Турмуш чорраҳаларида АЁЛИНГИЗНИ АВАЙЛАНГ, ЭРКАКЛАР!

Яқинда бир дўстимни йўклаб унинг хонадонига бордим. Қишлоқлардаги аксарият уйларнинг дарвозаси бўлмаганлиги боис тўғри кириб боравердим. Катта ҳовлининг четида йигирма беш ёшлардаги жувон гилос қайнатиб, компот қилиш билан овора. Нарироқдаги узум остидаги бешикда чақалоқ йиғлаб ётибди.
- Болангга қарасанг бўлмайдими, ке-йин қиларсан ўша компотингни, - ёнбошлаб олиб овқат еяётган эрининг зардали овози эшитилди.
- Илтимос, ўғлингизга озроқ қараб туринг, йигирма минутларда бўламан, - деди аёл ялинган оҳангда.
- Шу ишингни боланг ухлагандан ке-йин ҳам қилсанг бўлади-ку, - деди эр хотинининг овозидан сал кўнгли юмшади шекилли, ноилож ўрнидан турди-да, бешикдаги болани олди.
Очиғи, биз ҳаммамиз бундай манзараларни кўравериб, кўзимиз пишиб кетган. Худди бола аёлга тегишли бўлгандай, болангга қара, деб ўзимиз бемалол телевизор кўрамиз, карта ўйнаймиз ва ҳоказо. Бечора аёл бўлса ҳам боласига қараши керак, ҳам рўзғордаги нон ёпиш, компот қилиш, овқат тайёрлаш сингари ишларни бажаришга мажбур.
Яқинда бир қизиқ ҳолатнинг устидан чиқдим. Бир аёл қўлида боласи билан кўчада ўтин тергилаб юрибди. Кийим боши ҳам юпун ҳолатда.
- Синглим, турмуш ўртоғингиз борми? – деб сўрадим.
- Бор, - бошини қуйи солиб жавоб берди у.
- Бор бўлса нега ёш болангизни иссиқда кўтариб ўтин териб юрибсиз?
- Хўжайинимнинг рўзғор билан иши йўқ. Одамларнинг уйида мардикорлик қилади. Топган пулининг ярмини ичади. Ўтин топиб келинг десам, бу сенинг вазифанг деб дўқ уради. Нима қилай, уч боламни оч қолдирмай деб ўтин йиғишга мажбурман, - деди аёл нари кета туриб.
Яна бир ҳолат. Қишлоққа борганимда кечаси нон ёпаётган аёлни кўрдим. Сабабини сўрасам кун бўйи далада ишлайман, вақт бўлмайди. Шунинг учун кечаси нон қилиб ёпиб оламиз, - дейди аёл. Очиғи, қишлоқ аёлига бугунги кунда осон тутиб бўлмайди. Айниқса газ бўлмаган қишлоқларда аёлларимиз ўтин ёқиб чой қайнатишади, овқат пиширади. Ахир аёллар ҳам инсон-ку. Уларга етарли шароитни яратиб бериш лозим, деган эркаклар ҳам йўқ эмас орамизда. Аммо: «Унинг тириклигида қадрига етмай кўп азоб берган эканман, - дейди ёши олтмишлардан ошган бир тумандошимиз. – Фақат ўзимнинг ҳузур-ҳаловатимни ўйлаб, ароқ ичиб юраверган эканман. Бечора хотиним уйим-жойим, бола-чақам деб касалликни ўтказиб юбориб бевақт оламдан кўз юмди. Болаларим ҳам мендан норози. Қайта рўзғор қилишга улар йўл қўйишмайди. Онамизни касал бўлиб ўлишига сиз сабабчисиз, дейишяпти. Улар ҳақ бўлишсада, аммо энди кеч. Сўнгги пушаймондан фойда йўқ. Шунинг учун ҳар бир эркак хотинининг соғлиги учун астойдил қайғуриши керак».
Дарҳақиқат, биз ўзимиз ҳам эркак бўлиб турмуш ўртоғимизга етарли шароит яратиб берганмизми? Унинг доимо тетик, соғ-лом бўлиши учун қайғура оламизми? Кўча-куйда, бозор кунлари оғир юк кўтариб бозорлик қилиб келаётган аёлларга кўзимиз тушади. Рўзғорнинг барча юки худди шу аёллар зиммасидагидек гўё. Бу пайтда эса эркакларимиз ўз уйларида соя-салқинда кўк чойни ичиб дам олишаётган бўлади.
Айрим эркакларимизнинг эса хотинига нима бўлса ҳам пул топиб кел, дейишларига нима дейсиз? Ўзи соғ бўла туриб хотинларини ҳали хорижга, ҳал у ёққа, ҳали бу ёққа, ҳали бизнес қилиш учун ҳар ёққа жўнатаётган эркакларни нима деб аташ керак? Қани бу ерда ор-номус, эркаклик ғурури? Бу билан биз аёллар савдо ишлари билан мутлақо шуғулланмасин деган фикрдан йироқмиз. Демоқчи бўлганимиз, бу ишларни эркаклар бемалол бажаришлари мумкин-ку. Хорижга бориб мол олиб келгунча аёлларимиз бола тарбияси билан шуғулланишса мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Ахир ўтмишда ҳам савдо-сотиқ ишлари билан фақат эркаклар шуғулланганликларини ҳаммамиз яхши биламиз. (Бу ерда гап хорижга бориб мол олиб келиш ҳақида бораяпти). Айрим тоғни урса талқон қиладиган эркакларимизнинг фақат хотинларининг маошларига ёки болаларининг нафақаларига кўз тикиб бекор юришлари ғоят ачинарли ҳолдир. Ахир рўзғор юкини эркак аввало ўзи тортиши лозим-ку. Ҳеч бўлмаганда эру-хотин қўш ҳўкиз деганларидек, рўзғор аравасини иккаласи биргалашиб тортиши зарур. Аммо минг афсуслар бўлсинки, топганини фақат ичадиган, уйида хотини ва болалари отам ишлаб келиб рўзғор учун зарур маҳсулотлар – ёғ, гўшт олиб келади, деб кўз тикиб ўтиришларини билсаларда, аммо фақат ўзининг тинчини, ҳузурини, маишатини ўйлайдиган эркаклар ҳам бор. Рўзғорнинг бор юкини аёли зиммасига, бўйнига ташлаб қўйган эркакларни нима деб аташ керак?
Яқинда ўрта ёшлардаги бир жувон билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, эри билан севишиб турмуш қуришган экан. Икки нафар фарзандимиз бор, деди у. Эрим ҳам нуфузли бир ташкилотда ишларди. Қандайдир бир хато иш қилиб қўйиб ишдан айрилди. Қўлида ҳунари ҳам бор. Аммо оддий иш қилишга бўйни ёр бермайди. Бир йилдан бери ишсиз. Мен ўзим мактабда ишлайман. Дарсим кўплигидан дам олишга сира вақтим бўлмайди. Болаларим боғчага боришади. Боғчага ҳам пул тўлашим керак. Еб-ичиш, кийиниш, тўй-маърака дегандай, ташвиш кўп. Очиғи, қийналиб кетдим. Ажралай десам, ўртада икки болам бор. Уларни тирик етим қилишга кўзим қиймайди.
Очиғи бундай гапларни кейинги пайт-ларда тез-тез эшитишга тўғри келяпти. Эркакларимиз нега борган сари дангаса, ғурурсиз бўлиб боряпти? Хотинига бор, пул ишлаб кел, дегандан кўра, қўпол бўлса ҳам кўчада гадойлик қилиб пул топиб рўзғор боқса бўлмайдими, бундай эркаклар? Айрим ҳолларда тўйхоналардан эрини қўлтиғидан олиб маст ҳолда етаклаб чиқаётган аёлларни кўрганимизда беихтиёр уларга раҳмимиз келади. Уларга эри билан ўтказаётган, бечора аёлларнинг фаросатига, сабр-матонатига қанча тасан-нолар айтса арзийди. Бу билан биз ҳамма аёл фаришта-ю, эркаклар ёмон демоқчи эмасмиз. Аёллар ичида ҳам рўзғорни мен эплаяпман, мен пул топаяпман деб ўзини осмонда ҳис қиладиганлари ҳам бор. Бундан ҳеч ким кўз юма олмайди. Аммо нима бўлганда ҳам эркак – бу рўзғорнинг устуни, аёлларнинг таянчи эканлигини асло унутмаслик керак.
Оилада нима муҳим. Албатта эр-хотиннинг бир-бирига бўлган муҳаббати. Муҳаббат бор жойда оила мустаҳкам, аҳил бўлишини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Айрим онахону-отахонлардан аҳилликнинг сирини сўранг, улар ҳам энг аввало бир-бирларига бўлган меҳр-муҳаббат оилани мустаҳкам бўлишини таъминлайди, дейишади.   Демак, биз оиламизда доимий аҳиллик бўлишини истасак, меҳр-муҳаббат зарур эканлигини унутмаслигимиз лозим экан. Энг муҳими, эркакларимиз ўз рафиқаларини авайлаб-асрашлари, соғликлари ҳақида доимо жон куйдиришлари талаб этилади. Ахир биз ўз рафиқамизга фақат ёр деб эмас, балки фарзандларимизнинг онаси, авлодимизни, миллатимизнинг давомийлигини таъминловчи инсон сифатида ҳам қарашимиз керак. Буни асло унутмайлик, қадрли эркаклар!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: