Буюкларни тириклигида қадрлайлик

Очиғини айтиш керакки, биз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор сингари буюк ёзувчиларимизни тириклигида қадрламадик. Улар қатағон қилинганидан сўнг, вафот этганларидан кейин буюк инсонлар эканлигини тан олдик. Ҳатто айрим миллатдошларимиз уларни миллатчи сифатида сотганликларини ҳам яхши биламиз. Бахиллик деган нарса туфайли бу буюкларимиз қанчадан-қанча қийинчиликларни бошидан ўтказишди. Қатағон йилларида Абдулла Қодирий ва Чўлпон халқ душмани сифатида қамоққа олиниб, қатл этилган бўлса, туҳматчиларнинг айби туфайли Ойбек тилдан қолди. Абдулла Қаҳҳор эса қанд касаллигига чалинди. Буларни айтаверса адоғи йўқ. 
Узоққа бориб ўтирмайлик. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида миллатимиз учун жон куйдирган Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон ва бошқа бир қатор шоирларни вафот этганларидан сўнг қадрлашга тушдик. Оммавий ахборот воситаларида ва телевидение орқали кўрсатувлар ташкил этилиб, асарлари чоп этилди. Яқиндагина вафот этган ажойиб драматург Шароф Бошбековнинг тақдирини олайлик. Доимо ҳақиқатни куйлаб келган, ўзининг барча драмаларида, асарларида ўзбекнинг ҳақиқий дардини айта олган бу ижодкорнинг меҳнатини тан олишимиз керак. Тирик пайтида эса унинг меҳнати ўз қадрини топмади. Ваҳоланки, бу адиб "Ўзбекистон халқ ёзувчиси" унвонига лойиқ инсон эди. Шунингдек, "Буюк хизматлари учун" орденига ҳам муносиблар қаторида туради. Афсуски, энди кеч. Бундай мисолларни санъаткорлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, Довудий овоз соҳиби, хушовоз хонанда Раҳматжон Қурбоновнинг қўшиқлари кириб бормаган бирорта хонадон бўлмаса керак. Ўтган йилнинг январь ойи ўрталарида вафот этган бу санъаткорга ҳам тириклик чоғида халқ артисти унвони афсуски берилмади. Инсоф билан айтганда Раҳматжон Қурбоновнинг айрим шогирдлари халқ артисти унвонига сазовор бўлишганлигини кўпчилик яхши билади. Ҳечдан кўра кеч деганларидек, бу ҳофизга ўлимидан сўнг бўлса-да, халқ артисти унвони бериш лозимлигини наҳотки Маданият вазирлигидаги масъулларимиз ўйлаб кўришмаса?
Умр оқар дарё дейишади. Тирик жон борки, барчаси ўлим шарбатини албатта тотади. Шундай экан, бу дунёнинг ўткинчи эканлигини бир зум ҳам унутмасдан буюкларимизни, аниқроғи истеъдодли, иқтидорли инсонларни тириклигида авайлаб асрашимиз лозим. Шоир айтганидек:
Тириклигида қилмасанг агарда шод,
Ўлганда ҳоҳ қил, ҳоҳ қилма фарёд...
Шундай экан, бир-биримизни қадримизга етиб, меҳр-оқибатли бўлайлик, азизлар!
Й.Муҳаммадиев