ОНА СУТИ БЕБАҲО НЕЪМАТ

Кўкрак сути билан боқилаётган болалар сутли аралашма - смесь ёки сигир сути билан боқилаётган болаларга нисбатан 2,5 марта кам касалликларга чалинадилар. Ўз фарзандини кўпроқ ва узоқроқ яъни 1,5-2 ёшгача кўкрак сути билан боққан аёлларда ке-йинчалик климакс даври анча кеч бошланиб узоқ умр кўради, мастит, кўкрак бези раки ва бошқа гинекологик касалликларга чалиниш 20-25 бараварга камаяди. Шу билан бирга она сути боланинг ақлий қобилиятини ошириб, ўз оиласи ва онасига меҳри зиёда бўлади ва тўғри тарбия билан биргаликда солиҳ фарзанд бўлиб етишади.
Эмизикли аёлларимиз қуйидаги муҳим тавсияларни ёдда тутишлари зарур:
- гўдак дунёга келган заҳотиёқ ўз онаси ёнида бўлиши ва 1 соат ичида албатта ўз онасини эмишни бошлаши зарур. Болани тез-тез ва кам-камдан эмизиш натижасида онанинг кўкрак сути кўпайиб боради.
- кўкрак сути гўдак ҳаётининг дастлабки 6 ойида ўта муҳим ягона озуқа ҳисобланиб, она боласини мунтазам эмизса, у кўкрак сутидан ташқари ҳеч қандай бошқа овқатга ҳожат сезмайди. Ёзнинг иссиқ кунларида болага 3-4 ойлигидан бошлаб суткада 1 марта умумий аҳволига қараб 20-30 гр.дан 50 гр гача қайнаган ёки фильтрланган сув ичириб туриш керак.
- гўдакни шишада сўрғич орқали эмизиш унинг касалланиши ва заиф ривожланишига олиб келиши мумкин. Агар она ўз фарзандини маълум сабабларга кўра эмиза олмаса, ўзининг соғилган сути ёки унинг ўрнини босувчи махсус, боланинг ҳолатига нисбатан шифокор билан бирга тўғри танланган махсус аралашмали озуқалар билан, ёки яхши боқилган соғлом эчки сути билан қошиқчадан ичириб боқиш керак. Чунки эчки сути таркиби бўйича она сутини эслатади. Фақатгина кунига бирнеча марта болага керакли дозада янги соғиб, қайнатиб ичириб туриш керак. Унда она сутидагидек лактоза кам бўлиб, сигир сути каби диарея чақирмайди. Шифокорлар она сутининг муаммоларида кўпроқ эчки сутини тавсия қиладилар.
Яна шуни ҳам айтиш керакки, эмизикли она тўйиб ухлаши, асабийлашмаслиги, мумкин бўлган турли-туман ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт, сут, қатиқ, сариёғ, сметана, мева-сабзавотлар ва кўкатларни етарлича истеъмол қилиши керак.
Иссиқхоналарда етиштирилган сабзавотлар ва цитрус мевалар, дудланган балиқ, колбасалар, консервалар, турли газли ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ҳамда тамаки чекиш эмизикли оналарга таъқиқланади. Маън қилинган маҳсулотлар чақалоқларда аллергия, ўткир юқумли ичак ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради.
Баъзан ёш оналар эриниб, ухлагиси келиб, ёшлик қилиб уқувсизлик билан ёки боламни узоқ эмизсам хунуклашиб кетаман деб, боласини тезроқ сутдан айирадилар. Ишлаётган оналар эса давлат томонидан берилган 2 йиллик бола боқиш даврига амал қилмай 1 йил ўтмаёқ ишга чиқиб кетадилар. Баъзан онанинг сути сифатсиз суюқ ёки инфекция туфайли "лойқаланган" бўлиб, сути болага ёқмайди, бола тез-тез касалланиб туради. Бундай ҳолатларда аввало онани соғломлаштириш керак бўлади.
Бола ва она соғлиғига вақтида эътибор қаратиб турилса, 6 ойликдан сўнг болага кўкрак сути билан бирга қўшимча овқатларни аста-секин кам-камдан қўшиб бериб борилса, бола соғлом ривожланади.
Аввало пиширилган олма пюреси, сариёғли шўрва суви, шўрвадаги сабзи ва картошкани эзилган пюреси, аллергия бермаса, тухум сариғини 1/6 бўлагини эзиб шўрва сувига аралаштириб аста секин кўпайтириб бериш, сутга манний крупали ва майдаланган гуручли суюқ бўтқа пишириб, кейинчалик янги сабзи ва олма қирилган бўтқаси ёки шарбати кам-камдан бериб борилиши лозим. Бундан кейин болага 1 ёшигача аста-секин ивитилган нон ва печенье кам-камдан бериб ўргатиб борилади. Ҳафтада 1-2 марта эмизмаган пайтларда болага янги қатиқ ва сметана ҳам кам-камдан бериб борилади. Эмизикли она ҳам ични юмшатувчи мумкин бўлган мева-сабзавотлар, сутли овқатлар, шўрвалар ҳамда қатиқ, сариёғ ва сметана еб туриши керак. Онадан сут яхши келиши учун у сутка давомида суюқликни етарлича ичиб туриши лозим.
Она ва бола доимо эъзозда бўлиб, оила аъзолари билан тўғри парваришланса, она ва бола соғлом бўлади. Болангизни кўкрак сути билан боқинг, оналар!
Н. Ҳусенов,
туман тиббиёт бирлашмаси
болалар бўлими шифокори.
Мавзуга оид:

Шифокор маслаҳати
- 11 мар, 15:16

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Саломатлик
- 21 янв, 14:51