НАВРЎЗ - ҚАДИМИЙ ВА ҚАДРИЯТЛАР БАЙРАМИ

Наврўз байрамининг қачон вужудга келгани ҳақида бизгача етиб келган қадимий манбалардан шу нарса кўринадики, у Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда Аҳамонийлар даврида (милоддан аввалги VI асрларда) кенг тарқалган. Шу маънода Наврўзнинг тарихини 25-30 асрга эга деб тахмин қилиш мумкин. Энг қадимги ёзма манбалардан бири - зардўштийликнинг муқаддас китоби "Авесто"да (мил. ав. IХ асрдан VI аср бошлари) ҳам Наврўз ҳақида фикрлар билдирилган. Унга кўра, баҳор қайтиши яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабасини англатган.
"Наврўз" ибораси асли форсча сўз бўлиб, "Янги кун" деган маънони ифодалайди. Наврўз оловга сиғинувчи маъжусийларнинг энг катта ва машҳур байрамларидан бири ҳисобланади. Наврўз форсча шамсий йилнинг боши бўлиб Озар ойининг ўн тўртинчи кунига тўғри келади ва яна беш кун давом этади. Милодий йилнинг эса йигирма биринчи мартига тўғри келади. Наврўз байрамининг пайдо бўлиши Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асаридаги ярим афсонавий шоҳ Жамшид номи билан боғлиқ бўлган, яъни Жамшид подшоҳлик тахтига ўтирган кун Наврўз деб аталган экан. Умуман олганда, бу тўғрисида ривоятлар кўп. Форс авомларининг одатларига кўра, улар Наврўз кечаси ўт ёқиб, эртаси эрталаб кўчаларга сув сепар эканлар. Бу байрамни яна Баҳоийлар ҳам нишонлашади. Ўн тўққиз кун рўза тутиб, бунинг якунида йигирма биринчи Озармоҳда байрам қиладилар.
Наврўз қачон, қандай вужудга келганидан қатъи назар, у ҳар томонлама илмий асосланиб, коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда жорий этилган. Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча-кундузнинг тенглашиши,   табиатнинг жонланиши - Наврўз деб қабул қилинган. Наврўз эски қуёш календари ҳисобида фарвордин ойининг бошланишига (ҳозирги 22 мартга) тўғри келган. Бу кун "кичик Наврўз" деб аталган ва бу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисобланган. Беруний "Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар" номли китобида "кичик Наврўз" фарвордин ойининг олтинчи кунигача давом этганлигини таъкидлайди.
Демак, фарвордин ойининг олтинчи куни "Катта Наврўз"нинг моҳиятини бевосита табиат билан боғлайди ва бу ҳақи-да шундай ёзади: "...У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган".
Абу Райҳон Берунийдан ташқари Ўрта Осиё халқларининг  Маҳмуд Қошғарий, Умар Ҳайём каби алломалари ҳам Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдирганлар. Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз асарларида: 
"Ҳар тунинг қадр ўлубон,
 Ҳар кунинг ўлсун Наврўз", - деб бежизга бу кунни алоҳида ёд этмаганлар. Бу фикрлар Наврўзнинг қадимдан табиат ва баҳор байрами бўлганини, халқ маънавиятининг ажралмас ва таркибий қисми бўлганини яна бир карра исботлайди. 
Бироқ, тарихда Наврўзнинг мазмунини турлича талқин қилиб, баъзилар уни тараққий эттиришга, бошқалар эса уни тақиқлашга ҳаракат қилишди. Жумладан, грек-македон ва араб истилоси даврларида Наврўз тақиқланиб, у подшо саройларида, амалдорлар ва дин аҳли давраларида расмий байрам ҳисобланмаган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Наврўз ўтмишдаги ҳар бир синфий жамиятда подшолар ҳукмдорлиги, диний идеология таъсирида шаклан ўзгариб турса-да, у ўзининг асосий моҳиятини сақлаб қолди. У ҳақиқий халқ байрами бўлиб, меҳнат аҳли орасида катта тантаналар билан нишонланган. Бинобарин, қа-димдан халқда байрамни ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бўлган.
Исломгача бўлган Наврўзда оддий халққа тегишли бўлган одатлар ҳам диққатга сазовордир. Байрам куни одамлар бир-бирига шакар ва ширинликлар ҳадя қилиш (ҳаётингиз ширин бўлсин деган маънода), бир-бирига cув сепиш (бу йил сув кўп бўлсин, ҳосил яхши бўлсин деган маънода) ва бошқа одатлар кенг тарқалган. Кейинги асрларда эса ҳовли-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар экиш, ота-она, ёру дўстларни зиёрат қилиш, марҳумларнинг қабрини зиёрат қилиш каби одатлар Наврўз байрамининг таркибий қисмига айланган.
Собиқ Шўро мамлакатларида ҳам Наврўз анъаналари турли ўзгаришларга юз тутди. Ипак йўлида истиқомат қилувчи одамлар қадим анъанани нишонлаб келишган, аммо СССР парчаланганидан кейин Наврўзнинг қайта тикланиши мустақил давлатларнинг ўзлигини шакллантиришларига хизмат қилди. Наврўз "Толибон" даврида Афғонистонда оташпарастликка асосланган куфр дея тақиқланганди. Ироқ 2016 йил Наврўзни ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиши учун ҳаракат қилган ягона араб мамлакатидир. Хитойдан то Болқон давлатларига қадар чўзилган минтақа бўйлаб муайян диний ва этник гуруҳлар баҳор келишини тантана билан кутиб олишади.
Ўзбекистонда Наврўз миллий ўзликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Совет Ўзбекистонида ҳам Наврўз тақиққа учраганди. 1990 йиллар бошларида Наврўз қайта тикланди ва умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлана бошлади. Ҳамма жойда Наврўз оила билан бирга бўлиш, дўст-ёрларни зиёрат қилиш ҳамда марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш фурсати бўлиб келган.
Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги униб чиққан кўкатлардан, баҳорий таомлар: сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган. Ўзбекистонда мустақилликка эришилганидан кейин бошқа қадриятлар қатори Наврўз байрами ҳам қайта тикланди. У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, бошқа байрам тадбирлари ўтказилаяпти, хайрия ташкилотлари ёрдамида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Наврўз айёми халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрамдир. Наврўз байрамининг бирор бир дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган. Наврўз ўтмишда қандайдир диний мазмунга эга бўлган бўлиши мумкин, аммо у бугунда бундай мазмундан маҳрум бўлиб, миллати, дини, ирқи, ижтимоий мақомидан қатъи назар, барча халқларга мансуб дунёпарвар инсонларнинг энг халқчил айёмига айланиб улгурган.
Муҳаммад АБДУРАҲМОНОВ,
 30-мактабнинг тарих фани 
ўқитувчиси.