ҒАНИМЛАР

ўтган сонда)
- Майли, сиз томонга ҳам борайлик. Шунча буғдойни қандай, қачон янчидингиз? Ертўладан оз эмас, икки ярим тонна буғдой чиқди. Сиз уни бир қоп, икки қоп, борингки, ўн қопини томорқадан олган бўлинг, лекин эллик қоп буғдойни саришта қилиш осон иш эмас.
- Буғдой бошоқ тердим.
- Қаердан?
- Буғдойзордан.
- Калаванинг учи топилгандай бўлди-ёв.
- Буғдойзор қаерга қарайди?
- Колхозга.
- Қандай қилиб йиғдингиз?
- Бошоқ териб.
- Қачон?
- Кечаси.
- Ким билан?
- Хотиним, бола-чақам билан.
- Бошоқ териб шунча буғдой йиғибсиз ҳам дейлик, бироқ комбайндан чиққан буғдой билан қўлда совурилган буғдойнинг фарқига борасизми?
Раимқул осонликча "жон бермасди".
- Мен сизга ҳозир икки хил буғдой келтираман, - дея терговчи бир икки ҳовуч буғдой келтирди. Уларнинг бири тоза, иккинчиси ифлос эди.
- Буғдойлар нега икки хил?
- Тозалашга улгурмадим.
- Ёлғон.
Терговчи яна ўша саволни берди.
- Шунча буғдойни қаердан ва қайси пулга олдингиз?
Шу пайт Раимқулнинг хаёлига "ўғирлаб олдим", деган гап келди ва дилидаги гапни тилига чиқарди.
- Ўғирлаб олдим, бўладими?
- Ёлғон! Сиз ўғирлаб олмагансиз, уйингизга кимдир қўйиб кетган.
Раимқулнинг юраги увишиб кетди.
"Тамом" деди ўз-ўзига. Терговчига унинг буғдойни ўғирлаб олмагани аниқ. Лекин ким келтирганлиги номаълум. Уларга етиб келган "маълумот"да ҳам кимлиги кўрсатилмаган. Фақат Раимқулнинг уйида буғдой борлиги кўрсатилган эди. Терговчи шунинг учун ҳам Раимқулни сўроққа тутаяпти. У эса тўтиқушдай бир гапни қайтаради.
Терговчи ҳукм чиқаришга шошилмади. У Раимқулдан бир нарса кутгани ҳам йўқ. Шошмаслигининг сабаби ҳам битта Раимқул инсофга келиб, ертўладаги буғдойнинг эгаси кимлигини айта қолса, иш осон кўчади. Сўроқнинг узоқ давом этишига шу нарса сабаб бўлиб турарди.
Қонун бўйича ҳар бир фуқаронинг "иши" икки ойдан ошмаслиги керак. Раимқулнинг "иши" эллик олти кун кўрилди. У ҳамон ўша "буғдой меники" деган гапида туриб олди. Охир-оқибатда иш проқуратурага оширилди. Ҳидоятнинг хаёли икки ойдан буён Раимқулда. Нима бўларкан, деган мудҳиш ўй унинг юрак-бағрини эзарди. "Қамалиб кетса нима бўлади? Жўжа бирдай жонмиз. Оз эмас саккиз жон. Шунча болаларнинг ҳоли нима кечади? Уларни бир бошим билан қандай боқаман? Менку сағирликда катта бўлдим, энди болаларим ҳам тирик етим бўладими? Фотиҳа бўлган қизимчи?!"
Ана шундай қайғули кунларнинг бирида Раимқулнинг такдири ҳал бўлди.
Суд мажлиси бўладиган хона кенг ва ёруғ. Аввал айбдорнинг кимлиги айтилди. Сўнгра унга қўйилган айбнома ўқилди. Кейин қисқа савол-жавоблар бўлиб ўтди.
- Айбингизга иқрормисиз?
- Ҳа...
- Ертўладаги буғдой қанча эди?
- Анча.
- Қаердан олдингиз?
- Ўғирлаб олдим.
- Қаердан?
- Буғдойзордан. Бошоқлиги бўйича узиб-узиб олавердим.
- Ким билан?
- Хотин, бола-чақам билан...
- Ёлғон! Бизни лақиллатолмайсиз!!!
- Мен, - деди Раимқул суд залида ўтирган хотинига қараб. - Буғдойни колхозга қарашли буғдойзордан ўғирладим. Унинг хотинига термулиб турган кўзларида "мени сотиб қўйма" деган маъно бор эди. Ҳидоят эса Раимқулнинг нима демоқчилигини аллақачон сезиб турарди.
Суд раиси Раимқулга икки сиқим буғдойни кўрсатиб деди: "Буғдойларни кўздан кечирганда, қоплардан икки хил буғдой чикди. Мана, бир қараб қўйсангиз!"
Раимқул буғдойларга қаради. Терговчи кўрсатган буғдойлар.
- Сиз буни қандай изоҳлайсиз?
Раимқул жавоб бермади, аслида хотини каби: "буниси ўзимизники" деса бўларди, аммо "ифлос буғдой сизники экан, тоза буғдой кимники?" - деган саволга нима деб жавоб қилишини ўйлади. Суд раиси эса Раимқулнинг кўнглидан нима кечаётганини сезарди. У нотоза буғдойни кўрсатиб: "Бу буғдой аниқ сизники, тозаси кимники?", деди.
- У ҳам меники, - деди Раимқул.
- Унда нега икки хил?
Раимқул миқ этмади.
- Ҳозир ҳамма қишлоқларда буғдой ўрилаётган давр. Биз буни инкор қилмаймиз. Одамларнинг кечалари ўғирлаб бошоқ ситиши ҳеч кимга сир эмас. Эҳтимол, сиз ҳам шундай қилгандирсиз? Бизни ажаблантирган нарса шуки, ертўладан чиққан буғдойнинг 90 фоизи комбайнда ўрилган буғдой. Буни сизга тергов давомида асослаб бердик. Шунинг учун айбингизни яширмай, тўғрисини айтсангиз, ишингиз енгил кечади. Йўқса...
Раимқул яна ўша гапни такрорлади:
- Буғдой меники!
- Демак, ертўладан чиққан 50 қоп буғ- дой сизники. Сиз уни колхозга қарашли буғдойзордан ўғирлаб олгансиз.
- Ҳа, ўша ердан ўғирлаб олдим.
- Айбингизга иқрормисиз?
- Иқрорман.
Суд раиси прокурорга қараб қўйди ва деди:
- Жавобгар шахс ўз айбига иқрор экан, мажлисни тугатишга тўғри келади. Биз ҳукм чиқаришга ичкарига кириб, келишиб олсак. Сиз нима дейсиз?
Прокурор ўрнидан турди. Мушт бўлиб тугилган қўли билан оғзини тўсиб йўталиб қўйди.
- Мен ҳам бу таклифга қўшиламан. Шу масала бўйича баъзи бир мулоҳазаларим бор. Ҳозир шу ҳакда гапирмоқчиман. Ҳаммамизга маълумки, ҳамма жойда пахта экиладиган майдонларга кеч кузда буғдой сепилмоқда. Бироқ, ҳозирги кунда давлатимиз мулкига кўз олайтирувчилар сони кундан кунга кўпайиб кетганки, лекин камайгани йўқ. Бугунги айбланувчининг айбига ўхшаш воқеалар жуда кўп. Улар суд олдида жавоб бермоқда. Бу соҳада Президентимизниннг чиқарган фармонлари ҳам бор.
Прокурор экинларни пайҳон қилиш ва дон маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳақидаги фармонни аниқ (ойи, куни ва йили) айтиб берди.
- Қиссадан ҳисса чиқариб айбланувчи шахс - Раимқул Ниёзов ертўласига икки ярим тонна буғдойни яшириб қўйган. Бу масаланинг биринчи томони, иккинчи томони шундаки, шунча буғдойни "ўзимники" деб у уйига буғдойни ким олиб қелганлигини яшириб, айбни ўз бўйнига олаяпти. Модомики шундай экан, мен ўз фикримни суд ҳайъатига арз қилиб, ҳа-ҳа, арз қилиб, масаланинг бу томонига ҳам диққат қилишини сўрайман.
Суд ҳайъати ўрнидан туриб ичкарига кирганда, Раимқул кўзлари жавдираб турган хотинига термулиб турарди.
Ярим соатдан кейин ҳукмнома ҳал бўлди. Унда ишнинг биринчи томони айбдорнинг ўзи томонидан бир неча марта иқрор бўлганлиги, иккинчи жиҳати эса алоҳида текширилиб, лозим кўрилган тақдирда қайтадан иш бошламоқ тегишли маҳкамаларнинг вазифаси эканлиги айтилиши керак.
Ҳукм эшиттирилди. Бошида унинг сўзларига Ҳидоят тушунмади. Суд раисининг овози равон ва йўғон, бир маромда чиқмас, дам секинлар, дам тезлашарди.
Ҳукмни эшитар экан, Ҳидоятнинг бошига қайноқ сув қўйиб юборгандай бўлди. Ранги оқариб, аъзойи бадани дир-дир қалтирар, кўзларидан оқаётган ёш юзларини юварди. Суд ҳайъатининг: "Судланувчи Раимқул Ниёзов… жиноятни содир этганлиги учун 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум этилсин. Ҳукм устидан тегишли жойларга шикоят қилиш мумкин", деган сўнгги сўзлари Ҳидоятнинг қалбини ларзага келтирди.
(Давоми бор)
Донохол АСРОРОВА.
Мавзуга оид:

ҒАНИМЛАР
- 09 сен, 14:40

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00