УЙҒОНИШ

Тўлғаной Гадоева 1984 йил 29 мартда Оқдарё туманининг Ойтамғали маҳалласи Чим қишлоғида зиёлилар оиласида туғилган. Онаси Туйғуной Оқбўтаеванинг шеърлар машқ қилиб туриши сабаб Тўлғаной ҳам ёшлигидан адабиётга, ижодга меҳр қўйди.

Шеърлари республика матбуотида, шунингдек, "Оқдарё мавжлари", "Оқдарё баёзи" тўпламларида чоп этилган. Айни пайтда у тумандаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида ишлаб келмоқда.

Тўлғаной Гадоеванинг илк шеърий тўплами "Янги орзу янги бахт" деб номланиб, 2021 йилда нашр этилган. "Уйғониш" номли ушбу шеър ва ҳикоялар тўплами муаллифнинг иккинчи китоби.

Қуйида сиз газетхонлар эътиборига Тўлғаной Гадоеванинг   шеърларидан намуналар келтирамиз.


ХУШ КЕЛДИНГ

Хуш келдинг баҳорим, хуш келдинг 

малак,

Қиқирлаб ниш урар бағрингда чечак.

Рақс тушар шаббода, нозли келинчак,

Дилимда жўш урган шаффоф ашъорим,

Пойингга тўшалсин борим, баҳорим.


Қалдирғоч қаноти заминни қучар,

Офтоб оралайди, захлар ҳам учар.

Зилол чашмалардан дил қониб ичар,

Чайилсам тўлқининг узра анҳорим!

Пойингга тўшалсин зорим, баҳорим.


Алвон лолалардан роз олган қўшиқ,

Ташрифинг шавқидан соз олган эшик,

Алладан тебранган, ноз олган бешик.

Куйларда ёд этиб отмиш наҳорим,

Пойингга тўшалсин торим, баҳорим.


Сенинг-ла  ўтмишим, ғамни унутдим,

Бағрингда изғирин таъмни унутдим.

Тўлишдим, жамики камни унутдим,

Кўшкимга нур тўккан шом-у саҳарим,

Пойингга тўшалсин жоним, баҳорим.

ОДАМИЙЛИК ЎЛМАСИН


Танда мадор, дилда шукур бор,

Кўзда нур-у, қалбда шуур бор.

Гар ҳаётсан, анда фикр бор,

"Эй, дўст, одамийлик ўлмасин!".


Беланчакдир дунё қўллари,

Гар топилмас ишқнинг йўллари.

Ўтда қолди дарднинг чўллари,

"Эй, дўст, одамийлик ўлмасин!".


Жаҳолатда қолган бу виждон,

Нима қилсин, қақшаган мужгон.

Зирқирайди қоп-қора ҳижрон,

"Эй, дўст, одамийлик ўлмасин!".


Қўлингда бор дуо, саховат,

Иймондандир назм-у қироат.

Аллоҳимга қилгин тиловат,

"Эй, дўст, одамийлик ўлмасин!".


Жонинг ожиз, руҳинг қиблагоҳ,

Бўлсин доим муштарак огоҳ.

Илтижода, Аллоҳдан паноҳ,

"Эй, дўст, одамийлик ўлмасин!".


Субҳидамда покиза тилак,

Иймон очгай беҳиштга йўлак.

Тила сўнгсўз, жонингдан бўлак,

"Эй, дўст, одамийлик ўлмасин!".


Тўлғаной ГАДОЕВА.