Зуволамиз пишган даргоҳ

1978 йилда Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Миллий университет) журналистика факультетини битириб, турмуш ўртоғим, ҳаётдаги маслакдошим ва устозим Ниёзхон Алиев билан рўзномага ишга борган пайтимизда жамоада бир нафар ҳам махсус мутахассисликка эга ходим бўлмаган экан. Аммо сафимизга ёшлар тез келиб қўшилишди. Орадан кўп ўтмай Йўлчи Муҳаммадиев, Гулсара Тинибекова, Нигора Раҳимова, Зебинисо Ҳакимова ва марҳума Ойсанам Тўрақуловалар сингари ёш мутахассислар иш бошлашди. 
 Ўша ёшлик йилларимни эсласам, университетда олган таҳсилимизга кўра, ўзимни ҳамма нарсани биладиган, адолатпарвар ва ҳақиқатгўй деб ҳис этганман. Бироқ энди ўйласам, ўшанда анчайин содда ва ғўр бўлган эканман. Ўша йиллардаги бош муҳарриримиз бир куни мени топшириқ билан бир билим масканига юборди. Бор воқеаларни, рақамларни киритиб, ахборот тарзидаги бир мақола тайёрлаб келдим. Аммо мақола газета саҳифасидан ўрин олмасдан аввал устимдан шикоят тушибди. "Ким эди у мухбир қиз, мени танимадия" дебди билим маскани раҳбари. Муҳарриримиз менга танбеҳ бериб, бундан буён барча раҳбарларни таниб, билиб олиш кераклигини айтдилар. 
Ҳамиша ҳам, ҳамма даврларда ҳам журналистларга осон бўлган эмас. Уларни пайига тушадиган, тирноқ остидан кир қидирадиганлар доимо бўлган. Аммо рўзномада зуволамиз шундай пишидики, қисқа вақтда ўз номимизга ва овозимизга эга бўлдик. Таҳририят ҳаёти жуда қизғин ва қайноқ эди. Биз шу қайноқ ҳаёт бағрида ишладик, яшадик ва улғайиб бордик. Фикрларимиз теранлашди, қаламимиз ўткирлашди. Куни билан турли гўшаларда фактлар йиғар, муаммоларни ҳал этиш йўлларини излар, кечки пайт эса газета саҳифаларини тайёрлаш ва уни чоп этишга бош-қош бўлардик. Навбатчи бўлган кунларимизда-ку, туни билан стулга суяниб, тонг орттирган  пайтларимиз кўп бўларди.
Рўзномага меҳнати бир мунча сингган Тошназар Тўғизбоев, Рашид Ашуров, Абдумурод Рўзиевлар бугун орамизда йўқ. Ўша даврларда кўп йиллар давомида рўзномага бош муҳаррирлик қилган марҳум турмуш ўртоғим Ниёзхон Алиев газетамизнинг ҳақиқий жонкуяри, қаламкашларнинг чинакам устози эдилар. Буни бугунги кунда ҳам туман журналистлари, ҳатто рўзномага бир бора хат кўтариб кирган жамоатчилар ҳам яхши билишади. 
У кишидан кейин бу вазифани муносиб давом эттираётган Йўлчи Муҳаммадиевни ҳам газетхонлар яхши биладилар. Й.Муҳаммадиев газетани энг оғир йилларда бўронлардан асраб олиб чиқди. Бугунги кунда ҳам унинг нуфузи ва савияси учун жон куйдириб келмоқда. Молиявий қийинчиликларни бартараф этиш учун бор куч-қувватини сарфламоқда. Йўлчи Муҳаммадиевнинг яна бир хислати борки, буни айтиб ўтмасликнинг имкони йўқ. У маҳаллий журналистлар бошини қовуштиришга, ижодкорларни бир-бирлари билан доимо мулоқотда бўлишларига ҳаракат қилиб келмоқда. 
Биз, тумандаги журналистлар бирга ишлаган давримизда опа-сингил, ака-укадек   қадрдон бўлиб кетгандик. Тўғри, ҳамиша ҳам фикрларимиз бир жойдан чиқавермасди, тортишувлар, баъзан ўзаро келишмовчиликлар ҳам бўлиб қоларди. Лекин рўзнома манфаати деганда, доимо ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарганмиз. 
Жамоамиз худди катта бир оилани эслатарди. Соатлаб суҳбатлашардик, яқин жигарларимизгагина айта оладиган сирларимизни ўртоқлашардик. Бу бўлим мудири, бу махсус мухбир, бу техник ходим деган чегара йўқ эди. Хусусан, Зулфия Пўлатова билан бир  умрга яқин дугона, Маърифат Мустафоева билан опа-сингил бўлдик. Тўй-томошаларимиз бирга кечди, оғир кунларимизда ҳамдард бўлдик. Гулсара Тинибекова билан ҳатто телефон орқали гаплашсак ҳам, суҳбатимиз соатларга чўзилади. Бир-биримиз билан учрашиб қолсак-ку, осмонда ой-у қуёш бизга ҳасад қилгудек.... 
Мен ўз шахсий ҳаётимдан шуни яхши биламанки, менинг ҳақиқий дорилфунуним рўзнома бўлган. Бу ерда олган билимларим ва тажрибам ҳаётим давомида қаерда, қандай лавозимда ишлаган бўлсам, ҳамиша қўл келган. Шунда бир нарса эсимга тушади. 90-йиллар эди, туман ҳокимининг ўринбосарлигига суҳбатдан ўтиш учун ўша даврда вилоят ҳокими бўлган ажойиб инсон Абдураҳмонов Пўлат Мажидовичнинг қабулида бўлганман. У киши мен билан суҳбатлашиб, шундай деган эдилар: Сиз журналистлар биздан ҳам кўра ҳаётни яхши биласизлар, чунки доимо одамлар орасида бўласизлар, шунинг учун мен сизнинг ишониб топшираётган вазифамизни муносиб уддалашингизга ишонаман. 
Бу сўзлар менга кейинги фаолиятимда дастуруламал бўлди. Ҳаёт жуда қизиқ, турфа хил одамлар, тақдирларга дуч келамиз. Баъзан куламиз, баъзида муаммолар гирдобида қоламиз. Аммо бундай гирдобдан чиқиб олишда ҳам бизга касбимиз, касбга бўлган садоқатимиз кўмакка келади.
Мен бугун қадрдон рўзномамизнинг 90 йиллиги нишонланаётган кунларда умримнинг энг гўзал, тиниб-тинчимас даврини бирга кечган қадрдон жамоадошларимни қутламоқчиман. Уларга бундан буён ҳам соғлик-саломатлик, ўткир қалам ва шижоат тилайман.
"Оқдарё овози" рўзномаси бундан кейинги даврларда ҳам туман ҳаётининг кўзгуси, туман ҳалқининг шуурини ва фикрлар ранг-баранглигини бойитиб берувчи восита бўлиб қолаверсин.
Гулчеҳра Исмоилова,
рўзноманинг 80-йиллардаги махсус мухбири.    
Мавзуга оид: