Шифокор маслаҳати
ОНА СУТИ - БЕБАҲО НЕЪМАТ
Она сути фарзанд учун ғоят мақбул даражада мувозанатлашган озуқа ҳисобланади. Оллоҳнинг иродаси билан боланинг жисмонан ва руҳан соғлом ўсиши, ривожланиши учун энг яхши шароит - она сутини яратганлиги боис, эмизиш ҳар доим муҳим аҳамият касб этади. Она сути ўзига хос сифати билан дунёда болага бериладиган энг аъло маҳсулот бўлиб, барча маҳсулотлардан устун туради. Унинг таркибида гўё чақалоқлар учун махсус буюртма бўйича овқат тайёрлангандек, озиқ моддалар ва эмизикли даврда турли юқумли касалликларга қарши курашувчи омиллар мавжуд.
Кўкрак сути билан боқилаётган болалар сутли аралашма - «смесь» ёки сигир сути билан боқилаётган болаларга нисбатан 2-2,5 марта кам касалликка чалинади. Ўз фарзандини кўпроқ яъни 1,5-2 ёшгача кўкрак сути билан боққан аёлларда кейинчалик климакс даври анча кеч бошланиб, узоқ умр кўради. Шунингдек, мастит, кўкрак бези раки ва бошқа гинекологик касалликларга чалиниш хавфи 20-25 бараварга камаяди. Шу билан бирга она сути боланинг ақлий қобилиятини ошириб, ўз оиласи ва онасига меҳри зиёда бўлади ва тўғри тарбия билан бирга солиҳ фарзанд бўлиб етишади.
Эмизикли аёлларимиз қуйидаги муҳим тавсияларни ёдда тутишлари зарур:
- гўдак дунёга келган заҳотиёқ ўз онаси ёнида бўлиши ва 1 соат ичида албатта ўз онасини эмишни бошлаши зарур. Болани тез-тез ва кам-камдан эмизиш натижасида онанинг кўкрак сути кўпайиб боради.
- кўкрак сути гўдак ҳаётининг дастлабки 6 ойида ўта муҳим ягона озуқа ҳисобланиб, она боласини мунтазам эмизса, у кўкрак сутидан ташқари ҳеч қандай бошқа овқатга ҳожат сезмайди. Ёзнинг иссиқ кунларида болага 3-4 ойлигидан бошлаб суткада 1 марта умумий аҳволига қараб 20-30 гр.дан 50 гр. гача қайнаган ёки фильтрланган сув ичириб туриш лозим.
- гўдакни шишада сўрғич орқали эмизиш учун касалланиши ва заиф ривожланишига олиб келиши мумкин. Агар она ўз фарзандини маълум сабабларга кўра эмиза олмаса, унинг сути ўрнини босувчи махсус, боланинг ҳолатига нисбатан шифокор билан маслаҳатлашиб, танланган махсус аралашмали озуқалар билан ёки яхши боқилган соғлом эчки сути билан қошиқчада ичириб бориш керак. Чунки эчки сути таркиби бўйича она сутига тенглашади. Фақат кунига бир неча марта болага керакли дозада янги соғиб, қайнатиб ичириш лозим. Унда она сутидагидек лактоза кам бўлиб, сигир сути каби диарея чақирмайди. Шунинг учун шифокорлар она сутининг муаммоларида кўпроқ эчки сутини тавсия қиладилар.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, эмизикли она тўйиб ухлаши, асабийлашмаслиги, мумкин бўлган турли хил ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари - гўшт, сут, қатиқ, сариёғ, сметана, мева-сабзавотлар ва кўкатларни етарлича истеъмол қилиши лозим.
Иссиқхоналарда етиштирилган сабзавот ва цитрусли мевалар, дудланган балиқ, колбаса ва консервалар, турли газли ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиши ҳамда тамаки чекиш эмизикли оналарга тақиқланади. Ушбу маҳсулотлар чақалоқларда аллергия, ўткир юқумли ичак ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради.
Баъзи ёш оналар эриниб, ухлагиси келиб, ёшлик қилибми, уқувсизлик билан ёки боламни узоқ эмизсам хунуклашиб кетаман деб, боласини тезроқ сутдан айирадилар. Ишлаётган оналар эса давлат томонидан берилган 2 йиллик бола боқиш даврига амал қилмай 1 йил ўтмасданоқ ишга чиқиб кетадилар. Баъзан онанинг сути сифатсиз суюқ ёки инфекция туфайли "лойқаланган" бўлиб, бу болага ёқмайди, бола тез-тез касалланиб туради. Бундай ҳолларда аввало онани соғломлаштириш керак бўлади.
Бола ва она соғлигига эътибор қаратиб турилса, 6 ойликдан сўнг болага кўкрак сути билан бирга қўшимча овқатларни аста-секин кам-камдан қўшиб берилса, бола соғлом ривожланади. Аввало пиширилган олма пьюреси, сариёғли шўрва суви, шўрвадаги сабзи ва картошкани эзилган пьюреси, аллергия бермаса тухум сариғини 1/6 бўлагини эзиб шўрва сувига аралаштириб аста-секин кўпайтириб бериш, сут-манний крупали ва майдаланган гуручли суюқ бўтқаси, кейинчалик янги сабзи ва олма қирилган бўтқаси ёки шарбати кам-камдан бериб борилиши лозим. Бундан кейин болага 1 ёшигача аста-секин ивитилган нон ва печенье кам-камдан бериб ўргатиб борилади. Ґафтада 1-2 марта эмизмаган пайтларда болага янги қатиқ ва сметана ҳам кам-камдан бериб борилади. Эмизикли она ҳам ични юмшатувчи мумкин бўлган мева-сабзавотлар, сутли овқатлар, шўрвалар ҳамда қатиқ, сариёғ ва сметана еб туриши керак. Онадан яхши сут келиши учун у сутка давомида суюқликни етарлича ичиб туриши лозим.
Зеро, она ва бола доимо эъзода бўлиб, оила аъзолари билан тўғри парваришланса она ва бола соғлом бўлади. Фарзандингизни кўкрак сути билан боқинг, азиз оналар!
Н.ҲУСЕНОВ,
туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими шифокори.
Д.КАТТАЕВА,
жамоат саломатлиги ҳудудий бўлинмаси шифокори.

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Саломатлик
- 21 янв, 14:51