ТАҚДИР ҲАЗИЛИ Қисса
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
Норпўлат ўғлига бошидан кечганларини бирма-бир сўзлаб беришга қарор қилди. Чунки, бундан бошқа чораси ҳам қолмаган эди. Шундай қилса, қалбида кўпдан буён тугун бўлиб юрган ўкинчларининг чигили ечилиб, ичида тутақиб келган дарддан холос бўлади. У ўз ўтмишини, гўё қадрдон дўстига ҳикоя қилиб бераётгандек ҳис қиларди, ўзини.
Ҳа-а!!! Хурсандчилик, шодлик, аламли кечинмалар, қайғули кунлар ҳамма-ҳаммаси бу дунёда меҳмон. Сен ва мен бу ёруғ оламнинг гоҳида меҳмони, гоҳида мезбонига айланиб, барча ва барчаси ўтмишдаги ривоятлар каби киши илғамас ҳаёт китобининг бир ҳошиясида жимжимадор ҳарфлар ҳукми билан чизгиларда қолар экан.
Бир минг тўққиз юз етмиш саккизинчи йили ҳаётимда бир умрга хотирага арзигулик кунлар пешонамга битилди. Мен алифни калтак дея олмаган саводсиз, лекин, бутун вужуди, ботиний туйғулари иймон ва чин маънодаги инсонийлик кечинмаларини эътиқодига айланган оилада дунёга келдим. Ота ва онам гарчан қоғоздаги битикларни ўқий олмасаларда, китоб дўконларидан турли достонлар, ривоят ва ҳикоялар битилган китобларни сотиб олиб келиб, мўъжазгина уй кутубхонасини ташкил этишган эди.
Энди биринчи синфдалигимда алифбени тушуриб, ўқиш китобини қўлимга олиб, ундаги битикларни ҳижжалаб бўлса-да, ҳарфларни бир-бирига улаб-чатиб ундан, маънолар кашф этиб, уларнинг келажакдаги бугунги орзуларига ишонч уйғотардим. Кечки нонушталар ниҳоялаб, сандал устига еттинчи чироқ қўйилгач, отам тоҳча кутубхонамиздан достонларнинг бирини авайлаб олиб:
- Мана буларнинг барчаси сеники. Билиб кўйганинг яхши. Бизнинг ота-боболаримиз оғир кунларни бошларидан кечиришган. Уларга ва бизга ҳаёт ўз зулмини намоён қилиб қўлимизни кишанлаб, савод чиқаришга йўл бермаган. Битта-иккита савобли кимсалар: "Ҳамма саводини чиқарса, келажакда ҳақ- ҳуқуқнинг талабгорлари кўпайиб кетади", - деб бизни нуқул қора меҳнат, қора кунлардан ёруғликка бирор кимса қўлимиздан етакламаган. Лекин, фалакнинг кажрафтори билан давр-давронларнинг ўзгариши ҳаётингда жуда кўп нарсаларни ўзгартириб юборар экан. Хат-саводимиз чиқмагани билан бир умрга ҳаромдан қўлимизни тортиб, ҳақ йўлида жонни фидо қилдик. Тангрини ботинимизга жойлаб, иймон йўриғи билан умргузаронлик қилаяпмиз. Энди бундай ёруғ кунларни ўз кўзларимиз билан кўриб, шукроналикдан бошимиз осмонга етгудек. Бу янгиликлар сизларга, муборак бўлсин. Қани энди мана бу достондан бир шингилгина сўзлаб бер-чи? - дея илтифот кўрсатдилар.
Мен китоб муқовасидаги ёзувга кўз югуртирдим. Овозимни секингина ёйиб, "Гўрўғли", достон китобнинг учинчи саҳифасини очдим, ҳижжалаб отамга ўқиб бердим.
- Раҳмат, ўғлим! Меҳнатингни самараси эртага албатта яхши бўлади. Шу ўқишинг-ла тангри насиб этса иккинчи синфда асло кийналмай, ҳарфларни равон ва тўхталмай ўқий оласан. Менинг ишончим чексиз. Сен албатта менинг орзуйимдаги инсон бўлиб шаклланасан. Достонларни битта қолдирмай ўқиш керак. Достон, ривоятчи одам энг яхши одамдир. Чунки, ҳаётнинг бошланиши аслидаям афсонадан бошланган-да, ўғлим. Бугунимиз бир замонларни ортда қолдириб яна бир афсонани кашф қилади.
Мен биринчи синфда яхши савод олдим. Иккинчи синфлигимда отам айтганларидек, қўлимдаги ҳар бир китобни тўхталмасдан ўқийдиган бўлдим. Отам яна бир муҳим нарсага алоҳида эътибор билан муносабатда бўлишимни таъкидладилар. "Аввал ўз она тилингни софлигини улуғла, қадрига ет. Аждодлар ўтмишини азиз деб бил. Олис ўтмиш тарихини қанчалар мукаммал билсанг, келажак авлодларингни пойдевори шу қадар мустаҳкам бўладики, уни ҳеч бир ёвуз куч ва қудрат енгишга хадлолмайди. "Зеро, оталар сўзи турмушни кўз қулоғи, ҳаётнинг қимматли ва бетакрор ҳикмати". Отамнинг шу ҳикматлари боисми, мен барча умумтаълим фанларини қунт билан ўқиб, ўрганиш маҳсули орқали барча фанлардан чуқур илм олдим.
Мен олий таълим олиш билан бирга ўз бахтимни топгандай эдим. Биз бир гуруҳ олийгоҳ талабалари дарсдан бўш вақтларимизда кутубхонани бўшатмас эдик. Онанг билан иккинчи курсдалигимизда дўстлашганмиз. Кутибхонадан кеч қайтган кезларимиз уни уйигача кузатиб қўйиш менинг бурчим бўлган. Бу дўстлигимиз бора-бора ошиқлик ниҳоли бўлиб бўй кўрсатди. Энди биздек бир-бирига меҳрибон дилкаш йўқ эди бу оламда.
Ёзги таътил давомида амалиётга чиқиб тоғ -қишлоқлари ҳаёти, тоғ манзаралари, топоним номлар, тарихий-археологик изланишлар олиб боргани гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалиб кетардик. Бизнинг гуруҳимизга Зарафшон тоғ ҳудудларида дунё тамаддуни бешигини тебратган, бугунги кунда очиқ осмон остидаги музей номини олган "Сармишсой" эртакларини ўрганиш, шу мавзуда диплом иши олгандик. Биласан-ми, Сармишсой эртакларини? Бир ярим километр тоғ қояларида қадимги суғдликларнинг олис тарихи жойлашган. Бу тоғ-тошқоя китобида аждодларимизнинг илк рассомчилик намуналари, тоғ ҳайвонлари, ов манзаралари, овчилар маҳорати, рақсга тушган раққосанинг хурсандчиликлари ўша даврнинг машҳур санъат асарлари ҳисобланади. Бундан тўрт ярим, беш минг йил, балки унданда олис йиллар илгари кадимги аждодларимизнинг биз авлодларга қолдириб кетган буюк кашфиётларидан нишона.
Қадимги аждодларимизнинг бу каби буюк ўчмас ёдгорликлари бугун дунё олимлари фалсафасини ҳайратда қолдиради. Кишининг эътиборини тортадиган жиҳатлари шундаки, дунёдаги барча қоятошларга чизилган расм-лар орасида бизнинг "Сармишсой" халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг "Очиқ осмон остидаги музей" дея аталмиш эътирофли китобига киргизилган.
Тоғ шароитининг ўзига хос иқлим шароити бор. Табиатнинг бор инжиқликлари ана шу манзил маконда. Тез-тез учратасан. Тоғ чўққиси ва қояларида турли тусга кирган булутлар ажаб ўйинлар кўрсатиб, ақлни шоширадиган қилиқлар кўрсатади.
Биз олти нафар диплом ҳимоячилари олис тоғ сафарига чиққан альпинистлардек, аниқ мақсад сари йўлга тушдик. Ёз ёпинчиқларию, енгил кўрпа-тўшакларимиз орқамизда... Шу топ бизни кузатиб турганлар бўлса ҳар нарса дейишган бўлишса, ажаб эмас... Тоғ одамлари бироз тўпори келади...
Санамлар тепалиги эътиборимизни янада кўпроқ ўзига жалб қилди. Бу ердаги дид билан ишлов берилган ғорлар, турли ҳайвонларнинг материяга боғланган жонсиз сиймолари, қадимги аждодларимизнинг санъат асарларига бўлган қизиқишлари нақадар, гўё жонлидек акс эттирилгани ҳайратлантирарди. Бу тарихий ўтмиш кечинмалари ҳали бери фанда номаълум, олимларимизнинг оламнинг ўрганилмаган хазиналари жуда кўплигини мушоҳада қилардим. Тоғларда одамни ҳайратга қўядиган бу каби бетакрор, қадимги аждодларимиз хазиналари яна қанча замонлар оша тадқиқ этишга муҳтожлигини ўйлайман. Бу хазиналарни диққат билан кузатар эканман Хуросоннинг Таборон қишлоғида дунёга келган шарқнинг улуғларидан бири, мавлоно Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сидаги:
"Ҳамал буржга кириб қолганда офтоб,
Жаҳон ёришиб кетди, нурланарди об.
Осмон шодлигидан кулиб боқарди.
Ёр юзи ёшариб, чечак тақарди.
Каюмарсга жаҳон шоҳлиги буюрди,
Илк бора манзилин тоғ ичра қурди.
Тахту бахтин топиб тоғдан фаровон,
Йўлбарс терисидан қиларди чапон.
У бошлаб инсонни қилди парвариш,
Янгиланди кийим киймак ва емиш...
Турли жондор бор оламда, бари.
Ором истаб келар Каюмарс сари.
Одамлар очилиб ўпар тахтини.
Барчаси шу тахтдан топар бахтини".
Баҳром отасининг бу қадар ҳаёт фалсафасига йўғрилганини, унинг суҳбатини, тинглаб, бир олам ичига кириб қолгандек ҳис қилар- ди, ўзини. У шу навқирон ёшга тўлиб бу китобни қўлига бирор маротаба ушлаб кўрмаган эди. Қизиқиб, отасидан:
- Англадимки, бу китобда илк цивилизация сирлари яширилган экан-да!.. - деб сўраб қолди.
- "Шоҳнома"ни Амир Темур Соҳибқирон жуда кўп марталаб ўқиган эканлар. Эрон заминига юриш қилганларида юз ёшли эрон под-шосига: "- Фирдавсий буюк, беназир шоир. У кишига бўлган ҳурматим чексиз. "Шоҳнома"ни такрор ва такрор мутолаа қилганман. Турган битгани насиҳатнома, шоҳлар қисматининг йиғиндиси. Халқ, ватан бошига соябон бўлган ҳукмдор бу шоҳ асарни қайта ва қайта ўқиб, ундан мисқоллаб адолат дур-гавҳарини териб, ундан баҳраманд бўлсалар, фуқаролар асло завол топмагай", - деб мақтовлар айтган экан. Мен олис ўтмиш аждодларимиз тарихига кўп бора мурожаат қилганман. Гарчанд, ихтисосим шарқшунос бўлса-да, тарихга боғланиб қолганман.
Норпўлат энди масаланинг асли моҳиятига кўча бошлади.
Тоғда ҳавонинг авзойи тез-тез бузилиб туради. Тоғ табиати дўл-жала ва ёмғирнинг хазилларига кўникиб қолган. Ҳали қарайсан, чоп-қир булутлар бир-бирларини қувлашиб, шўхликларини бошлайди. Лекин биз шаҳар кўрган шоввозлар табиатнинг бу каби нозик қилиқларидан бехабармиз. Шаҳар либослари билан мастона юрардик...
Тоғ этагидан шамол эсарди. Шамол борган сайин куч олиб, қаёқдандир кулранг булутларни қувлаб келди. Қачонлардир пахта хирмонини эслатувчи оппоқ момиқдек булутлар қучоқ очиб бир-бирларига аралашиб олдилар. Энди ҳавонинг авзойи бузилгани маълум бўлди. Ёмғир йирик-йирик томчилаб тўка бошлади. Бир зумда осмонни қалин булут қоплаб олди. Томчилаётган ёмғир энди тезлаша бошлади. Тоғ қора булут ичида қолиб кетди. Ҳаял ўтмай, яшин чарақлаб атрофни ёритиб юборди. Орқасидан момақалдироқ ваҳшат солиб гумбурлаб, оламни ларзага солди. Ёғаётган ёмғир доналари ўрик довуччасидек тус олиб шатир-шутур замин юзига шапалоқ тушуриб, сўнг челаклаб шаррос тўкила бошлади. Шу кетишда орқасидан жала тўкилди. Пуфакчалар ёмғирли кўлмакда бир йўқолиб, иккинчиси ва унданда ортиқроғи саф олиб ўйинлар кўрсатарди. Табиатнинг томошасига роса маҳлиё бўлдик. Аммо кўнгил ёзар томошанинг охирини ўйламаган эканмиз. Бўри галасига тутқун бермаган ювош қўзилардек ҳамма томонга тарқаб кетганимиз роса панд берди. Ёмғир бўронида бир-биримизни тополмай, нималар содир бўлаётганидан хабарсизмиз. Қичқиришларимиз, бир-бирларимизнинг исмимизни сўроқлаб бақир-чақириқларимиз қани наф бера олса эди... Жала эса баттар шовиллаб тўкиларди. Шу тўкилишда у ўн балки, ўн беш дақиқалар бўлди. Шўхликлари баттар авж оларди.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00