ИСМИНГИЗНИНГ МАЪНОСИНИ БИЛАСИЗМИ?

Мирза - форсча; котиб; илмли маъносини беради. Ўтмишдаги ҳукмдорлар саройида мирзалик энг катта мансаб ҳисобланган.
Мубашшир - арабча; башорат қилувчи дегани.
Музаффар - арабча; ғолиб маъносида келади.
Музроб - форсча; Мизроб исмининг ўзгаргани.
Мунзир - арабча; бу ном Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан бири бўлиб, маъноси огоҳлантирувчи демакдир.
Мурод - арабча; мақсад, талаб маъноларига эга.
Муртазо - арабча; танланган, сайланган, суюкли, қадрли деган маъноларни англатади. Бу ном ҳазрат Алининг сифатларидан бири бўлган.
Муслим - арабча; Ислом динига бўйсунган, мусулмон, тақводор маъноларини билдиради.
Мусо - қадимий яҳудийча; яҳудийлар пайғамбари Моше номининг араб тилидаги талаффузи шундай. Маъноси турлича: қадимий миср тилида бола, чақалоқ, яҳудий тилида сувдан топилган ёки тортиб олинган, араб тилида устара, поки дегани.
Мустафо - арабча; танланган, саралаб олинган деган маънода қўлланилади. Бу ном Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан бири.
Мусулмон - арабча; Ислом динига бўйсунган, эътиқод қилган, художўй демакдир.
Мутал - арабча; Муталлиб исмининг қисқартирилгани; изловчи, ахтарувчи ёки талаб этилган маъноларида келади. Исмнинг Муталлим деган шакли ҳам бор.
Мухлисиддин - арабча; диннинг ихлосманди, динга содиқ; тақводор, художўй маъноларига эга. 
Мухтор - арабча; мустақил, эркин дегани.
Муқанна - арабча: ниқобдор маъносини беради. Маълум белги ёки парда билан туғилган болага шундай исм қўйиш одат бўлган.
Муҳиддин - арабча; динни қўлловчи, жонлантирувчи, динга гўзаллик, нафосат бахш этувчи маъносида келади. Исмнинг Муҳиддинқори, Шомуҳиддин, Мирмуҳиддин сингари шакллари ҳам бор.
Муҳсин - арабча: карамли, марҳаматли, меҳрибон деган маъноларни билдиради.
Мўмин - арабча; динни тил ва дил билан иқрор қилувчи дегани. Мўмин Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан бири.
Мавжуда - арабча; агар гўдак нозикроқ туғилган бўлса, яшаб кетсин, деган маънода шундай исм берилади.
Мавлуда - арабча; Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойининг душанба кунида туғилганлар. Агар чақалоқ шу ойда туғилган бўлса, Мавлуда исми қўйилган.
Макнуна - арабча; яширин, беркинган маъноларига эга. Исмнинг истилоҳий маъносини ҳаёли, андишали, камтар деб изоҳлаш мумкин. Макнуна Қўқон хонлиги саро-йида яшаб, ижод қилган Нодирабегимнинг тахаллуси ҳам бўлган.
Мактуба - арабча; баъзи оилаларда шундай исм берилади, аммо исмнинг маъноси тушунарсиз. Бинобарин, хат маъноси билан исм қўйиш ғалати.
Малика - арабча; қиролича демакдир.
Мамлакат - арабча; диёр, ватан, мулк маъноларини англатади. Эҳтимол, бойвучча қиз бўлсин, деган ниятда берилган исмдир.
Манзура -арабча; ҳусни ахлоқи билан элга манзур бўлсин, деган ниятда берилган исм.
Маржон - форсча; марварид тизимини англатади. Исмнинг қуйидаги шакллари бор: Маржона, Маржонбека, Маржонбиби, Маржонгул, Маржонқиз.
Марзия - арабча; мақбул, эътиборга лойиқ демакдир. Исмнинг Марзи деган шакли ҳам бор.
Марғуба - арабча; қўмсалган, исталган, суюкли, қадрли деган маъноларни англатади.
Марҳабо - арабча; оилада узоқ кутилган қизга шундай исм қўйилади.
Марҳамат - арабча; Аллоҳнинг лутфу илтифоти маъносида берилган исм.
Масрура - арабча; қувноқ, шодон, бахтиёр деган маъноларга эга.
Мастон - арабча; жозибали, мафтункор, дилкаш демакдир. Исмнинг Мастона, Мастонбиби, Мастонча шакллари ҳам бор.
Мастура - арабча; айнан беркитилган, яширинган, пардали, деган маъноларни беради. Исмни истилоҳий маънода иффатли деб изоҳлаш мумкин.
Масъуда - арабча; бахтли, саодатманд дегани. Исмнинг масъудбахт деган шакли ҳам бор. Бу исмни ёзишда кўпинча хатоликка йўл қўйиб, Маъсуда деб ёзадиларки, бундай ёзилганда маъно чиқмайди.
Матлуба - арабча; илтижо билан эришилган, орзу қилинган маънолари тушунилади.
Матонат - арабча; Ирода исмининг башқача шакли.
Мафтуна - арабча; мафтун этувчи, завқлантирувчи чирой маъноларига эга.
Махсума - арабча; соф, покиза, гуноҳсиз демакдир.
Маъмура - арабча; маъмурлик сўзидан олинган, фаровонлик деб изоҳлаш мумкин.
Маъсума - арабча; покиза, гуноҳсиз, бокира маъноларини беради.
Машкура - арабча; шукр сўзидан олинган. Шукр қилувчи, шукрона айтувчи деган маъноларни англатади.
Машҳура - арабча; таниқли, обрў-эътиборли бўлсин деган ниятда бериладиган исм.
Давоми бор.
"Исмлар маъноси" китобидан
 олинди.