Инсон хотираси азиз ҲОФИЗЛАРНИНГ САРДОРИ ЭДИ...

Акам Акбар Муҳаммадиевни ёд этиб...
Дўстлар яхшиларни авайланг, асранг,
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг,
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,
Уни тириклигида бир соат йўқланг...
Мақсуд Шайхзода.
Акам ёшлигидан мусиқага қизиқарди. Шу боисдан ҳам радио орқали Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Комилжон Баратов сингари ўша даврдаги машҳур санъаткорларнинг қўшиқларини мароқ билан тинглар, эринмасдан ёд олиб хиргойи қилиб юрарди. Учтепа қишлоғидаги ҳозирги 15-мактабни битиргач, ҳеч иккиланмасдан Тошкент шаҳридаги педагогика институтининг мусиқа факультетига ўқишга кирди. У киши ниҳоятда ташаббускор, аълочи бўлганлиги туфайли курсдошларига доимо намуна бўлганлигини ўртоқларидан кўп эшитганмиз. Биринчи курсда элимизга таниқли бўлган халқ артистлари Шерали Жўраев, Ортиқ Отажоновлар билан таълим олганлигини гувоҳи бўлганмиз. Улар билан бирга тушган суратлари альбомда сақланмоқда. 
Институтни битиргач, Лойишдаги 7-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида оддий ўқитувчиликдан иш фаолиятини бошлади. Ҳар бир дарсни масъулият билан ўтар, иқтидорли ўқувчиларни турли танловларга жалб қилиб, юқори ўринларни эгаллашлари учун астойдил ҳаракат қиларди. Кўп ўтмасдан халқ таълими раҳбарлари уни мусиқа мактаби директорлигига тавсия этишди. Албатта бу масъулият у кишини руҳлантириш билан бир қаторда ўз устида сабот билан ишлашга ундади. Бир неча йил ичида мусиқа мактабида ўқувчилар вилоят ва республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этишиб совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди. Шундан сўнг, акам таълим ходимлари касаба уюшмаси туман бўлимининг раиси вазифаларида анча йил фаолият кўрсатди. Бир неча йил давомида туман маданият уйининг директори вазифасида фидойилик билан меҳнат қилганлигини кўпчилик яхши хотиралар билан эслашади. Қарийб ўттиз йил давомида 16, 46-мактабларнинг директори вазифасида сидқидилдан ва самарали меҳнат қилди. Ўзининг ҳалол меҳнати, ташаббускорлиги ва самимийлиги билан элнинг ҳурматини қозонди. 
Инсон ҳаётида айрилиқлар ҳам учраб туради. 2010 йилда акам ўғли Улуғбекдан ажралиб қолгандан сўнг соғлигини йўқотди. Инфаркт, инсульт сингари касалликларни бошидан кечирди. Охир-оқибатда ўша касалликлар етмиш уч ёшида меҳрибон акамни орамиздан олиб кетди. Бу воқеа 2020 йилнинг 4 сентябрида бўлиб ўтган эди...
Акам билан боғлиқ хотираларим шу қадар кўпки, қайси бирини сўзлаб беришга ҳайрон қоламан. Яхшиси ўрта мактабни битирганимдан сўнг бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўзлаганим маъқул.
Туманимиздаги 16-ўрта мактабни 1973 йилда аъло баҳоларга тугатиб, ТошДУнинг журналистика факультетига ҳужжат топшириш учун бордим. Бироқ газетада чоп этилган мақолаларимни тўплаб, алоҳида альбом қилмаганлигим туфайли ҳужжатларимни қабул қилишмади. Ноилож ортга қайтдик. Кайфиятим тушиб кетган эди. Буни сезган Акбар акам кайфиятингни бузма, районда чоп этиладиган газетанинг бошлиғи менинг қадрдон акам бўлади. Бир йил ишлагач, бемалол журналистика факультетига ҳужжатларингни топширасан деб далда берди. Ўша пайтда газета таҳририяти Даҳбед қишлоғида жойлашганди. Барвақт туриб Даҳбедга йўл олдик. Хайриятки, муҳаррир ҳам ишхонада экан. У киши бизни очиқ чеҳра билан қарши олди. Салом-аликдан сўнг бўлиб ўтган воқеани оқизмай-томизмай сўзлаб берди. Агар иложи бўлса редакцияда ишлаб турсин. Келаси йил журналистика факультетига ҳужжатларини топширади. Албатта ўқишга киришига ишончим комил деди.
Акамнинг сўзларини диққат билан эшитиб турган Мамараҳим Мардиев:
- Бўпти, мен бу йигитчани синов шарти билан ишга қабул қиламан. Очиғини айтай, бизда интизом жуда қаттиқ. Газетачи бўлиш осон эмас, газета чиқиш кунлари редак- циянинг ўзида тунлари қолиб кетишга тўғри келади, - деди. Шунда акам менга юзланиб, нима дейсан, қийналиб қолмайсанми деди. Мен эса рози эканлигимни, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр эканлигимни айтдим. Шундай қилиб 1973 йилнинг август ойидан бошлаб газетада корректор бўлиб фаолиятимни бошладим. Бу пайтда таҳририятда иштихонлик Ибодхон Баҳодиров муҳаррир ўринбосари, янгиқўрғонлик Рустам Аминов масъул котиб, Самарқанддан Миршариф Хўжаев маданият ва турмуш бўлимининг мудири, суғончилик Тоҳир Муҳаммадиев қишлоқ хўжалиги бўлимининг мудири, Ўктам Қурбонов, Тожиддин Қамаров адабий ходим ва Зулфия Пўлатова машинистка-котиба вазифаларида фаолият кўрсатишарди. Тез орада жамоа аъзолари билан келишиб кетдик. Айтганча, Ўктам Қурбонов билан худди ака-укадек эдик. Чунки у киши ҳам эндигина Самарқанд давлат педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини битириб ишга келганди. Баъзан у кишининг уйи Даҳбедга яқин бўлганлиги учун Қоратери қишлоғида тунаб қолардим. Ўктам ака барча жанрларни яхши эгаллаганди. У киши очеркдан тортиб фельетонгача бўлган жанрларни пухта эгаллаган, ёзган нарсалари севиб ўқилар, биз эса у кишига ҳавас қилардик. Шунингдек, у киши менга устоз ҳам эди. Қолаверса, у киши акамнинг энг қадрдон инсонларидан бири бўлиб, тез-тез бир пиёла чой устида суҳбатлашиб туришарди. Албатта бу суҳбатларда мен ҳам иштирок этардим. 
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, акам давраларнинг гули эди десам, муболаға бўлмайди. Чунки юзлаб латифаларни ёддан билар, ҳар бирини образли қилиб ижро этарди. Қайси даврада бўлмасин, даврага файз киритарди. Тўйларга таклиф этганида, камтарлик билан ўзининг устози, халқ ҳофизи Фахриддин Умаров билан учрашган пайтини эслаб у киши айтган ўнлаб қўшиқларни маромига келтириб ижро этарди. Овози ҳам худди устозининг овозига ўхшаш эканлигини мухлислар кўп таъкидлашади. 
- Акбар ака билан кўп йил бирга ишлаганмиз, - дейди туман маданият бўлимининг мудири вазифасида кўп йиллар фаолият кўрсатган Ойназар Олимов. - Ҳақиқатдан ҳам ташаббускор, янгиликка интилувчан, ёшларнинг ҳақиқий устози эди. Буни ҳаётим давомида кўп бор гувоҳи бўлганман. Давраларда, катта йиғилишларда ҳам ўзида журъат топиб ҳақиқатни рўй-рост айтарди. Ҳозирги пайтда у кишининг шогирдлари нафақат вилоятимизнинг, балки республикамизнинг турли жойларида нуфузли вазифаларда фаолият кўрсатишмоқда. Биз у кишини ҳофизларнинг сардори деб атардик.
- Кўп йил у киши билан бирга меҳнат қилганмиз, - дейди 30-мактаб директори, халқ таълими аълочиси Абдураҳмон Асроров. - Бир неча бор Тошкентга малака оширишга бирга борганмиз. Ўша жойда ҳам ташаббускорлигини ёрқин намоён этиб, курсбоши сифатида барчамизга намуна бўлганлигини таъкидлаб ўтишни истардим. Халқ таълими соҳасида катта тажрибага эга бўлганлиги учун биз ёш директорлар у кишидан доимо йўл-йўриқлар, маслаҳатлар олиб турардик. Бирорта директорнинг тўйими ёки туғилган куни бўлса Акбар ака бизга бош бўлиб, ташкилотчилик қилиб ҳаммамизни бирлаштириб юбилей ўтказилаётган хонадонга ташриф буюрардик. Албатта қуруқ бормасдик. Тўйга тўёна билан, деганларидек, устозларга эргашиб, тўйларни юқори савияда ўтказиб қайтардик. Албатта ҳофиз сифатида у кишидан ҳам бир неча қўшиқларни эшитардик. Бундай инсонларни ҳаётда камдан-кам учратасан, охирати обод бўлсин у кишининг.
- Акбар билан бирга ўн бир йил мактабда ўқигандик,- дейди Холдор қишлоғида яшовчи синфдоши Хуррам Ботиров. - Барча фанлардан аъло баҳога ўқирди. Ҳусни-    хати шу қадар чиройли эдики, доимо мактабнинг ҳурмат тахтасида расми билан турарди. Биз ундан ўрнак олишга астойдил ҳаракат қилардик. То умрининг сўнгги кунига қадар борди-келди қилиб турардик. Ҳафтада бир ёки икки марта унинг хонадонида бир пиёла чой устида гурунг қилардик. Афсуски, дўстим бизни эрта тарк этди. На илож. Ўлим ҳамиша ҳақ. Жойлари жаннатда бўлсин дўстимнинг.
Акам менга йўл-йўриқлар кўрсатар, маслаҳатлар берар, мабодо хато қилсам, босиқлик билан койимасдан тушунтирарди. Ваҳоланки, койишга ҳақи бор эди. Акалик бурчини аъло даражада бажарганлигини доимо эътироф этаман.
У киши моҳир ошпаз, тажрибали деҳ-қон ҳам эди, десам янглишмайман. Раҳматли отам олтмиш йил колхозда ишлаб, эл ўртасида ҳурмат қозонганди. Қовун-тарвуз етиштиришда у кишининг олдига тушадиган деҳқон йўқ эди. Акам ҳам отамнинг шу ишларини давом эттириб, ҳовлисига ҳар йили қовун-тарвуз экарди. Ҳовлисини шу даражада гулларга буркаб қўярдики, кўрган кишининг беихтиёр ҳаваси келарди. Юриш-туришда, кийинишда ва муомалада акам доимо бизга намуна эди. Уни таниганлар доимо давраларга файз киритувчи самимий инсон сифатида эслаб туришади. 
Туманда ким билан суҳбатлашмайлик, барчаси акам ҳақида илиқ ва самимий фикрларни билдиришади. Акамнинг ишларини унинг фарзандлари Нилуфар, Хуршида, Акмал, Икром ва Иродалар давом эттиришмоқда. Демак у кишининг ҳаёти фарзандлари ва набираларида давом этиши шубҳасиз. Акам ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр кўзларимдан оққан ёш юзларимни ювиб кетади. Беихтиёр пичирлайман. Охиратингиз обод бўлсин, азиз акажон...
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: