Билиб қўйган яхши ОНА СУТИНИНГ МОҲИЯТИ

Биз биламизки, Аллоҳнинг жуда кўп мўъжизалари бор. Қуръони каримнинг "Наҳл" сураси 18-оятида шундай марҳамат қилинган: "Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир".
Шу неъматлардан бири бўлган она сути ҳам бир мўъжизадир. Фарзанд дунёга келаркан, онанинг кўкрагида сут пайдо бўлади. Демак, фарзандни ато қилган карами кенг Аллоҳ унинг ризқини ҳам ўзи билан юборар экан.
Афсуски, айрим ёш оналар фарзандларини эмизишдан кўра, сунъий овқатлар беришни афзал кўришади. Ҳеч бир озуқа она сутини ўрнини боса олмайди. Она сутини эмган 6 ойлик бола билан сунъий озиқлантирилган 6 ойлик болани бир-бири билан таққосласангиз, она сути эмган бола бақувват, ҳаракатлари дадил, тиш чиқишлари ҳам нормада бўлиб, ташқи муҳит таъсирларига ҳам чидамли, иммунитети баланд ва ақлий ривожланиши ҳам яхши бўлади. Шу билан бирга, она сутининг ҳарорати билан бола ҳароратининг мос келиши болада ёмон ҳолатларни келтириб чиқармайди ва сутни эмган сари она билан бола ўртасида меҳр кундан кунга ортиб боради.
Сунъий озиқлантиришда баъзида иссиқроқ, баъзида совуқроқ берилиб, болани ичи кетиб, ошқозони бузилиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, сунъий маҳсулотни сотиб олишлик оила иқтисодига ҳам зиён. Баъзилар "нима бўпти, болам учун олиб бера оламан", дейиши мумкин. Лекин она сутидаги калорияни ҳеч қачон тополмайди. Бола ойма-ой еган сари она сути таркиби яна витаминларга бойиб бораверар экан.
Ҳар йили 1-7 август кунлари "Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталиги" нишонланади. Ҳафта давомида фарзандларни она сути билан озиқлантиришнинг афзалликлари бўйича тарғибот ишлари олиб борилади. Она сути билан озиқлантириш орқали ҳар йили жаҳон бўйича 20 минг аёлни кўкрак саратони ва тухумдон саратони хасталигидан асраб қолинади.
Она сути орқали болага онадан иммунитет ўтади ва ўзининг шахсий иммунитети шакллангунча болани ташқи муҳит хавф-хатарларидан асрайди. Она сути эмган болалар сунъий озиқланган болаларга нисбатан турли юқумли касалликларга ҳам чидамли бўлади.
Қуръони каримнинг "Бақара" сураси 233-оятида шундай марҳамат қилинган: "Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалар сабабли ота ҳам, она ҳам зарар тортмасин".
Агар она касалманд бўлса, у ҳолда эмизмайди. Эмизикли она ҳам отадан қурби етмайдиган даражада талабларни қўймаслиги керак. Болани 2 ёшидан кейин ҳам эмизиш бола организмини бақувват қилиши мумкин, лекин онгига зарар бўлади. Болани хаёл ҳуши дунёни тафаккур қилмасдан, фақат "онамни эмсам" деган фикрда бўлиб қолади. Она сутини эмган болалар аллергик касалликларга чалинмайди. Чунки она сути ҳеч қандай химикатларсиз, пок неъматдир. Ҳеч бир маҳсулот она сути ўрнини боса олмайди.
Бир она сифатида ёш онажонларга маслаҳатим шуки, Аллоҳ берган фарзандларингизни имкон қадар кўкрак сути билан боқинг.
Хадича МАЛЛАЕВА,
Мустақиллик маҳалласи.
Мавзуга оид: