Рамазон суҳбати... РЎЗА БАДАЛИ – ФИДЯ

Кексайиб, Рамазонда ёки кейин қазо рўзаларини тутишдан ожиз бўлганлар, соғаймайдиган хасталар рўза тутмайди. Агар фақир бўлмаса, рўза ўрнига фидя беради. Бир ҳадиси шарифда: "Рўза тута олмайдиган даражада кекса ва тузалишидан умиди узилган хаста фидя беради", - деб марҳамат қилинган. (Насаий)

Бундай одамлар фақир бўлмаса, ҳар бир кунлик рўза эвазига фақирларга фидя беради. Ўзи фақир бўлса, фидя бермайди, дуо қилади. Фидя сифатида бир кун эвазига бир фитра ун берилади. Бир фитра миқдори 1750 гр бўлиб, бир ойлик рўза эвазига 53 кг ун берса кифоя қилади. Ёки шунинг қийматича олтинни бир ойлик тутолмаган рўзасининг фидяси сифатида бир ёки бир неча Рамазон ойининг бошида ёки охирида бериши мумкин. Фақир олган ушбу фидяни ўзи фойдаланиши ёки ўзгага ҳам бериши мумкин.    Узрли одам фидя бергандан кейин рўза тута оладиган даражада соғайса, қазосини тутиб беради. (Наҳр-ул-фоиқ)

Хасталик, қарилик каби бирон узр сабабли Рамазон рўзасини тута олмаган бой кишининг мана шу узрли ҳолати бир умр давом этадиган бўлса, фақирларга таом беришни васият қилади. Валийси у тута олмаган ҳар бир кун рўза ўрнига фақирларга фидя беради. (Бадойи)


Закот кимларга берилади?

Бой мусулмон ўз ота-онаси, бобо-бувилари, фарзандлари, неваралари, аёли ва ғайри муслимга закот бера олмайди. Фақир бўлиш шарти билан келинига, куёвига, қайин ота-онасига, ўгай боласига закот бериши мумкин. Фақир ака-укаси, амакиси, тоғаси, опаси, амма-холасига ҳам закот берса бўлади.

Ифторлик салати

Масаллиқлар: 1 стакан қайнатилган гуруч; 4 та помидор; 6 та салат барги; 1 стакан қайнатилган маккажўхори; 200 гр қайнатилган товуқ гўшти; Майонез ва туз.

Тайёрланиши: Помидор, товуқ гўшти ва салат барги майда тўғраб олинади. Сўнг барча масаллиқлар аралаштирилади ва ликопчада дастурхонга тортиқ қилинади.

Мавзуга оид: