АЖАБ САВДОЛАР

Йўлим устида бир марталик иш жойи - халқ сўзи билан айтганда,  аёллар мардикор бозори бор. Ҳар куни уларнинг ризқ-насиба илинжида жовдираб турган кўзларини, кимдир шу томонга юрса, югуриб унга пешвоз чиқишларини кўриш юрагимда оғриқ тургазади. Уларнинг ичида менга "кўз таниш" бўлиб қолган аёл ҳам бор. Нозик жуссали, маюс нигоҳли бу аёл келувчи ёнига  чаққонлик билан етиб боради ва ортидан келган шериклар қуршовида кўринмай қолади. Мен "бу аёл ишга, оғир жисмоний меҳнат талаб этадиган юмушларга қандай яраркин", деб жуда кўп ўйладим. Иттифоқо, бир дугонам билан ўша ердан ўтаётганимда, "Вой, Сабоҳат мардикорлик қиларкан-да!", деб юборди ва менга "кўз таниш" бўлган ўша аёлни кўрсатди. Мен Сабоҳатнинг тақдирига  қизиқиб қолдим ва дугонамдан у ҳақда гапириб беришини сўрадим. Дугонамнинг айтишича, Сабоҳатнинг турмуш тарзи тушунарсиз, қандайдир мураккаб. Турмуш ўртоғи Маликжон билан яшаётганига ҳам 20  йиллар бўлибди. Маликжон унинг  иккинчи турмуши, қизи билан келган Сабоҳат Маликжондан фарзанд кўрмабди. Эр-хотин қизни узатишибди, неваралар кўришибди, ўғил неварани ўз тарбияларига олишибди ҳам. Шу орада маҳалла бошига бир кичик дўкон   қуришиб, қишлоқ аҳлига савдо хизмати кўрсатишни бошлабдилар.

Эр-хотин аҳил-иноқ экан. Невараси мактабдан келиб, савдога қараша бошлабди. Сабоҳат ора-орада улгуржи бозорга неварасини ҳам олиб кетар, биргалашиб маҳалла эҳтиёжи учун  зарур маҳсулотларни харид  қилиб келишарди. Невараси ҳам одобли, чаққон ва ёқимтой бола эди. Кунларнинг бирида Сабоҳат бозорга невараси билан келиб, ўзи ёлғиз қайтди. Айтишларича бола юкларни катта йўлдан олиб ўтишда ҳалокатга учраган ва шифохонада узоқ вақт даволанишга қармай вафот этган.

Эр-хотин,  қиз фарёд чекди, қудаларнинг тана-ю дашномларидан янада эзилдилар. Тақдирнинг бу зарбаси она-болани бир-бирларидан ажратиб юборди - қайнона, қайнота ва куёв қизни онаси  билан кўришишга чек қўйди. Мусибат, айбдорлик, Сабоҳатни енгди - у юрак хасталиги дардига чалинди. Маликжон эса ҳаётга лоқайд боқадиган бўлиб қолди, дўконни бир ўзи бош- қарар, савдодан барака ҳам қочган эди. 

Йиллар ўтди, ғам, алам бироз унутилди. Сабоҳат оёққа турди, у яшаш учун курашишга ўзида куч топди. Лекин уни кундуз кунлар кўрмай қўйдик, озиб-тўзиб кетган Сабоҳат тўй-маъракаларга ҳам кўриниш бермай қўйди, уни гоҳ-гоҳ шомдан кейин шошилиб келиб, уйига кириб кетаётганини  кўриб қоламиз. 

Мана, энди тушундим у мардикорлик қилиб, ўзини-ўзи овутиб юраркан-да, дугонамнинг кўзлари ёшланди.

Бу аччиқ қисмат, бу ажаб савдо бир аёлнинг гулдек умрини ғам-андуҳга кўмди, аёлнинг юзидан қизиллик, кўзларидан нур, лабидан табассум йўқолди, эр эса бепарво, кун ўтса бўлди қабилида яшаб юрибди. 

Мен чуқур ўйга ботдим. Тақдир зарбаси қаддини буккан биргина Сабоҳат эмасдир, яна ўнлаб, юзлаб Сабоҳатлар ажаб савдолар қурбони бўлиб жамиятдан яккаланиб қолгандир. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла ёрдамисиз ноумид, ночор яшаётгандир.

Дугонам чўрткесар, тутган жойидан узадиган аёл. Орадан анча вақт ўтиб эшитимча у Сабоҳат билан тиллашиш йўлини топибди. Уни яна дўконга, эрининг ёнига маҳалла-кўйга қайтарибди. Энг асосийси, қудалари билан ҳам яраштириб қўйибди, онани қизга, қизни унга яқинлаштирибди.

Ҳозир Сабоҳатнинг дўкони кенгайган. Ўзи тадбиркор, ишбилармон аёл мақомига эришиб, ҳаётдан мамнун яшаётган экан. Қандай қилиб? Дугонам бу саволимга "бу маҳалла сири”, деб кулиб жавоб берди.

Демак, маҳаллада пиру-бадавлат отахонлар, кайвони онахонлар бор экан, оилалар мустаҳкам, унинг истиқоматчилари   бахтиёр бўлиб бораверади. Бу эса ўз навбатида Ватан равнақига, тараққиётига асосий омилдир. Ватан - олижаноб , юртга, диёрига садоқатли Сабoҳатлари билан гўзал ва беқиёсдир.

Энг муҳими, Ватан оиладан бошланади, оила эса эркак ва аёл жуфтлигидан ҳосил бўлади. Сабоҳатни жамиятга  қайтаришлик билан бир оила устуни бақувват бўлди, оила барқарорлиги таъминланди. Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун Сабоҳатларни асрасак, Ватанни асраган бўламиз.


Ўктамхон АКБАРОВА,

Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси аъзоси.

Мавзуга оид: