МАТБУОТ ЖАМИЯТНИНГ КЎЗГУСИДИР

Матбуот гуллаб-яшнаган даврларда "Оқдарё овози"(ўша пайтлардаги "Ленинизм йўлидан") газетасида ўзимнинг журналистлик иш фаолиятимни бошлар эканман, тўғрисини айтганда, бу касбнинг шу қадар масъулиятли ва мураккаблигини тасаввур қила олмаган эдим. Негаки, ушбу касб эгаси ҳар томонлама билимли, замонавий бўлиши билан бир қаторда доимо халқ билан, замон билан ҳамнафас бўлиши кераклигини иш фаолиятим давомида юракдан ҳис қилдим. Холбуки, 1982 йилда мен иш бошлаган таҳририятда ана шундай етук ва ўз касбининг билимдонлари бўлган Ниёзхон Алиев, Ўктам Қурбонов, Тошназар Тўғизбоев, Гулчеҳра Исмоилова, Йўлчи Муҳаммадиевлардан иборат ижодий ходимлар жамоаси фаолият юритар, мен эса энг ёш журналист сифатида даставвал Зебинисо Ҳакимовадан корректорликни ўрганган бўлсам, кейинчалик "Маданият ва адабиёт" бўлимида адабий ходим сифатида мазкур бўлим бошлиғи Гулчеҳра Исмоиловадан касбимизнинг бор сир-асрорларини мукаммал даражада ўрганишга ҳаракат қилдим. Ўша даврларда "Ленинизм йўлидан" газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган, қалами ўткир журналист Ниёзхон Алиев биз ёшларнинг ҳақиқий устози бўлганлигини фахр билан тилга оламан. Негаки, у киши менинг журналистлик касбини эгаллашимда, шунингдек, корректорлик, адабий ходим ва бўлим бошлиғи лавозимларигача бўлган масъулиятли вазифаларда фаолият кўрсатишимда менга юксак ишонч билдириб, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатган эди.
Сўзимнинг аввалида зўр ҳаяжон билан матбуотнинг гуллаб-яшнаган даврлари ҳақида фикр юритган эдим. Минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги пайтда матбуотимиз гуллаб-яшнаб кетаётганидан эмас, матбуотга бўлган эътиборсизликдан дилингиз ранжийди. Дарҳақиқат, миллий матбуотимиз мураккаб жараённи бошдан кечирмоқда. Сўнгги  пайтларда матбуотнинг бугуни ва эртаси ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар, танқидлар берилди. Кимдир матбуотни "эскилик сарқити"га, яна кимдир матбуот   нашрларига обуна бўлиш мажбурий эмаслиги, яна кимдир кейинги пайтларда матбуот саҳифаларида танқидий мақолалар кам берилаётганлигига ишора қилишмоқда. Ўтган йиллар давомида, босма нашрлар даври ўтди, деган иддаолар ҳам жуда кўп бўлди. Ижтимоий тармоқларда, ҳар қандай ахборот тезкор тарзда интернет орқали етказиб берилаётган бугунги кунда матбуот керакми ёки керак эмасми, қабилидаги баҳс-мунозаралар қизигандан қизиди. Ҳозирги интернет асрида, агар 20 миллион телефон фойдаланувчиси бўлса, уларнинг ҳар бири блогер, уларнинг ҳар бири матбуот учун кўмакчи. Беркитиб юрадиган замонлар ўтди энди. Хоҳласак ҳам бундай бўлмайди. Энг чекка қишлоқдаги воқеалар ҳам тезда бутун оммага тарқалади.
Муаммоларга ўз вақтида ҳокимлар эътибор қаратмаса, масала дарҳол матбуотга чиқиб кетяпти. Энг ачинарлиси, одамларимиз хорижий матбуот  ёки ижтимоий тармоқлар орқали муаммони ҳал қилишга ўрганиб қолишмоқда. Бунинг сабаби нимада? Мурожаатларга ўз вақтида жавоб берилмаяптими ёки уларга нисбатан эътиборсизлик қилиняптими? Ахир, биз ўзимизнинг лоқайдлигимиз, мурожаатларга нисбатан бефарқлигимиз туфайли ўз муаммоларимизни дунё бўйлаб достон қилиб, ўзимизни обрўсизлантиришларига йўл қўйиб бераётганимизни тушунишимиз керак. Ўзимизда матбуот ривожланса, ўзимиз зудлик билан масалага жавоб берсак, чет эл оммавий ахборот воситасининг кераги ҳам бўлмайди. Шунингдек, бугунги кунда интернет нашрлари кўпайиб бораётган бўлсада, лекин ундаги маънавий озуқадан кўра инсонни руҳан ларзага солдирадиган хабарлар кўпроқ ёритилмоқда. Интернет нашрлари кўпаяверсин, аммо босма матбуотнинг ўрнини барибир тўлдира олмайди. 
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар бошланган бир пайтда матбуотнинг ўрни ҳар қачонгидан муҳимдир. Аслида халқимиз, ўсиб келаёган авлод мутолаага ташна, фақат шу ташналикни қондиришнинг самарали ва оқилона йўлларини излаб топиш керак. Айниқса, фарзандларимизни болалигидан матбуот билан ошно қилсак, китобхонликни ривожлантиришга мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз. Фақат бунинг учун газета-журналларга обунага ижобий кўз билан қарай олишимиз керак. Ахир, одамларни маърифатга даъват этишнинг ёмон томони йўқ-ку! 
Зеро, айни пайтда бутун дунёда энг долзарб бўлиб турган масала - маърифат масаласи. Маърифат - илм дегани, маърифат - маънавият дегани. Маърифат аввало китоблар, газета-журналлар мутолаасидан бошланади. 
 Гулсара ТИНИБЕКОВА,
          "Оқдарё овози" газетасининг маданият ва маърифат
 бўлими мудири.
Мавзуга оид: