ИСМИНГИЗНИНГ МАЪНОСИНИ БИЛАСИЗМИ?

(Давоми. Бошланиши
 ўтган сонларда)
Лазиз - арабча; ёқимтой, ширин бола демакдир.
Латиф - арабча; пок, покиза, мулойим, меҳрибон деган маъноларда келади. Латиф Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан биридир.
Лутфиддин - арабча; диннинг илтифоти, марҳамати маъноларини беради. Исмнинг қуйидаги шакллари бор: Лутфиали, Лутфиёр, Лутфий (зиёли оилаларда шоир Лутфийга таассубан қўйилган исм), Лутфираҳмон, Лутфираҳим, Лутфиҳақ, Лутфулло.
Лаззат - арабча; келажакда ҳаёти ҳузур-ҳаловатли бўлсин, деган ниятда берилган исм. Лазиза исми ҳам шу исмнинг шаклларидан бири.
Лазокат - арабча; Назокат исми ўзбек тилида кўпинча шундай талаффуз ҳам этилади.
Лайли - арабча: тун орасида туғилган чақалоққа шундай исм берилган. Ёки исм қадимий яҳудий тилидаги лилия (сафсангул)дан олинган бўлиши мумкин.
Латифа - арабча; бу исмнинг адабиётдаги латифа (анекдот) жанрига алоқаси йўқ, "латиф" сўзидан олинган бўлиб, нафис, покиза, мулойим деганидир. Латофат исми ҳам шу исмнинг шаклларидан бири.
Лаъли - арабча; энг қимматбаҳо маъдан тош. Демак, лаълидек қадрли бўлсин, деган ниятда берилган исм.
Лобар - арабча; гўзал, келишган, ёқимтой, кўркам деган маъноларга эга. Исмнинг қуйидаги шакллари бор: Лобаржон, Лобарой, Лобархон.
Лола - форсча; гулнинг номи. Бу исм ўзбек ва тожик оилаларида кенг тарқалган.
Лутфи - арабча; илтифот, назокат, нафосат маъноларида келади. Исмнинг Лутфинисо, Лутфия шакллари бор.
Мавлон - арабча; устоз, валинеъмат деган маъноларни билдиради. Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан бири саналади.
Мажид - арабча; атоқли, шуҳратли, донг-дор демакдир. Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан бири.
Малик - арабча; подшоҳ, ҳоким, қирол маъноларини беради. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан бири ҳисобланади.
Мангуберди - ўзбекча; мангуликка, боқийликка дахлдор маъноларида келади. Машҳур саркарда Жалолиддин Мангубердига нисбат берилган бўлиши мумкин.
Мансур - арабча; устун турувчи, ғолиб, музаффар деган маъноларни англатади. Бу исмнинг Абдулмансур деган шакли ҳам бор. Абдулмансур Амир Темурнинг лақаби бўлган.
Махтум - арабча; муҳрланган, мустаҳкамланган демакдир. Исмнинг Махтумқули (машҳур туркман шоирига нисбат берилган бўлиши мумкин), Махтумберди, Махтумқилич, Махтумкелди шакллари ҳам учрайди.
Маъмун - арабча; омонда, ҳимоя остидаги, ҳимояга олинган маъноларини англатади. ўазнавийлар сулоласининг ҳукмдорларидан бири, Беруний замонида фаолият олиб борган маърифатпарвар подшоҳ Маъмуннинг исми ҳам шундай бўлган.
Маъмур - арабча; бу исмнинг қуйидаги маънолари бор:
1)  Бирон ишга буюрилган киши;
2)  Обод.
Исмни қайси маънода қўллашса ҳам, яхшилик нияти англашилади.
Маъруф - арабча; қуйидаги маънолар англашилади:
1)  таниқли, машҳур;
2)  ақлга мувофиқ, шароитига мос ва мақбул ҳисобланган феъл-ҳаракат.
Кунботар пайтида туғилган болага ҳам шундай исм қўйилган.
Машраб - арабча; хосият, табиат, хулқ, одат, хислат, майл, равиш, маъноларида келади. Машҳур тасаввуф шоири Бобораҳим Машрабнинг номи билан ҳам боғлиқ.
Мақсад - арабча; исталган, орзу қилинган демакдир.
Маҳдум - арабча; жаноб, хўжа, аслзода, дин илмининг билимдони, диний пешво маъноларини билдиради.
Маҳкам - арабча; мустаҳкам, қаттиқ демакдир. Жони қаттиқ маъносида қўлланилади.
Маҳмуд - арабча; мақталган, мақтовга сазовор деган маъноларни англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан бири.
Меҳмон - форсча; янги меҳмон (фарзанд) маъносида бўлса керак. Меҳмонга борганда туғилган болаларга ҳам шундай исм берилган.
Меҳриддин - арабча; дин шарофати билан эришилган бола деб изоҳлаш мумкин.
Мизроб - форсча; нохун демакдир. Исмнинг Музробиддин деган шакли ҳам бор, буни дин нохуни, яъни динни шарҳловчи деб изоҳлаш мумкин.
Минҳожиддин - арабча; диннинг равшан, ёруғ йўли.
Миразиз - арабча; иззатли мансабдор, амир демакдир.
Давоми бор.
"Исмлар маъноси" китобидан олинди.
Мавзуга оид: