ЖИНОЯТЧИЛИККА БАРҲАМ БЕРИЛАДИ


22 июль куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат бош-қарув идоралари ҳамда жамоат ташкилотларининг Идоралараро йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда туман ички ишлар бўлимининг барча ходимлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва тегишли ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди. Йиғилишда туман прокурори Азизбек Вахабов жорий йилнинг ярим йиллигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган нуқсонлар ҳақида маъруза қилди. 
- Барчангизга  маълумки, ҳар қандай  мамлакатнинг тараққиёти ва юксалиш даражаси аҳоли осойишталиги ва хавфсиз ҳаётини ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш самарадорлиги билан баҳоланмоқда, - дея сўз бошлади маърузачи. - Бу борада "Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги  концепцияси"да  белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда "Обод ва  хавфсиз  маҳалла"   тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишни ўз ичига олган кенг кўламли "концепция" ҳаётга татбиқ этилди.
Унга кўра, "Маҳалла еттилиги"нинг маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан ишлаш борасида аниқ вазифалари белгилаб берилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги кучайтирилди.
Энг асосийси, бу соҳа ҳуқуқбузарликлар оқибати билан курашиш эмас, балки уларнинг барвақт олдини олиш зарурлиги ҳақи-даги муҳим ҳаётий сиёсий тамойил асосида ислоҳ қилинмоқда.
Ташвишланарлиси, ҳуқуқни муҳофаза   қилувчи органлар, давлат ва нодавлат тузилмаларнинг айрим ходимлари ҳам қонун    талабларига амал қилишмаяпти. Шу боисдан, бугунги йиғилишда мавжуд вазиятни танқидий муҳокама қилиб, келгусидаги зарур чора-тадбирларни белгилаб олиш зарурати  юзага келди.
Профилактика    тадбирлари самарасизлиги оқибатида    жорий йил 6 ойида   қайд  этилган   115  та  жиноятнинг   60  фоизини олдини олиш   мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган.
Масалан,   фирибгарлик 160 фоизга, ўғирлик 116,7   фоизга, номусга тегиш   100 фоизга, ўлим билан тугаган ЙТҲ   66,7   фоизга ошган.
Оғир турдаги  олдини олиш мумкин  бўлган жиноятлар 157,1  фоизга   ошган.
Бу эса жиноятчиликни олдини олишдаги профилактика тадбирлари самарасиз ўтказилиб, Давлат раҳбарининг "Жамоат хавфсизлиги концепцияси тўғрисида"ги фармони ижросини ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигига яққол далолат беради. 
Барчангизга маълумки, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан маҳалланинг ўзида хавфсиз муҳитни яратиш учун "Маҳалла еттилиги" тизими яратилди. "Маҳалла еттилиги" фаолиятини тизимли равишда йўлга қўйиш - барча сектор раҳбарларининг биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади.
Шу билан биргаликда янги ижтимоий профилактика тизими ташкил этилиб, унга  бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бироқ, вазияти  оғир  маҳаллаларда    тадбирларни манзилли ташкил қилиш ўрнига,  самарасиз, номига чора-тадбирларлар белгилашдан нарига ўтилмаяпти десак, муболаға бўлмайди.
Вилоятда қизил тоифадаги маҳаллалар  8,2 фоизни ташкил қилган бир вақтда,   Оқдарёда 35 та маҳалладан 5  таси   ёки 14,3  фоизи "қизил" тоифага кирган (Даҳбед, Пўлатдархон, Тараққиёт, Примкент ва Темирак).
Масалан,  2024  йил   5  май  куни   фуқаро  Қурбонов Оқдарё тумани, Бошдархон маҳалласи ҳудудидаги "Тотув" МЧЖ бошқарувчиси Маҳмудов билан ўзаро пул олди берди масаласида жанжаллашиб, Маҳмудовни пичоқлаб оғир тан жароҳати  етказган.
Ваҳоланки, улар ўртасидаги низо "маҳалла еттилиги" масъулларини  қизиқтирмаган, ижтимоий профилактика тадбирлари ташкил этилмаганлигини ёрқин ифодасидир.
Ёки, Валиев Икрам бирон бир ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмасдан, 2024 йил 17 июнь куни соат 19:00 ларда Оқдарё тумани "Пўлатдархон" маҳалласида жойлашган таниши Т.Тумасова яшаб келаётган дала ҳовлида Салманов Ҳикматулла Абдуазизович ва Ботирқулова Зуҳра Шакарбоевна билан спиртли ичимликлар истеъмол қилишиб, ўзаро келиб чиққан жанжал натижасида, З.Ботирқуловани кўкрак ва бош соҳаларига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказишиб, қасддан ўлдиришган. Шундан сўнг, жиноят изларини яшириш ва жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида, шу куни тунги пайт З.Ботирқуловани мурдасини Пайариқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи "Пой" каналига улоқтириб юборишган.
Яна бир масала, ҳукумат қарори билан ҳар бир жиноят сабабларини сектор раҳбари томонидан шахсан муҳокама қилиш лозимлиги белгилаб берилган.
Жиноятчиликни олдини олиш, жиловлаш ҳақида барчамиз бонг ураяпмиз, бироқ  ҳақиқий аҳвол  анчагина   ачинарли  ҳолатни  кўрсатмоқда. Бу билан кимни алдамоқчимиз?!
Ўрта бўғин раҳбарлари томонидан кунлик назорат ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги оқибатида, еттилик таркиби масъуллари ўз   вазифа ва масъулиятини тўлиқ англамаяпти.
Кўриниб турибдики, давлат органлари   ҳам, жамоат ташкилотлари ҳам жиноятга   мойил шахслар, уларнинг оилалари билан   манзилли ишларни ташкил қилмаяпти, номигагина расмга тушиш билан овора.
Яна бир долзарб масалага тўхталиб  ўтсам. Ёшлар томонидан содир қилинган   битта жиноят ҳам фавқулодда ҳолат деб  қаралиши лозим.
- Бироқ, кўрсаткичлар ачинарли, эътибор  беринг,   умумий   жиноятларнинг  4/1  қисми  ёшлар   томонидан  содир  этилган ва ўтган йилни мос даврига нисбатан 7 тага ёки  21,7  фоизга ошган, - дея сўзини давом эттирди туман прокурори. - Ёшлар  томонидан содир  этилган жиноятларнинг 84 фоизини (21 таси) олдини олиш  мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган.
Мисол учун, 2024   йил  11 май  куни   Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи 9-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси 15 ёшли Раҳмонов  синфдоши Асатиллаев билан келиб чиққан жанжал давомида Асатиллаевнинг бош қисмига ғишт билан уриб, оғир тан жароҳати етказган.
Раҳмонов  ва  Асатиллаевлар   ўқиган  мактабда, маҳаллада жиноятни олдини олишга масъуллар жиноятларни олдини олиш   борасида тарғибот ишлари олиб борганмикан?
Бу турдаги жиноятларга таълим, маҳалла масъуллари айбдор десак муболаға  бўлмайди.
Бундан ташқари, муқаддам судланган   айрим тоифадаги шахсларга нисбатан   маъмурий назорат ўрнатиш аҳволи ҳам   бундан қолишмайди.
Хусусан, маъмурий назорат тўғрисидаги  қонун таъсири остига тушувчи 44 нафар  шахсларнинг 17 нафари ёки 38,7 фоизи  ҳамда 7 нафар ўта  хавфли   рецидивистларнинг  4  нафари   ёки  57  фоизи   маъмурий  назоратга  олинмаган.
Ҳисоботларда маъмурий назоратга олинмаслик сабаби сифатида ҳужжат тайёрланаётганлиги кўрсатилган. Наҳотки, шахсни маъмурий назоратга олиш учун 6 ой етарли бўлмаса?!
Жорий  йилнинг  5   ойида  рецидив  жиноятлар   вилоятда 7,3  фоизга  камайган   бир  вақтда  Оқдарёда 30 фоизга  ортган.
Мисол  учун, Н.Қосимова бир неча маротаба фирибгарлик жинояти содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада, такроран 2024 йил январь ойининг бошларида Туроповни ишончига кириб, тиббиёт бирлашмасига ҳайдовчи вазифасига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 1.400 АҚШ долларини олиб, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Энди,  тезкор-қидирув фаолияти аҳволига тўхталсам.
Таъкидлаш лозимки, бу борада ҳам  кўплаб   камчилик ва  нуқсонлар мавжуд.
Хусусан, жорий йилнинг 6 ойида қидирувдагиларнинг 34 нафари ёки 75,6  фоизи ушланмаган.
Жиноятларнинг 2 таси фош этилмаган   бўлиб, уларнинг 2 таси ҳам олдини олиш  мумкин бўлган жиноятларни ташкил этган.
Жорий йилнинг 6 ойида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш борасидаги профилактик   тадбирлар самарасиз ташкил этилганлиги   оқибатида вояга етмаганлар орасида суицид ҳолатлари 4 тага ҳамда хотин-қизларда 6 тага ошган.
Вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларини олдини олиш, уларга психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмаганлиги, профилактик тадбирлар юзаки ва кўзбўямачилик учун ўтказилганлиги оқибатида 2024 йил 2 январь куни соат 22:00 ларда "Суғончи" МФЙда яшаган, Оқдарё туман ХТБга қарашли 6-сонли мактаб ўқувчиси вояга етмаган Жўраев Муҳаммад Шерали ўғли ўзини осиб ўз жонига қасд қилган.
Мамлакатимизда вояга етмаганлар   ўртасида ҳуқуқбузарлик ва  жиноятларнинг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаганимиздек, мактабда   ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши иммунитет  шакллантира олсак, болаларимиз тўғри  тарбия топади. Бу масала  Давлатимиз   раҳбарининг  ҳам  алоҳида    назоратида.  Шунга қарамасдан, туманда ҳокимлик, таълим,   ИИБ, айниқса "маҳалла еттилиги" ва  бошқа   мутасадди идоралар томонидан кўрилган  чоралар етарли самара бермади.
Оқибатда, 2024 йил ўтган 6 ойида 3 нафар вояга етмаганлар томонидан жиноятлар   содир этилди.
Мисол  учун,  вояга   етмаган  2007 йилда туғилган Розиқов Ташназарованинг яланғоч расмларини тарқатмаслик эвазига 16.04.2024 йилда 100 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 
Шу ўринда болаларга сифатли таълим   бериш, бу орқали келгусида олий таълимга   кириши ва бошқа ижобий натижаларга эришиши учун аввало ким манфаатдор? Эътибор беринг, ҳали ўқув йили якунига  етмасдан туриб, чет элга чиқиб кетган  112 нафар вояга етмаганлар шу   кунга   қадар    қайтмаган.
Шундан сўнг маърузачи халқ таълими тизимидаги мактабларнинг бугунги аҳволи ва "Маҳалла еттилиги" билан ишлашнинг бугунги ҳолати қандай эканлиги ҳақида ҳам алоҳида фикр билдирди. 
Йиғилиш сўнгида "Оқдарё овози" газетасининг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев сўзга чиқиб, барча турдаги жиноятларнинг олдини олиш учун туман ички ишлар бўлими ходимлари газета орқали доимий равишда чиқиш қилиб туришлари лозимлигини, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан тез-тез рейдлар ўтказилиши зарурлиги ҳақида ўз-фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 
Бир сўз билан айтганда, йиғилиш танқидий руҳда ўтганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Ўз мухбиримиз.