АЁЛИНИ ЭЪЗОЗЛАГАН ЮРТ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев  раислигида жорий йилнинг 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, гендер тенгликни ривожлантиришга оид белгиланган вазифалар ҳамма аёллар қатори менда ҳам катта ҳаяжон ва қизиқиш уйғотди.
Назаримда, бу йиғилиш янги Ўзбекистон тарихида бир умрга муҳрланиб қоладиган қутлуғ анжуман бўлди. Оддий бир аёл, она сифатида фақат мени эмас, балки бутун Ўзбекистон фуқароларини, аёлларни тўлқинлантирди.
Ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми аёллар зиммасига тушади. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни оналар ўргатадилар. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари алоҳида аҳамиятга эга: "Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса оила рози бўлади, оила рози бўлса жамият рози бўлади".
Юртимизда аёлларнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлишларини, меҳнат ва касб-ҳунар билан шуғулланишини, эркин ижод қилишини, қизларимизни ўқишларини, уларни ижтимоий ҳимоясини таъминлашни ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. 
- Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволанишида, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади, - деди муҳтарам Президентимиз.
Бу соҳада янги тизим яратилиши белгиланди. Президентимизнинг аёлларга, хотин-қизларга яратилаётган бу каби имкониятлари, шароитлари бугун биз аёлларни, Ўзбекистоннинг минг-минглаб оналарини, опа-сингиллари, ардоқли қизларини руҳлантириб, қалбимизни тўлқинлантирди.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз тумандошларимни янгиланиш фасли баҳор ҳамда "Наврўз" айёми билан чин дилдан қутлайман. Ушбу муборак кунда сизни қувонч ва шодлик асло тарк этмасин. Хонадонларимиздан тўкин сочинлик, қут-барака аримасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Бахтигул Асророва.