Ҳидоят сари НАҚАДАР ГЎЗАЛ ҲАМРОҲЛАР

"Кимда ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир. Бу Аллоҳдан бўлган фазлдир. Аллоҳ етарли даражада билимдондир". (Нисо сураси, 69- 70 оятлар)
Бу Аллоҳ таолодан бўлган буюк мукофот бўлиб, бандаларининг қилган солиҳ амаллари учун улуғ инъомлар берилажаги мўминларга башорат қилиб берилмоқда. Улар жаннатда Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларига эришган зотлар - анбиёлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар билан қўшни бўладилар. Бу каби аҳли жаннатларнинг ҳамроҳлиги нақадар гўзалдир.
Бу оят Расулуллоҳ С.А.В.нинг озод қилган қуллари савбон ҳақида нозил бўлган. У киши набий алайҳиссаломни жуда яхши кўрарди. У зот кўринмай қолсалар хавотирланиб бунга тоқат қилолмасдилар. Бир куни у ҳолсизланиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келдилар. Юзида маҳзунлик билиниб турарди. Шунда ул зот сўрадилар: "Эй савбон, нима сабабдан хафасан? Менга бирор зарар ё касаллик етгани йўқ, лекин мен сизни кўрмасам ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан. Охиратни ўйлаб, қиёматда сизни кўрмай қолишдан қўрқаяпман. Чунки билаяпман, сиз анбиёлар билан юқори мартабада бўласиз. Мен эса агар жаннатга кира олсам ҳам, манзилим сизни манзилингиздан пастда бўлади. Агар жаннатга кира олмасам, унда сизни ҳеч қачон кўра олмаслигим аниқ, деганида Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди.
Воҳидийнинг "Асбобун нузул" китобидан келтирилади. Ойша розийаллоҳу анҳо айтди: "Мен Расулуллоҳ С.А.В.дан эшитдим. Бирор бир набий касал бўлса, унга дунё ёки охи-ихтиёри берилади дедилар. "Ойша розийаллоҳу анҳо сўзларида давом этиб, айтдиларки: "У зот ўлим тўшагида ётган вақтларида нафас олишлари қийинлашди ва у зотнинг "Кимда ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар", деяётганларини эшитдим ва ихтиёр берилганини билдим, дедилар. Аллоҳ таоло итоат қилувчи киши шундай улуғ зотлар билан бирга бўлишликнинг хабарини бериб, мақомларини зиёда қилди. "Улар ҳамроҳ сифатида нафақадар гўзалдир" деди. Сўнг уни адо қиладиган нарсага қизиқтириб, уларга берадиган неъматларнинг буюклигига ишора қилди ва "Бу Аллоҳдан бўлган  фазлдир. Аллоҳ етарли даражада билимдондир". 
Бу оятда Аллоҳ таоло ўзининг улуғ фазли - зоҳирий ва ботиний илми ҳақида хабар бермоқда. Шу жумладан, Қуръон ўқишлиқ ҳақида ҳам уни ўқувчилар нималарни ният қиладилар, деган саволга жавоб берадилар. Мўмин мусулмонлар Қуръони Каримни кўпинча савоб умидида ўқишади. Аслида Қуръони Каримнинг фойдали жиҳатлари, манфаатли томонлари жуда кўп. Ҳар ким Қуръони Каримни эзгу ният билан ўқиса, улуғ фазилат ва савобларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда "Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар ким ниятига яраша олади", дейилган. (Имом Бухорий). Қуръон ўқишда эзгу ният қилиш   фазилатдур. Ушбу тавсияларга эътибор қилинг.
1.      Қуръонни илм ва амал ниятида ўқинг.
2.      Қуръонни Аллоҳдан ўзингизни, зурриётингизни, аҳли байтингизни ҳидоят этилишини ният қилиб ўқинг.
3.      Қуръонни Аллоҳ таолога муножат ниятида ўқинг.
4.      Қуръонни зоҳирий ва ботиний касалликларга шифо ниятида ўқинг.
5.      Қуръонни Аллоҳ таоло зулматдан нурга чиқариши учун, ният қилиб ўқинг.
6.      Қуръонни қотган қалбларни юмшатувчи кўнгилларга ором берувчи, илоҳий калом эканини ният қилиб ўқинг.
7.      Қуръонни ғофиллардан эмас, зокирлардан бўлиш ниятида ўқинг.
8.      Қуръонни Аллоҳнинг амрларига қатъий риоя қилиш ва бу борада ўрнак бўлиш мақсадида ўқинг. Токи келажак авлод ҳам ўрнак олсин.
Гулнора АҲМЕДОВА,
Ойтамғали МФЙ отинойиси.