ФИРИБГАРЛИКНИНГ ПАЙИ ҚИРҚИЛДИ

Судланувчи Қурбон Олимов (исми-шарифи ўзгартирилган)  1986 йил Оқдарё туманида туғилган, миллати ўзбек,  оилалик, 1 нафар фарзанди бор. Муқаддам судланиб озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлишига қарамасдан, у яна жиноят кўчасига кириб, алдаш ёки одамлар ишончини суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилиб олади.  2019 йилнинг март ойида тумандаги "Янгиравот-2" маҳалласида яшовчи Қ.Х.ни алдаб, уни ишончига кириб, ўзининг фуқаролик суди ва прокуратура идораларида ишловчи мансабдор танишлари орқали 100 АҚШ доллари эвазига, унинг ўғли ва собиқ келини ўртасидаги қонуний никоҳини бекор қилдириб беришни ваъда қилади. Қ.Х.нинг 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли орқали қўлга киритиб, ушбу пул маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. 
Бундан ташқари, судланувчи Қ.Олимов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран, 2019 йил апрель ойида "Янгиравот-2" маҳалласида яшовчи Қ.Х.ни алдаб, ўзининг фуқаролик суди ва прокуратура идораларида юқори лавозимларда ишловчи мансабдор танишлари орқали 100 АҚШ доллари эвазига, унинг ўғли Э.Б.га алиментдан қарздорлиги учун Мажбурий ижро бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқмаслик учун қўйилган тақиқни бекор қилдириб беришни ваъда қилиб, унинг 850.000 сўм пулларини фирибгарлик йўли орқали қўлга киритади. Шундан сўнг Қ.Олимов 2019 йил 30 ноябрь куни "Лойиш" маҳалласида яшовчи Д.Х.ни алдаб, уни ишончига кириб, унга 100 АҚШ доллари миқдорида қарзга пул бериб туришини, "Янгиҳаёт" маҳалласида яшовчи О.Д.га 10.000.000 сўм пул эвазига Лойиш шаҳарчасида қурилаётган янги уйлардан бирини кредитга олиб беришини, кредитни ҳам бошланғич тўлови хотин-қизлар қўмитаси томонидан тўланилишини ваъда қилиб, О.Д.нинг 10.000.000 сўм пулларини фирибгарлик йўли орқали қўлга киритади.
2020 йил сентябрь ойида "Янгиҳаёт" маҳалласида яшовчи О.Д . га 2020 йил 15 декабрь куни "Микрокредит банк" туман филиали томонидан паррандачилик учун ажратилган 18.000.000 сўм пуллар шартномага асосан паррандачилик билан шуғулланувчи "AN-PULAT" МЧЖ ҳисоб рақамига тушганидан сўнг, у "AN-PULAT" МЧЖ раҳбарига ўзини О.Д.нинг қариндоши эканлигини айтиб, ишонтириб, О.Д. унинг жамиятидан парранда олмаслигини, унга ажратилган кредит маблағларини қайтариб беришини айтади, ўзини гуёки О.Д.нинг вакили сифатида кўрсатади. 
"AN-PULAT" МЧЖ раҳбаридан О.Д.га тегишли бўлган "Микрокредит банк" туман филиали томонидан паррандачилик учун ажратилган 18.000.000 сўмдан 16.000.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли орқали қўлга киритиб, ушбу пул маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. 
Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган ва алдаш ёки одамлар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилган Қурбон Олимов айни пайтда ўзининг қилган ишидан минг пушаймон бўлаётган бўлсада, қонун олдида  жавоб беришга мажбур. Ахир халқимиз бежизга "Қилмиш-қидирмиш", деб айтишмайди-ку. 
 Судланувчи Қурбон Олимов ўз айбига қисман иқрорлик билдириб баён қилган кўргазмаларидан ташқари, унинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўргазмалари билан тўлиқ исботланди ва унга нисбатан 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
                            
И. ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман
 судининг раиси.
Мавзуга оид: