МИЛЛИЙ АНЪАНА ВА ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТИМСОЛИ

Мана яна янгидан-янги орзу-умидларни қалбларимизга жо айлаб, Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган қадимий ва миллий байрамларимиздан бири, уйғониш, яшариш, янгиланиш айёми - Наврўзи олам байрами ҳам кириб келди.

Наврўз - бутун дунё бўйлаб 500 миллиондан зиёд аҳоли янги йилнинг бошланиши сифатида нишонлайдиган қадимий байрам.

Наврўз бир неча минг йиллик тарихга эга асл миллий байрамимиз, шарқона янги йил ҳисобланади. Аждодларимиз бу кунни табиатнинг уйғониши ва янгиланиши, деҳқончилик мавсумининг бошланиши сифатида нишонлаб келган. Сайиллар уюштирилиб, миллий анъана ва қадриятларимиз, маросим ва урф-одатлар намойиш этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун ўзининг уч минг йиллик тарихига эга бўлган, ўзида аждодларимизнинг деҳқончилик маданияти анъаналарини, осмон жисмлари билан боғлиқ астрономик қарашларни, мифологик тасаввурлар ва яратувчанликни, эл-юрт бирлигини чуқур мужассамлантирган Наврўз байрамини ҳамиша юксак қадрлаймиз. Чунки, бу қадимий айём Шарқ халқлари, турли миллат ва элатлар томонидан тан олиниб, дунё тамаддунида ўз салоҳиятига эга эканлиги, у асрлар оша зукко халқимиз томонидан улуғланиб келинаётгани, одамлар тафаккури ва ҳаётида бебаҳо қадрият сифатида абадий муҳрлангани қалбимизга олам-олам қувонч ва ифтихор бағишлайди.

Дарҳақиқат, хонадонларга тотувлик, дастурхонларимизга қут-барака, қалбларга юксак инсоний туйғуларни улашгувчи, халқимизни жипс ва мурувватли бўлишга, кексаларни эъзозлашга, муҳтож ва кўнгли яримларга кўмак беришга, ўртадаги гина-кудуратларни унутишга даъват этувчи Наврўзи олам дилларга шодлик бағишлаган ҳолда, кўклам нафаси уфуриб турган дилбар фаслда она табиат билан янада яқинроқ ва уйғун яшашга чорлайди.

Наврўз айёми барчамизга қутлуғ бўлсин, қадрли тумандошлар!

 Ўз мухбиримиз.