Мутахассис тавсияси ТИББИЙ МАДАНИЯТ НИМА?

Тиббий маданият - бу соғлом турмуш тарзи билан яшовчи комил инсоннинг ўз саломатлигини асраб-авайлаши, уни сақлаши ва мус-таҳкамлаши, ўзини турли хавфли касалликлардан муҳофаза қилиши, ўзи ва оила аъзолари ҳаётда жисмонан соғлом ва ақлан баркамол яшаши учун зарур бўлган меъёрий яшаш омиллари ва ресурсларини тинч маконда - оиласида, ишхонасида, жамоат жойларида ярата олиши, шахсий гигиена қоидаларини етарли ўзлаштириши ва атроф-муҳит тозалиги - экологияни тоза сақлаши, жамият саломатлигини сақлашга қаратилган жамоат гигиенаси қоидаларига амал қилиши, ўзидан соғ-лом насл қолдириши, тиббий маданиятнинг элементар билимларидан ўзи ҳамда оила аъзоларининг ҳам хабардор бўлишига эришиши демакдир.
Тиббий маданият бир қанча
билимларни ўз ичига олади:
- Шахсий гигиена - бу ҳар бир кишининг эрталаб, кечқурун юз-қўлларини ювиб, овқатдан кейин тишларини тозалаши, ҳожатдан сўнг, хўжалик ишлари, уй ҳайвонлари билан мулоқотдан сўнг ва кўчадан уйга келгандан сўнг юз-қўлларини совунлаб ювиши, ҳафтада 1 марта ҳаммомга тушиши, терлайдиган жойлари ва соч-соқолини ҳар куни парваришлаб тозалаши, тирноқларини вақтида олиб туриши, оёқ кийимларини тоза сақлаб, ич кийимларини тез-тез алмаштириб туриши, бунда фақат ўзининг шахсий буюмларидан фойдаланиши, ўрин-кўрпаларини ҳар куни қоқиб, ҳафтада бир марта офтобда ёйиб шамоллатиб олиши ва қопламаларини алмаштириб ювиши, ки-йимларидан фақатгина тоза ҳамда ёқимли ифор таралиб туриши демакдир.    
Хонадон гигиенаси. Хонадон тоза ичимлик суви манбаига эга бўлган ҳолда ҳар фасл бошида бир марта уй кўтариб, хоналар, ётоқхоналар, ошхона, қишлоқда эса тандирхона, ҳовли, дарвоза олди, томорқаси, ҳожатхона, оғилхоналарини ҳамда ўз кўчасини ортиқча буюмлар ва чиқиндилардан тозалаб, тартибга келтириши, болалар ва оила аъзоларини вақтида тиббий кўрикдан ўтказиб, касалликларга қарши эмлатиб туриш, гижжа касаллиги ва битлиқиликка йўл қўймаслик, болаларга тўғри тарбия бериш, уй ҳайвонларини ҳам вақтида турли касалликларга қарши эмлатиб туриш ҳамда уй жиҳозлари ва хўжалик буюмларидан фойдаланганда техника хавфсизлиги қоидаларидан хабардор бўлишидир.
Жамоат гигиенаси. Бизни ўраб турган олам - кўчалар, бинолар атрофи, ариқ, кўл, денгиз, хиёбонларни озода сақлаш, ҳашар ва шанбаликлар уюштириб, гуллар ва дарахтлар экиш, маҳаллаларда, муассасаларда, деҳқон бозорларида, озиқ-овқат дўконларида ҳамда бошқа жамоат жойларида кишиларнинг экологик тозаликка ва савдо-сотиқ гигиенасига амал қилишлари ҳамда жамоат ободончилигига эришишда фаол қатнашиш ҳамда йўл қоидалари, кўча техника хавфсизлиги қоидаларига виждонан амал қилиш ва бахтсиз ҳодисаларда инсонларга биринчи ёрдам кўрсатиш билимлари ҳақида тасаввурга эга бўлишдир.  
Жисмоний ва руҳий гигиена. Инсонлар   режали кун тартибига риоя қилиб яшаши, руҳий саломатлигини асраши ва турли стресслардан сақланиши, саломатлик учун эрталабки бадантарбия машқлари билан шуғулланиб туриши лозим. Меҳнат қилиш ва дам олишни тўғри ташкил қилиши, гавдасининг ҳар бир аъзосини тўғри парваришлаши, турли ёшида юз бериши мумкин бўлган физиологик ўзгаришлар, касалликлар ва уларнинг олдини олиш ҳақидаги бошланғич билимларга эга бўлиши керак. Шунингдек, спиртли ва бошқа зарарли ичимликлар ичиш, сигарет ва носвой чекиш, наркотик моддалар қабул қилишнинг зарарли оқибатлари, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳамда турли касалликларга учраганда шифокор маслаҳатисиз мустақил даволанишнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчаларга эга бўлиши лозим. 
С. ҚОСИМОВА,
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ҳудудий бўлимининг туман бўлинмаси шифокори.       
Мавзуга оид: