Миллий либос - маънавият кўзгуси


Аёллар азалдан турли ўсимлик ва гуллардан анвойи гуллар тайёрлаб парваришлашни, қимматбаҳо матолардан кўйлак ки-йиб, рўмол ўрашни ёқтиришган. Шунингдек, улар турли тақинчоқлар тақиб ўзига зеб беришга, кўркам ва чиройли бўлиб юришга ҳаракат қилганлар. Лекин минг афсуски, кейинги вақтларда баъзи аёллар "янги мода" деб, гўёки ўзларини кўз-кўз қилмоқчи бўлгандай юз-кўзларини ҳам ёпадиган даражада либосларга ўраниб, жамоат жойларида юришмоқда.
Афсуски, шундай кийинишга мойил, мода кетидан қувган баъзи аёллар учраб туради. Кийиниш маданияти ҳақида ҳадисда шундай дейилган: «Кийимларингизни чиройли қилинглар. От-уловларингизни яроқли тутинглар! Одамларга юздаги холдек намуна бўлинглар!». 
Келтирилган ҳадисдан маълумки, инсоннинг кийиниш маданияти одоб-ахлоқ қоидаларига мос тарзда тозалик ва покизалик билан уларнинг юз-кўзида яққол акс этиши лозим.
Яқинда З.М.Бобур маҳалласи фуқаролар йиғинида "Миллий либос - маънавият кўзгуси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Маҳалладаги фаол хотин-қизлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида сўз олган вилоят тарғибот гуруҳи раҳбари С.Зоҳидова, туман тарғибот гуруҳи раҳбари Д.Адилова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ю.ўроқова, туман бош отинойиси    Ш.Ҳакимова, дин ишлари бўйича туман бош мутахассиси А.Насимовлар юқорида айтиб ўтилган кийиниш одоби хусусида батафсил сўз юритишди.
Миллий либосларимизнинг ўзига хос тарихи, қолаверса ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, бунда ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг ўрни ниҳоятда катта эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек,тадбир давомида психолог Х.Йўлдошева томонидан "Бахт формуласи" мавзусидаги психологик тренинг ҳам барчага манзур бўлди. Тадбир сўнгида ёшлар томонидан тайёрланган миллий урф-одатларимизни ўзида мужассам этган бадиий саҳна кўринишлари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир барчада катта қизиқиш ва бир олам таассурот қолдирди.
       Азиза УМАРОВА,
       З.М.Бобур МФЙ раисининг 
Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича
ўринбосари.