КУЗ МАНЗАРАСИ

Эссе

Эрта тонг. Деразани очаман. Ажиб бир ҳаво қалбимга кириб келади. Хаста кўнгил бироз енгиллашгандек бўлади. Токнинг тагига экилган мушкуанбарнинг ҳиди димоғимга урилади. Гулнинг ёқимли, ҳаётбахш ифори бир зумда дилдаги ғуборларни, танамдаги дардларни аритгандек бўлади. Ўзимни жуда енгил ва бахтиёр ҳис қиламан. Узум танасига чирмашиб чиққан мушкуанбарнинг тўрт фаслда ҳам ям-яшил турадиган япроқларига, нимсариқ ва оппоқ гулларига қараб бу гулнинг нақадар нафис ва ҳаётбахш эканлигига яна бир бор иқрор бўламан. Тўйиб-тўйиб нафас оламан. Қалбим тонг каби ёришгандай бўлади.

Ҳа, бу мен севган куз фасли. Ўзининг сокинлиги, сахийлиги, ранг-баранг табиати билан бошқа фасллардан фарқ қилади. Дарахтлардаги заррин япроқлар гўё олтиндек товланади. Бир асрлик ёшни қарши олаётган чинор дарахтлари эса авлодларга аждодларимиз тарихидан, миллий анъана ва урф ва одатларимиздан суйлаб бераётган донишманд боболаримизни эслатади. Зеро, ўтмишга, тарихга назар ташламоқ, ота-боболаримизнинг бизга қолдирган бой маънавий меросини кўз қорачиғимиздек сақламоқ бизнинг бурчимиздир.

Раҳматли отам устачилик билан шуғулланар эди. Устачилик қилиб, бир ўзининг топган маоши билан онам икковлари ўн бир нафар фарзандни боқиб, вояга етказишди. Минг шукурки, бировдан кам қилишмади. Аҳил оиламиз бир дастурхон атрофида ўтирганимизда худди байрамдек бўлиб кетар эди. Онам пиширган тандир-тандир нонларнинг ажиб иси ва мазаси болалик хотираларимда муҳрланиб қолган. Айниқса, иссиқ нонни майдалаб тўғраб, сариёғга аралаштириб, қўл билан янчиб еганимиз, катта қозонларда пиширилган палов, ғилминди, кулчатой сингари таомларнинг таъмини асло ёддан чиқариб бўлмайди.

Оиламиз катта бўлса-да 3 хонали уйда яшар эдик. Ҳозиргидек, ҳар бир бола учун алоҳида хоналар қаерда дейсиз? Шундай бўлса-да, оилада тартиб-интизом, тозалик-озодалик, ўзаро ҳурмат-иззат қоидаларига барча риоя қилар эди. Ойнаи жаҳонни оила даврасида ўтириб кўрардик. Мактабда ҳам барчамиз яхши ўқидик, турли ўқув юртларида таҳсил олдик. Қизиғи шундаки, ўша пайтлари ҳеч ким репетиторга ҳам қатнамасди. Лекин, болаларнинг мактабда олган таълим-тарбиясидан ўқитувчи ҳам, ота-она ҳам мамнун эди.

Ҳозир-чи, кимнинг пули кўпайса, қўша-қўша уйлар қуришмоқда. Лекин данғиллама уйлар бўм-бўш, оила аъзоларининг ҳар бири алоҳида шаҳарларда яшашади. Кўчаларга машиналар сиғмай кетган, шундай бўлсада, оила аъзоларининг ҳар бири учун алоҳида улов олишмаса, кўнгил тинчимайди. Туғилган кунларда бир даста гул ёки хушбўй атир билан кўнгиллар чоғ эди. Айни пайтда совға учун машиналар, чет элга авиачипталар, ҳеч бўлмаганда, тилло тақинчоқлар совға қилишади. Оилавий тўй-томоша ва тадбирларнинг барчаси ресторанларда ўтмоқда. Ҳовлиларда ўтказилган тўйларда барча қавми-қариндошлар, ҳаттоки, қўни-қўшнилар ҳам бир-бирининг дийдорига тўйишиб, дилдан суҳбат қуришарди, дардлашарди. Ресторанларда бўлиб ўтаётган тўю базмларда эса баланд мусиқа садолари остида ҳамма бир-бирининг кийган либосини ва ўйнаган ўйинини томоша қилиб қайтишади холос.

Албатта, хонадонларда ҳам оилавий тадбирлар бўлиб турибди. Лекин, кўргани келган бемор отаси, меҳрга интиқ онаси билан дилдан суҳбатлашиш ўрнига, фарзандлар дастурхон атрофида ўтирган заҳоти кимдир телефонда гаплашади, кимдир телеграмда ёзишади, кимдир эса видеога олади. Ҳамманинг хаёли, фикри-зикри ўша матоҳда - телефонда. Ушбу давралардаги суҳбат мавзуси доимо телесериаллар, ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлар билан давом этади.  Биз нега бунчалик тез ўзгариб кетдик? Ортиқча ҳою ҳаваслар, дабдабали тўю томошаларнинг чек-чегараси борми? Нега одамлар орасидаги меҳр-оқибат йўқолиб бормоқда...

Кўклам чоғи кўзларни яшнатиб ям-яшил либос кийган она табиат бугун гўёки улуғворлик касб этгандек, вазмин ва ўйчан кўринади назаримда. Кузнинг заррин япроқлари олтиндек товланади. Дарахт шохларидан бирма-бир узилиб тушаётган барг-лар эса худди инсон умрига ўхшайди. Жонсарак япроқлар елдек учиб йўлакларга тушади ва одамлар оёғи остида тупроқларга қоришиб кетади... 

Гулсара ТИНИБЕКОВА.

Мавзуга оид: