Онажоним ҳикматлари

Яқин кунларга қадар онажоним ҳаёт эканлигидан мамнун ҳолда бошларим осмон қадар эди. Онажоним меҳридан қониб-қониб яшаётганимиз ҳам бир давр экан. Мана энди эса...
Биз фарзандлари учун бетакрор бўлган меҳри дарё онажонимиз Рамазон ҳайитининг арафа кунида улуғ ёшларида бу дунёдан кўз юмдилар. Эҳ, онажоним, наҳотки энди биз яқинларингиз учун фақатгина хотира бўлиб қолсангиз.
Шуларни ўйлай-ўйлай онажоним билан боғлиқ бўлган айрим ёшлик хотираларимни қоғозга тушуришни жоиз деб билдим.
САВОБНИНГ КАТТАСИ
Болалик пайтларим эди. Бир куни уйимизга ёши улуғроқ бир қишлоқдошимиз қанчадир пул қарз сўраб келдилар. Отам уйда бўлмагани сабабли онам у киши сўраган пулни бериб юбордилар. У киши кетгач, мен:- Она, ахир "пулимиз йўқ" деб юборсангиз ҳам бўларди-ку, - дедим норози оҳангда.
Онам эса:
- Болам, инсон бу дунёдан нимани олиб кетади. Дунёда бировнинг ҳожатини чиқаришдан ҳам кўра катта савоб борми? Қолаверса, бировникига нарса сўраб чиққан одам ернинг ости билан келармиш. Агар сўраган нарсаси топилса, ернинг усти билан кетармиш. Борди-ю, сўраган нарсаси топилмаса, ернинг ости билан келиб, ернинг ости билан кетармиш. Буни ҳеч қачон эсингдан чиқармагин, - дедилар.
ЎРИНСИЗ САВОЛ
Эс-эс биламан. 8-10 ёшлардаги қизча эдим. Онам икковимиз уйда чой ичиб ўтирардик. Шу пайт кўзим бехосдан шифтдаги болорга тушди-ю:- Она, мана шу болорларни сотса қанчага кетар экан?, - деб сўрадим. Онам эса:
- Қизим, бу гапингни бир марта гапирдинг, иккинчи марта гапира кўрмагин, хўпми? Болор сотиш, уй сотишлардан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Мана, қўшнимиз уйини сотиб кетди. Ўзинг айтчи, яхши иш бўлдими?, - дедилар.
Ҳақиқатдан ҳам ўша кунлари бир уй нари қўшнимиз онаси оламдан ўтгач, уйини сотиб, отасининг юртига (отаси бошқа жойдан келиб қолган эди) кўчиб кетган эди.
Онажонимнинг насиҳатомуз тарзда айтган бу гаплари шу пайтнинг ўзида мени анча улғайтиргандек эди назаримда.
ҚИРҚ ЙИГИТНИНГ РИЗҚИ
Орадан йиллар ўтди, оилали бўлдим. Бир куни хамир қориш учун ун элаётган эдим, эшик очилиб, онам кириб келдилар. Салом-алик тугагач, ногаҳон онамнинг кўзи супранинг бир четидаги кичкина тешикка тушди.- Болам, - дедилар майин овозда, - супрангдаги бу йиртиқни наҳотки кўрмаган бўлсанг? - Ахир "игнанинг кўзидек жойдан қирқ йигитнинг ризқи тўкилади" деган ҳикматни эшитмаганмисан? Менга озроқ сув билан тангадек оҳорли латта олиб кел, - дедилар.
Мен айтилган нарсаларни дарҳол онамга келтириб бердим. Онам пиёлага бир чимдим ун солиб, озгина атала тайёрладилар. Кейин уни супрага суртиб, устидан ҳалиги матони ёпдилар ва латта устига қолган аталани суваб қўйдилар. Сўнгра бус-бутун ҳолатга келди. Мен эса лоқайдлигимдан изза бўлдим ва онажонимнинг бетакрор уй бекаси эканлигига яна бир бор тан бердим.
КИШИ ТАНДИРИНИНГ ТИШИ
Бир куни уйда ўтирсам, мендан 2-3 ёш кичик бўлган қўшни аёл кириб келдилар. Салом-аликдан сўнг хамир қилиб қўйганини, агар мумкин бўлса, тандиримга нонини ёпиб олишини сўраб илтимос қилдилар. Мен сўзсиз рози бўлдим. Бироздан сўнг тандирни оқартириб, нонини пишириб олди. Кетар чоғида "йўқ" дейишимга қарамай, битта иссиқ нон ташлаб кетдилар.Пешинга томон онамларникига бордим. Гап очилиб, бўлган воқеани гапириб бердим. Онам эса:
- Эҳ, қизим, "Киши тандирининг тиши бор", бўлибди-да, шу нонни олмасанг ҳам бўларди-ку. Инсон учун савоб ҳам керак-ку, ахир, - дедилар. Мен эса қаршилик кўрсатишимга қарамасдан ташлаб кетганини яна бир бор таъкидладим. Шунда онам:
- Ҳа, бўлар иш бўлибди. Нима бўлганда ҳам савобни битта нонга алмашибсанда, қизим, - деб хўрсиниб қўйдилар.
Ҳа, бўлар иш бўлган эди. Лекин бир нарсага ишончим комилки, гарчи ўша кунги савобдан мосуво бўлсам-да, шундан кейинги ҳаётим давомидаги савоб олишга бўлган муносабатимга онажонимнинг юқоридаги ҳикматлари етарлича ижобий таъсир кўрсатди, деб ўйлайман.
Эҳ, онажоним, сизга бўлган меҳрим, муҳаббатим, садоқатим, сиз ҳақингиздаги сўнмас хотираларим қоғозларга сиғармикан? Сиз фарзандлар-у набираларингиз учун ҳикматлар хазинаси эдингиз. Начора, ҳаёт қонунига бўйсунмай иложимиз йўқ. Илоҳим қолганларга сизнинг умрингизни, йўлингизни берсин. Охиратингиз обод бўлсин, меҳридарё, мунис О н а ж о н и м!
Рўзибуви АБДУҲАКИМОВА,
халқ таълими фахрийси.
Пиримкент МФЙ, Пониқи қишлоғи.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00