Оқдарёлик мутасаддилар Андижонда

Жорий йилнинг 4 февраль куни Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратов бошчилигида туманнинг масъул раҳбарлари, маҳалла бўлими, ҳалқ таълими бўлими мутасаддилари Андижон вилояти туманларида ижтимоий-иқтисодий, қурилиш бунёдкорлик ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишиш, эришилган натижалар билан ўртоқлашиш, тажриба орттириш мақсадида Андижон туманига боришди.
Шу муносабат билан Самарқанд ва Жиззах вилояти ҳудудларидаги секторлар раҳбарлари ҳамда қатор мутасадди раҳбарлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамроҳлигида Андижон вилоятида амалга оширилаётган янги тажрибалар, вилоятдаги мактабларда йўлга қўйилаётган янги ўзгаришлар билан таниш мақсадида дастлаб 55-умумтаълим мактабига ташриф этдилар. Мактабда яратилган ҳаёт мактабига тайёрлаш, дуал таълим соҳасидаги тажрибалар билан яқиндан танишдилар.
Оқдарё тумани вакилларининг навбатдаги манзили Андижон туманидаги Садда таги маҳалласида бўлди. Бу маҳаллада 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Кейинги йилларда бу маҳаллада "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида кўплаб паррандачилик, узумчилик, иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Оқдарёлик мутасаддилар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида мазкур маҳалладаги хонадонлар ва улардаги шарт-шароитлар билан танишдилар.
Шундан сўнг Самарқанд ва Жиззах вилояти ҳудудларидаги секторлар раҳбарлари ҳамда қатор мутасадди раҳбарлар Андижон вилоятида амалга оширилаётган янги тажрибалар билан танишдилар. Шуҳратбек Абдураҳмонов меҳмонларни Янги Андижон шаҳри қурилиши билан яқиндан таништириб ўтди.
Оқдарёлик мутасаддилар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида Янги Андижон массивидаги "BEST IMPEX TEXTILE" фабрикаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Андижон вилояти туманларида эришилган натижалар билан ўртоқлашиш, тажриба орттириш мақсадида вилоятнинг Андижон туманида бўлиб турган Оқдарё тумани вакиллари саёҳат давомида Янги Андижон массивидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари ва замонавий қад ростлаган 1-мактабдаги шарт-шароитлар билан ҳам танишдилар.
- Янги Андижонга ташрифдан кўзланган асосий мақсад, муҳтарам Юртбошимизнинг ташрифи давомида гувоҳи бўлганимиз Янги Андижонда бугунги кунда ижтимоий, иқтисодий ва қурилиш соҳасида ҳамда таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган янгиликларни ўрганиш ва ўз фаолиятимизда жорий этишдан иборатдир,-дейди Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратов. - Шу мақсадда туманимиздаги қурилиш, маҳалла, таълим ва бошқа соҳалардаги 20 дан ортиқ масъул раҳбарлар билан биргаликда Андижон вилоятидаги янгиликлар, ўзгаришлар ва ривожланишлар билан яқиндан танишдик.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, таълим соҳасида замонавий таълимни жорий этиш, мактаб ўқувчиларининг 2 тилни ўрганиши билан бир қаторда касб-ҳунарни эгаллаши ҳам лозимлиги ҳақидаги кўрсатмасининг ижросини Андижон мактабларида кўриб, уларнинг бу борадаги илғор иш тажрибаси билан яқиндан танишдик. Қурилиш соҳасидаги янги иш тажрибаларини, янгиликларни эса албатта, туманимиздаги Даҳбед массивида яратилаётган янги қурилиш ишларига жорий этамиз. Мақсадимиз халқимизни ҳаётдан рози бўлиб яшаши, улар учун етарли шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.
- Янги Андижонга ташрифимиз давомида вилоятда бугунги кунда олиб борилаётган ишларни кўриб кўзимиз қувнади,- дейди Оқдарё туман маҳалла ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Мамадиёрова. - Айниқса, Андижон туманига қарашли Садда таги МФЙдаги бешлик таркибининг биргаликда олиб бораётган ибратли ишлари мақтовга лойиқдир.
Шунингдек, ташриф давомида 55-мактаб фаолиятини ўрганар эканмиз, бу даргоҳда олиб борилаётган таълим-тарбия ва касб-ҳунар ўргатиш борасидаги ибратли ишлар бизни ҳайратга солди. Германияда ҳам худди шу манзарани кўрган эдим. Мактаб ўқувчилари юқори қаватларда замонавий талаблар асосида таълим-тарбия олишаётган бўлсалар, пастки қаватда ўғил-қизлар турли хил касб-ҳунарни ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу дегани ўқувчи бир вақтнинг ўзида ҳам таълим-тарбия оляпти, касб-ҳунар ўрганяпти ҳамда ўрганган касб-ҳунарининг орқасидан ўзига яраша етарли маблағга ҳам эга бўлмоқда. Бу жуда қувончли ҳолатдир.
Туман ҳокими биз оқдарёликларни Андижон тажрибаси билан яқиндан таништириш мақсадида сафар ташкил қилган экан, биз ҳам ушбу янгилик ва тажрибаларни ўз фаолиятимизда албатта татбиқ этишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Мавзуга оид:

Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38

Хоким мурожаати
- 29 дек, 11:58

Таълим натижалари
- 21 дек, 10:24

Қарорлар
- 23 ноя, 15:07