Кўнгил дафтаридан

Г У Л
Кўпдан буён қўшни кабинет деразасининг бир четида сувсизликдан қақраб,
нимжон бўлиб ўсган тувакдаги гулни бугун касбдошимнинг столи устида кўриб
қолдим. Унинг чанг босган япроқлари ювилиб, гултувак тагига тоза тарелка қўйилибди.
Шу пайтгача ҳеч ким эътибор бермай, бир четида турган гулнинг бугун шунчалик
эъзоз топганига ҳайратланиб тикилиб қолдим. Шунда кўзим
қип-қизил бўлиб очила бошлаган ғунчага тушди. Энди менга ҳаммаси аён эди.
Ҳа, биз кўпинча гуллар очилгандагина унга эътибор бериб қоламиз.
ДУНЁ АБАДИЙ
Дунёда абадий нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарса нисбий. Аммо дунёга сенинг
келиб-кетишинг барча нисбийлардан ҳам нисбийроқ бўлади. Ҳар
куни зим-зиё тун қаърига қараб сени чақираман.
Хаёлимда ҳар куни деразамдан қараб тургандайсан. Хаёлимнинг деразасидан...
- Кел! Ёнимга келгин, синглим, болалигимиздагидек бирга қўғирчоқ ўйнаймиз,-
дейман.
- Йўқ, ишим кўп,- дейсан.
- Бу дунёда ҳам ишларинг кўп эди, у дунё-даям бекор ўтирмас экансан-да.
- Нима қилай, одатим шунақа,- дейсан-да, кўз
олдимда қип-қизил гулга айланасан. Дераза яшнаб, чўғга
айланади, бориб-бориб хаёлимнинг уйига ўт кетади. Сўнгра бу ўт юрагимни ёқади.
Уч фарзандингни етим қилиб, онамни тирик мурдага айлантириб, жигарларимизни
пора-пора айлаган ҳижрон, жудолик алангаси бутун вужудимни ўртайди.
Тонгга яқин танам чала ёнган ўтинга ўхшаб тутаётгандек туюлади...
Ўша аччиқ тутун аралаш уйқу кўзларимни очирмай - сенинг руҳингни
хаёлимнинг деразасидан қувиб юборади. Ахир болаларни ўйлашим,
Умид ва Ишонч ила Олға қадам босишим лозим.
М Е Ҳ Р
Боболаримиз пальтосиз соғлом бўлишган. Бизлар пальто кийиб совқотамиз.
Уларнинг юрагида ўти бўлган, бизнинг уйимизда ўт бор. Боболаримизнинг меҳри
улкан, қаҳри қаттиқ бўлган. Бизнинг қаҳримиз замонлар ўтиши
билан юмшаб-юмшаб эриб, охири лойқа сувга, меҳримиз эса тошга айланиб
кетгандай гўё.
Бизлар гўй барча одамларга меҳрибонга ўхшаймизу, аслида ёнимиздаги
қўшнимизнинг ҳолидан бехабармиз. Меҳримизнинг бепоёнлиги қоғозларнинг
жонсиз кўксига битилгандай. Ҳар бир қоғоз бугунги меҳримизнинг ёниб
битган бир чимдим кули холос.
Бизда, яъни - ХХI аср одамларида меҳр-муҳаббат
тўлиб-тошиб ётибди. Фақат бу меҳрни ёлғончиликдан, лоқайдликдан, бағритошликдан,
кўзбўямачиликдан, нодонликлар ичидан элаб, тозалаб ажратиб олиш керак бўлади.
Осмонимиз мусаффо, сувларимиз тоза, заминимиз унумдор бўлиши, фарзандларимиз
соғлом туғилиши учун ҳалол меҳнат қилиб курашайлик. Қадримизни йўқотмайлик.
Вақт борида аслимизга, ўзлигимизга, ўзбеклигимизга қайтайлик. Меҳрингизни
бир-бирингиздан дариғ тутманг, эй одамлар...
Дилшода САИДОЛИМОВА.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00