И Ч К У Ё В Ҳ и к о я

Йигит ўйлаган сари ўйининг охирига ета олмасди. Кеча Дилдорага совчилар ҳақида оғиз очганида, ота-онаси шаҳарда қолса майли, рози бўламиз, агар қишлоққа олиб кетаман деса рози эмасмиз, дейишганлигини яна бир бор эслади. Шу сабаб унинг кечадан буён уйқусида ҳам ороми йўқ эди. Уйидагиларга қандай айта олади бу гапни. Айниқса, бу гапни эшитиб онаси ҳушидан кетса керак. Искандарни уйлантираман деб уйларни безатиб қўйибди. Ўқишни ҳам битирдирнг, энди тезда уйлан, деб қистагани-қистаган. Барибир айтиши керак-ку, бу гапни. Одатдагидек кечқурун дастурхон тепасида ҳам шу гап бўлди.

- Ўғлим, мана ўқишни ҳам битираяпсан, - деди отаси оҳиста мулойимлик билан. Уйланишни тезлатишинг керак. Ўзингга маълум, кейинги кунларда энангнинг ҳам тез-тез тоби қочиб қолаяпти. Айт, яширма, ўзинг топганинг борми ёки ўзимиз топайликми?

- Ҳа, шуни айт болам, - онаси гапга қўшилди. - Келинимга олиб қўйган сепимдаги кўйлаклар модадан қолаяпти. Кимни десанг олиб берамиз ўғлим. Тортинма, айтавер...

Искандар жим эди. Қандай гап бошлашни билмас, айтган тақдирда ҳам кескин қаршиликка дуч келишини кўнгли сезарди. Аммо ўзида журъат топиб айтишга қарор қилди.

- Мени севганим борку-я, аммо...

- Нега аммо дейсан, чайналмай гапирсанг-чи, нима ота-онаси кўнмайди деб қўрқаяпсанми, буёғини бизга қўйиб бер ўғлим, - деди ота кўкрагига уриб.

- Нима десам экан, шу десангиз қиз жуда ақлли, эсли-ҳушли...

- Нега бунча чўздинг бир гапни, - онаси ўзини тутолмай деди. - Нега ота-онаси рози бўлмайди деб ўйлаяпсан.

- Уларнинг талаби шуки, мен у қизга уйлансам, шаҳарга уларнинг уйига кўчиб боришим керак экан. Бор гап шу.

- Нима? - Ота-онаси бирданига ҳанг-манг бўлиб унга қарашди.

- Э, бу нимаси. Ўғлимни шунча йил ўқитиб, улғайтириб ичкуёвликка бераманми? Йўқ, бўлмайди, асло мен рози эмасман.

- Ўғлим, рост гапираяпсанми, ахир бизнинг ҳам орзу-ҳавасларимиз бор. Буни ҳам ҳисобга олишинг керак, - деди отаси босиқлик билан. Ота шу топда хаёлга кўмилиб, ўғлини хафа қилмоқчи эмас эди. Чунки ўзи ҳам хотини билан бир институтда ўқиб, кейин турмуш қуришганди. Аммо хотини минг қилса ҳам оналигига борадида.

- Сизга рост айтаяпман, - деди ўғли энди ўзини анча тутиб олиб. Дилдора ёлғиз қиз. Ота-онаси уни ер-у кўкка ишонишмайди. У меҳнатдан қочмайди, лекин мени деб ота-онасидан воз кеча олмайди-ку ахир.

- Ундай бўлса, бошқага уйланасан. Рисолат холанинг қизи бўй етиб қолди. Шунга уйланасан, вассалом, - деди онаси тўнини тескари кийиб.

- Эна, мен Дилдорадан бошқага уйланолмайман, буни эсингиздан чиқарманг.

- Уйланасан, аммо мен сен айтганни олиб бермайман дедимми, гапим шу.

- Ундай бўлса, мен кетдим, - Искандар шундай дедию, ўрнидан туриб хонасига ўтиб кийимларини йиғиштиришга тушди. Кечки автобус билан шаҳарга жўнади. Уйдагилари билан хайрлашишни ўзига эп кўрмади. Унинг шу топда кўзига Дилдорадан бошқа ҳеч ким кўринмас, бу қизсиз яшашни кўз олдига келтира олмасди. Қизнинг васлига етиш учун бир умр кутишга ҳам рози эди. Йигит қандай бўлмасин, уйидагиларни кўндириш йўлини ахтарарди. Отасинику-я, бир амаллаб кўндирса бўлади. Лекин энасини кўндириш мушкул. Нима бўлганда ҳам бир йўлини топиши керак.

У ҳар шанба кунлари уйига борарди. Аммо икки ҳафта ўтса-да уйига бормас, ўзини аразлаган қилиб кўрсатарди. У билардики, шундай йўл тутса, энаси ён бериши мумкин. Чунки Искандарга ўрганиб қолган, уни кўрмасдан тура олмайди. Шу сабаб у уйидан бўлаётган телефонларга ҳам жавоб бермас, ўчириб қўярди.

Учинчи ҳафтаси қишлоқдан отаси келди.

- Ҳа, намунача йўқ бўлиб кетдинг, мени кўргинг келмаса ҳам энангни кўришга боргин. У ҳам сенинг бахтингни ўйлайди, шуни биласанми?, - деди ўпкалаб.

- Биламан, отажон. Аммо нима қилай, Дилдорасиз яшай олмасам. Шуни энамга тушунтирсангиз...

- Сен айтмасанг ҳам мен унга тушунтираяпман. У билан бирга ўқиб, унга уйланган пайтларимизни эслатдим.

- Хўш, натижа қандай бўлди?, - деди ўғли сабрсизлик билан.

- Бироз раъй қилди, шекилли.

- Ростданми, наҳотки...

- Энанг ўзи шундай бўлгани билан кўп кўнгилчан аёл. Сенсиз туролмайди. Уйга бормаганингдан буён ўзини қўярга жой тополмай юрибди. Бундай юрмасдан, шанба куни қишлоққа бор. Қолган гапларни уйда гаплашамиз.

Отаси кетгач, елкасида ботиб ётган тош ағдарилгандай бўлди. Кайфияти кўтарилди. Икки ҳафтадан буён уйига бормаганлиги учун ўзини ҳам кўнгли хуфтон эди. Шанба кунини    сабрсизлик билан кута бошлади.

Шанба куни охирги пара дарсни ўтиб, Дилдора билан хайр-лашиб, йўлга тушди. Эшикдан кириши билан уни кўзлари тўрт бўлиб кутаётган энасининг бағрига ўзини отди.

- Энажон...

Энасининг ҳам кўнгли бузилиб, Искандарни бағрига босиб деди:

- Мен розиман, ўғлим. Фақат бирор ҳафта шу уйда яшаб кетинглар. Илойим, бахтли бўлинглар.

- Майли энажон, майли, - деди-ю, Искандарнинг кўзларига ёш келди.

Йўлчи Муҳаммадиев.

Мавзуга оид: