсани муҳайё қилиб, ортиқча "меҳр" кўрсатишмоқда. Бундай ўғил-қизлар эса ишёқмас, дангаса, қайсар, худбин бўлиб вояга етиб, ўзидан каттага ҳам, кичикка ҳам ҳурмат-иззатда бўлишмайди. Инсоний фазилатлардан йироқ бўлишади. Охир-оқибатда турли хил қинғир йўлларга кириб кетишмоқда. Улар орасида мактабга боряпман деб уйдан чиқиб, кун бўйи ўзи хоҳлаган иши билан шуғулланиб юраётган ўқувчилар ҳам учраб туради.
    - Синф раҳбари бўлиб иш бошлаганимга эндигина уч йил бўлмоқда. Бу вазифани бажариш ўқитувчидан катта тажриба ва масъулият талаб қилар экан. Синфдаги 30 нафар ўғил-қизнинг ҳар бири билан характерига қараб муомала қилиш, уларни ўқишга жалб қилиш, айниқса, дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиш талаб этилади, - дейди Соҳиб Эргашев. - Яқинда синфимиз ўғил болалари ўртасида арзимаган нарса туфайли келишмовчилик чиқиб, дарсдан сўнг жанжаллашиб қолишган. Ўзаро келишмовчилик оқибатида болалар икки гуруҳга ажралиб, жанжаллашган. Бир йигитнинг боши лат еб, касалхонага тушди. Мен ҳам бу воқеани эшитиб, ўқувчимнинг аҳволидан хабардор бўлиш мақсадида зудлик билан касалхонага етиб бордим. Касалхонага етиб боришим билан ўқувчимнинг ота-онаси менга бақира кетди. "Боламнинг шу аҳволга тушишига сен сабабчисан, шу аҳволга келгунча қараб туравердиларингми... Сени ҳам, мактаб директорингни ҳам ишдан ҳайдатмасам қўймайман..." Уларнинг ҳақоратли гаплари тугар-тугамас, қаердандир пайдо бўлган ўқувчимнинг акалари мени дуппослай кетишди. Касалхона шифокорлари уларнинг чангалидан мени зўрға ажратиб олишди ва ҳозирча қайтиб кетишимни маслаҳат беришди. Эртаси куни ўқувчилар билан синф мажлиси ўтказиб, бўлган воқеага аниқлик киритдим. Маълум бўлишича, дарс-дан кейинги жанжални Азизнинг ўзи бошлаган экан. Шундай бўлсада, Азизнинг ота-онаси, акалари мактабга келиб яна жанжал кўтаришди...
-  Мактаб формаси бугунги кунда долзарб мавзуларга сабабчи бўлмоқда, - дейди Эътибор Қодирова. - Кўп йиллардан буён мактаб психологи бўлиб ишлайман. Айниқса, ўқувчи қизлар ўртасида мактаб формасини кийишдан кўра бугунги кунда тез-тез алмашиб турган турли хил модаларда юришга қизиқиш кучлироқ эканлиги сезилади. Албатта, биз ўқувчи қизларимизга бу ҳақда тўғри йўл-йўриқ ва тарбия беришга, одоб доирасида кийиниш зарур эканлигини уқтиришга ҳаракат қиламиз. Лекин, айрим ота-оналар бизни тўғри тушунмайди: "Қизим қандай хоҳласа, шундай кийинади. Сиз аралашманг", дея бизга қаршилик кўрсатишади. Ўқитувчилар билан жанжаллашади ва турли хил ноўрин сўзлар билан ҳақорат қилишади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ўқитувчи албатта тўғри йўл тутишга, ўқувчига ҳам, ота-онага ҳам тўғри муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Негаки, кеч бўлсада, ўзининг хатосини англаган айрим ўқувчилар, уларнинг оиласи фарзандини тўғри йўлга бошлаган, унинг порлоқ келажагини ўйлаган устозидан узр сўраб, ўз фарзандига тўғри тарбия беришга, уни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилишади. Акс ҳолда, ўз шогирдининг ёрқин келажагини ўйлаб, унинг ҳар томонлама етук шахс бўлиб вояга етиши йўлида таълим-тарбия бераётган фидойи устозларимизга нотўғри муомала қилаётган айрим ота-оналар фарзанд тарбиясида қаттиқ адашадилар. 
 ШУКРОНА.   
Мавзуга оид: