ҲАМЗА АДАБИЁТГА ҚАЧОН ҚАЙТАДИ?

Яқинда Президентимизнинг Туркистон жадидчиларининг отаси ҳисобланган ёзувчи, ношир, драматург Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарори қабул қилинди. Қисқа умри давомида Беҳбудий миллатдошларимизнинг билимли ва илмли қилиш учун астойдил ҳаракат қилганлигини яхши биламиз. Унинг 1913 йилда ёзилган "Падаркуш" драмаси ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Умуман олганда, кейинги пайтларда жадид боболаримизнинг меросига давлат томонидан алоҳида эътибор берилаяпти. Буларнинг ҳаммаси яхши, бироқ...

Афсусли томони шундаки, XX аср бошларида ўзбек драматургиясига асос солган шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга негадир жиддий эътибор берилмаяпти. Ваҳоланки, унинг ижоди ўтган асрнинг эллигинчи йилларида мактаб дарсликларига киритилган, олий ўқув юртларида ҳам мероси ўрганиларди. Бироқ, негадир мустақиллик йилларидан кейинги пайтларда Ҳамза адабиёт дарсликларидан чиқарилиб ташланди. Бу ҳам етмагандек пойтахтдаги театрдан унинг номи олиб ташланди. Бундан ташқари Республика бўйича Ҳамза номи билан аталувчи қанчадан-қанча хўжаликлар, метро бекати, кўчалар ҳам бошқа ном билан аталадиган бўлди. Бир пайтлар Ҳамзанинг босиб ўтган ҳаёт йўлини акс эттирувчи кўп қисмли "Оловли йўллар" видеофильми ҳам эфирдан олиб ташланди. Нега шундай бўлаяпти? Бу ҳақда биз бир неча бор олдинги йилларда ҳам ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган эдик. Бироқ негадир, масъуллар биз кўтарган бу масалага эътибор беришмаяпти. Кўришса ҳам ўзларини кўришмаганга олишаяпти. Эҳтимол, Ҳамзани ёмонлаб илмий иш қилган ва айни пайтда масъул вазифаларда ишлаётган айрим шахслар Ҳамзанинг оқланишини ва қайтадан дарсликларга киритилишини исташмаётгандек туюлади кишига. Нима бўлганда ҳам, Ҳамза буюк жадид боболаримиз Беҳбудий, Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби алломаларимиз сингари ўз юртини обод, фаровон ва миллатдошларимизни эркин фикрловчи юксак маънавиятли бўлишларини доимо истаган ва тарғиб қилган эди-ку. Бу ҳақда марҳум академик Наим Каримов телевидение орқали ва "Ишонч" газетасидаги чиқишларида алоҳида таъкидлаган эди. Бироқ негадир жонкуяр олимимизнинг куюниб ёзганлари ҳам ҳисобга олинмаганлиги ғоят ачинарлидир.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни мактаб дарсликларига қайтадан киритиш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалардан биридир. Шундай экан, бу ҳақда пойтахтдаги масъулларимиз яна бир бор жиддий ўйлаб кўришлари ва амалий ишга киришлари    лозим.

ЖЎШҚИН.